Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон Республикаси учун халқаро суверен кредит рейтинг олиш ва суверен облигациялар чиқарилишидан кўзланган мақсад, хусусий сектор инвесторларини жалб қилиш орқали молиявий манбалар турфа-хиллигини таъминлашдан иборатдир, деб фикрлайди Ўзбекистон Республикаси Молия вазири маслаҳатчиси Одилбек Исоқов.
Жамшид Қўчқоровнинг маслаҳатчиси этиб тайинланган, муқаддам HSBC инвестиция банкида ривожланаётган мамлакатлар учун жаҳон молия бозорларида қимматли қоғозлар чиқаришни ташкил этиш бошқармаси директори лавозимида ишлаган ўзбекистонлик мутахассисга кўра, суверен облигацияларнинг иккиламчи бозордаги котировкалари мамлакат ширкатлари ҳамда банклари томонидан ўз лойиҳаларини мустақил равишда молиялаштириш ҳамда тўғридан-тўғри чет эл инвесторларининг молиявий таҳлиллари учун benchmark, яъни мезон бўлиб хизмат қилади.
«Қолаверса, кредит рейтинг ҳисоботлари ва суверен облигация чиқариш учун эмиссия проспекти халқаро инвесторларни Ўзбекистон ҳақида кенг кўламда ва чуқур таҳлил этилган иқтисодий-молиявий кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотлар билан таъминлайди. Бу шаффофлик ва таҳлилий маълумотлар экспорт кредит агентлиги томонидан Ўзбекистон хатарини баҳолашда аҳамиятли ҳисобланган IHRT рейтингимизни яхшилайди.
Яқинда интернет саҳифаларида чоп этилган мақолада Сингапурда жойлашган Taurus Family Office таҳлилчиси Райнер Майкл Прайснинг суверен облигациялар чиқарилиши Ўзбекистонни ривожланаётган бозорлар инқирозига тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида иддаолари келтирилган. Бундан ташқари, мазкур мақола ривожланаётган давлатлардаги инқирозни ҳар бир мамлакатнинг ўз иқтисодий қудрати ва заифлигини инобатга олмай, халқаро бозордаги ликвидлик тақчиллигига боғлаб ва бунинг сабабини АҚШдаги фоиз ставкалари ва АҚШ доллари қийматининг ошиши ҳамда халқаро инфляцион кутилмалар билангина асосламоқда», дейди у.
Исақовни айтишича, ривожланаётган мамлакатлар ўзаро бир-биридан тубдан фарқ қилишини англаш лозим. Ушбу атама жуда кенг маънода бўлиб, ўта кучли ривожланаётган мамлакатлардан иқтисодиёти энг заиф бўлган 150дан зиёд мамлакатларни қамраб олади.
«АҚШ фоиз ставкаларининг ўсиши иқтисодий заиф мамлакатлар жорий ҳисобининг катта миқдорда дефицит бўлишига ва ЯИМга нисбатан ташқи қарз тўловларининг ошишига, айрим ҳолларда геосиёсий хатарлар эса, вазиятни бунданда оғирлашишига олиб келди.
Мисол учун, 2018 йил 1 мартдан бери АҚШ долларига нисбатан Турк лираси 32 фоизга (Туркия ва АҚШ ўртасидаги зиддиятли муносабатлар ҳамда Туркия марказий банки мустақиллигинг йўқолиб бориш хатарлари сабаб), ЖАР ренди 20 фоизга арзонлаган ҳолда, бошқа ривожланаётган давлат вакили Польша злотийси қиймати эса 11 фоизга қадрсизланди холос.
Мана шу даврда, Ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан қийматини солиштирсак, миллий валютамиз аввал ўсиб, кейин эса деярли эски ҳолатига қайтган (2018 йил 1 март куни 1 АҚШ доллари 8190 сўм бўлса, 2 ноябрь куни эса 8237 сўмни ташкил этади, яъни 0.5 фоиз қадрсизланган, холос). Агар «қаттиқ» валюталарга эътибор берсак, 2018 йил 1 март ҳолатига АҚШ долларига нисбатан Евро 9 фоизга, Япон иенаси эса 7 фоизга қадрсизланганини кўриш мумкин. АҚШ доллари қадрининг ортиши умумий тренд эканлиги ва бу эса ривожланаётган давлатларнинггина заиф тарафи эмаслигини кўрсатиб бермоқда», дейди у.
Бундан ташқари мутахассис ички бозордаги хорижликларга тегишли молиявий активлар мазкур мамлакатнинг дунё молиявий бозорларидаги тебранишларга таъсирчанлигини баҳолашда жуда муҳим, деб ҳисоблайди.
«Мисол учун, Жаҳон банки маълумотларига кўра, хорижий инвесторлар Туркиянинг ички бозоридаги қимматли қоғозларнинг 64 фоизига эгалик қилади. Турк лираси қадрсизланаётган ва сиёсий хатарлар ортаётган бир пайтда, хорижий инвесторлар томонидан маблағларнинг Туркиядан қайтариб олиниши Турк лирасининг янада қадрсизланишига олиб келди. Ундан ташқари, Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, Туркия ташқи қарз тўловларининг экспортга нисбати 2018-2021 йилларда ЯИМнинг 90-94 фоиз бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг молия бозорлари жаҳон молия бозорларига интеграция бўлмаганлигини инобатга олиш лозим. Ички молия бозорларида хорижий инвесторлар улуши ўта паст даражада бўлиб, бунинг сабаблари ички молия бозорлари ривожланмагани ва капитал назоратининг мавжудлигидир. Келажакда ички молия бозорларининг ривожланиши ва капитал назоратининг эркинлаштирилиши хорижий портфель инвесторларининг оқимига олиб келади. Ички молия бозорида хорижий инвесторлар улушининг 40 фоизгача ортиши ижобий жараён сифатида таснифланиши керак.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси ташқи қарз миқдорининг пастлиги, олтин-валюта захираларимизнинг юқори даражада эканлиги ҳамда жорий ҳисоб ҳолатининг барқарор эканлиги аҳамиятлидир.
Ташқи қарзларнинг 86 фоизи узоқ, яъни 10 йилдан ортиқ муддатли эканлиги яқин 10 йил ичида ташқи қарз тўловлари бўйича босимнинг мавжуд эмаслигини англатади;
Ташқи қарз тўловларининг экспортга нисбати 2018-2021 йилларда ЯИМнинг 12-16 фоиз бўлиши кутилмоқда;
2018 йил 1 октябр ҳолатига кўра, олтин-валюта захираларимиз 26,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, умумий ташқи қарздан 1,7 баробар кўп бўлиб, 20 ойлик импорт харажатларини қоплай олади.
Хулоса қилиб айтганда, АҚШдаги фоиз ставкаларининг ўсиши купон ставкаларга таъсир этса-да, халқаро молия бозорларда жойлаштириши кутилаётган суверен облигациялари Ўзбекистон Республикасини ривожланаётган бозорлар инқирозига тушиб қолишига олиб келмайди», деб фикрини баён этади вазир маслаҳатчиси.
Manbaa:
kun.uz