Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
ОТБ 2022−2024 йилларда Ўзбекистонда умумий қиймати 2,8 млрд долларга тенг 27 та лойиҳани амалга ошириши кўзда тутилмоқда.
Жорий йилда ОТБ Ўзбекистонга қайта тикланадиган энергия манбалари, жумладан, қуёш ва шамол энергияси, сув ресурслари, шаҳарсозлик ва йўлларга инвестициялар соҳаларида ёрдам кўрсатиш, ипотека бозорини ривожлантиришни давом эттиришни режалаштирмоқда.
Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) 2022−2024 йилларга мўлжалланган, мамлакатлар билан операцияларнинг бизнес-режаси доирасида Ўзбекистонда умумий қиймати 2,8 млрд долларга тенг 27 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ва ОТБ раҳбари Масацугу Асакава ўртасида кечган музокаралар натижасига таяниб вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Хусусан, 2022 йилда умумий қиймати 524 млн долларлик 3 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Қайд этилишича, томонлар маъқулланган ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш, шунингдек, кўриб чиқиш жараёнида бўлган лойиҳалар юзасидан қарор қабул қилиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олдилар.
Банк матбуот хизматига кўра, жорий йилда ОТБ Ўзбекистонга қайта тикланадиган энергия манбалари, жумладан, қуёш ва шамол энергияси, сув ресурслари, шаҳарсозлик ва йўлларга инвестициялар, давлат корхоналарини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида кредитлаш соҳаларида ёрдам кўрсатиш, ипотека бозорини ривожлантиришни, шунингдек, кредит кафолатлари ва лойиҳаларни молиялаштириш ишларини давом эттиришни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, банк Ўзбекистоннинг хусусий секторидаги ўз фаолияти доирасини кенгайтиришни давом эттиришни мўлжаллаган.
Ҳозирги кунда ОТБ билан биргаликда мамлакатда инфратузилмавий ривожланиш, энергетика, уй-жой коммунал хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 5 млрд долларлик 29 та лойиҳа амалга оширилаётганлиги маълум қилинган.
Қайд этилишича, бугунга келиб мамлакатда банк иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар портфелининг қиймати 10 млрд доллардан ортиқ бўлиб, бошқа барча ривожланиш бўйича ҳамкорлар орасида энг йириги ҳисобланади. ОТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш, инклюзив ўсишни рағбатлантириш орқали тенгсизликни қисқартириш каби соҳаларга устуворлик берилган.
Музокара доирасида ОТБ билан биргаликда ДХШ асосида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда энергетика соҳасидаги лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда эришилган ютуқларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ҳозирда Ўзбекистонда қуёш энергиясини ривожлантириш бўйича ОТБнинг умумий қуввати 1 ГВт тенг бўлган алоҳида Дастури амалга оширилмоқда.
«Томонлар ушбу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлигини қайд этиб, сув таъминоти, электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, соғлиқни сақлаш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларида ДХШ воситаларини жорий этишни кенгайтириш имкониятларини ўрганишга тайёр эканликларини билдирдилар», — дейилади хабарда.
Шунингдек, музокаралар давомида ОТБ билан Ўзбекистонда хусусий сектор ва тижорат банклари лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, йўл инфратузилмасини кенгайтириш лойиҳаларини амалга ошириш, технология, муҳандислик ва математика соҳаларидаги ўқув дастурларини такомиллаштириш орқали ўрта ва касб-ҳунар таълимини ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини модернизация қилиш, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинганлиги айтилмоқда.