Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Kun.uz’да эълон қилинган мазкур мақолага мақолага муносабат билдирди.
Унда Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарорида Махсус комиссияга зарур ҳолларда қўшимча кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилиш ваколати берилганлиги, шунингдек, унинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари, идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий этиб белгиланганлиги яна бир бор эслатилади.
Мақолага билдирилган муносабатда машиналар жарима майдонларидан нега қўйиб юборилмаётгани ҳақидаги саволга Махсус комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги йиғилиш қарорида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда ижро этилганидан ёхуд ижроси тугатилгандан сўнг автотранспорт воситаси жарима майдончасидан олиб чиқиб кетилиши белгилаб қўйилганлиги билан изоҳ берилган.
Тушунишимизча, бу изоҳдан “маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда ижро этилганидан ёхуд ижроси тугатилгандан сўнг” жумласи “маъмурий жарима тўлаб қўйилганидан сўнг” деган маъно келиб чиқмоқда. Бундан чиқди, маъмурий жарима тўлансагина, автотранспорт воситаси жарима майдончасидан олиб чиқиб кетилиши мумкин.
Энг ажабланарлиси, Махсус комиссия қарорида бундай қоида борлигини энди кўриб турибмиз. Чунки, аввал бирорта манбада бу ҳақида маълумот берилмаган эди. ОАВ орқали берилган маълумотларда карантин қоидалари бузилгани учун транспорт воситалари карантин даврида жарима майдонларида ушлаб турилиши таъкидланганди холос.
Ваҳоланки, МЖтКнинг 291-моддасида ҳуқуқбузарлик содир этилганда, транспорт воситаси ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунга ва маъмурий иш кўриб чиқилгунга қадар ушлаб турилиши мумкинлиги қайд этилган. “Маъмурий иш кўриб чиқилиши” билан “қарор ижро этилиши” орасида катта фарқ бор, албатта.
“Ҳар қандай ҳуқуқбузарликка аниқлангандан сўнг дарҳол барҳам берилиши ҳамда ҳуқуқбузарлик давом эттирилиши тўлиқ тўхтатилиши лозим. Хусусан, карантин шароитида махсус рухсатнома (стикер)сиз автотранспорт воситасини бошқаришда ҳам ушбу қоида татбиқ этилади ва унинг кейинги ҳаракатига чек қўйилади, бу билан карантин қоидаларига риоя этилиши таъминланади”, — дейилади расмий муносабатда.
Бундан шундай хулоса келиб чиқмоқдаки, агар ҳуқуқбузар жарима тўлаб автомобилини олиб чиқса, демак у ҳуқуқбузарликни давом эттирмайди. Агар жарима тўламай автомобилини олиб чиқса, демак у ҳуқуқбузарликни давом эттиради, шунинг учун у токи жаримани тўламас экан, автомобили жарима майдонидан чиқариб берилмайди.
Ҳар ҳолда, Махсус комиссиянинг 4 апрелдаги қарорининг янги эълон қилинган қоидасидан шу хулоса келиб чиқяпти. Ғалати мантиқ, шундай эмасми?
Бу худдики, рухсатномага пул тўлаб автомобиль ойнасини тонировка қилдирса, у жиноят содир этмайди, агар рухсатномасиз тонировкада юрса, у жиноят содир этиши мумкин, деган мантиқсизликни эслатиб юборяпти.
Мақолада карантин қоидалари бузилганлиги учун транспорт воситасининг жарима майдонида ушлаб турилиши қонуний ёки қонуний эмаслигини таҳлил қилишдан ташқари, бу амалиёт натижасида кўплаб фуқароларнинг моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолганликларига ҳам тўхталиб, амалдаги қонунларга зид бўлган бу амалиётга чек қўйилиши кераклигини эслатган эдик. Аммо, Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармасига бу жиҳатлар унчалик қизиқ эмас шекилли, бу масалага тўхталиб ўтиришмаган.
Юқорида номи зикр этилган мақола Kun.uz’да эълон қилингач, айрим мурожаатчилар таҳририятга қайта боғланиб, жарима тўлашмаса ҳам транспорт воситаларини жарима майдонидан олиб чиқишларига рухсат беришганини хабар қилишди.
Жумладан, карантин қоидаларини бузганликда айбланган ургутлик фермер О.Пўлатов маъмурий жаримани тўламаган бўлса-да, унинг машинаси жарима майдонидан қўйиб юборилган. Таассуфки, ушбу фуқародан машинаси ушлаб турилган давр учун жарима майдончасига 330 минг сўм миқдорда тўлов ундирилган. Яна бир ҳолатда олмалиқлик А.Ризақулов транспорт воситасини 25 апрель кунидан бери ушлаб турилгани учун жарима майдонига 800 минг сўм тўлаган ва бу ҳолатда ҳам маъмурий жарима тўланиши “кейинга қолдирилган”.
Транспорт воситасини жарима тўламасдан ҳам чиқариб юбориш ҳолатлари мавжудлиги инобатга олинса, мазкур ҳолат кеч бўлса-да, қонунни тўғри тушунган ва қўллаган мансабдор шахслар ҳам йўқ эмас эканлигини англатади.
Мана шу икки ҳолатнинг ўзи ЙҲХББнинг маносабатида таъкидланган асосларни йўққа чиқармоқда.
Афсуски, таҳририятга йўлланаётган айрим мурожаатлар жарима тўланмаганлиги учун автомашиналарини ололмай юрган фуқаролар ҳамон мавжудлигини кўрсатмоқда. Ушбу ҳолат бўйича расмийлардан биринчи ўринда қонунларни ҳурмат қилишларини, амалиётга тўғри татбиқ этишларини ва ўзлари истагандек талқин қилмасликларини сўраб қоламиз.
Аббос Салайдинов
Манба: Kun.uz