Мамлакатимизни ҳар тарафлама тараққий эттиришга оид миллий дастурлар ишлаб чиқилиши ва ижтимоий ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилиши натижасида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг деярли барчасида сезиларли даражадаги ўзгаришлар кузатила бошлади. Айни пайтда Президентимизнинг ривожланишнинг устувор йўналиши – Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар аниқ муддатларда, босқичма-босқич ижро этилаётгани иқтисодиётнинг барча соҳаларида юқори ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Албатта, бу каби янгиланиш, ўзгариш ва залворли муваффақиятлар Дўстлик туманининг танти ва мард, меҳнатсевар ва янгиликка мойил аҳолиси кайфиятига, кундалик турмуш тарзига таъсир этиб, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.
Дарҳақиқат, туманнинг ижтимоий ҳаётида кечаётган ижобий жараёнлар, бунёдкорлик ишлари ҳеч кимни бефарқ қолдираётгани йўқ. Айниқса, бу ерда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши учун яратилаётган қулай имтиёзлар, фаол инвестиция сиёсати ҳар бир тармоқда барқарор иқтисодий ўсишни таъминламоқда. Жумладан, 2016 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга оид амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратсак, юқоридаги фикрларимиз ўз тасдиғини топади. Яъни ушбу саъй-ҳаракатлар, соҳага қаратилаётган эътибор боис саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 154 млрд. сўмга етди. Бу кўрсаткични ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 110,6 фоизлик натижага эришилгани маълум бўлади. Муҳими бу каби ўзгаришлар барча тармоқларда кузатилди: аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми 63,7 млрд. сўм (98,6 %), пудрат ишлари 20,8 млрд. сўм (100,4 %)га бажарилди. Инвестицияларсиз тараққиётга эришиб бўлмаслигини чуқур англаган субъектлар иқтисодиётга қарийб 29,7 млрд. сўмлик капитал маблағлари жалб этишга эришиб, режани ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 82,4 фоизга бажарди. Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, илғор техникаларни қўллаш натижасида қишлоқ хўжалиги соҳасида 98,6 млрд. сўм (105,4 %)лик маҳсулот етиштирилиб, эл дастурхонига тортиқ этилди. Шунингдек, чакана савдо айланмаси 77,9 млрд. сўм (110,9 %), аҳолига турли хизматлар кўрсатиш ҳажми 67,4 млрд. сўм (106,6 %)дан иборат бўлди.
Бу каби ижобий натижаларга эришишда туман аҳолисининг самарали меҳнати, қолаверса, Президентимизнинг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид ҳаётбахш қарори ҳамда мақсадли давлат дастурлари ижроси таъминланаётгани муҳим омил бўлмоқда.
Иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, ишлаб чиқаришни янгича тартибда ташкил этиш, корхоналарни замонавий жиҳозлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар туманнинг экспорт имкониятларини ҳам сезиларли даражада оширди. Ҳозирда чет эл бозорларига дадил кириб, ўз ўрнини мустаҳкам эгаллаётган тайёр маҳсулотларимиз турлари йил сайин кўпайиб бормоқда. Бу жиҳат кичик бизнес вакилларининг ўзига бўлган ишончларини янада ошириб, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга мустаҳкам замин яратмоқда. Буни тадбиркорлик ҳаракатлари йил сайин авж олаётганидан ва узлуксиз қўшимча иш ўринлари яратилаётганидан, халқ фаровонлигининг янада ўсиб бораётганидан ҳам билса бўлади.
Корхоналарни модернизациялаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар тадбиркорларимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг сифати жаҳон андозаларига мос бўлишини таъминлаш билан бирга бевосита ишлаб чиқариш қувватларини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Бунинг натижасида корхоналар маҳаллий ва хорижий сармоялар эвазига замонавий ишлаб чиқариш субъектларига айлантирилиб, экспорт географиясини тобора кенгайтириб боришга эришмоқда.
Шу билан бирга жорий йилда туман иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида диққатга молик кўплаб чора-тадбирларни бажариш мақсад қилиб олинган. Жумладан, МЧЖ шаклидаги «Fresh stile» ХК томонидан лойиҳа қиймати 6,3 млрд. сўм бўлган (банк кредити 1,8 млрд. сўм, чет эл инвестори маблағи 700 минг доллар) йиллик 8,5 млн. дона тайёр тикув маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳисобига қўшимча 250 та янги иш ўрни ташкил этилиб, 1,4 млн. долларлик маҳсулот экспортга чиқарилади.
«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи остида соҳибкор боғбонларимиз томонидан етиштирилаётган сархил мева-сабзавотлар ўнлаб давлатга экспорт қилинаётгани, хорижликлар уларни суйиб истеъмол қилишаётгани ва эътирофга сазовор бўлаётгани сир эмас. Туманда мева-сабзавотларни сақлаш ва қайта ишлаш бўйича самарали механизм қўлланилаётгани ютуқлар гарови бўлмоқда. Масалан, «Нурли дон» МЧЖ ҚК томонидан йиллик қуввати 11300 тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлайдиган замонавий музлаткич бунёд этилиши (Логистика маркази) ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига (лойиҳа қиймати беш млрд. сўм, банк кредити 1,5 млрд. сўм) 36 та иш ўрни ташкил этилди. Натижада 300 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имкони яратилди. «Элга садоқат» МЧЖ (1,1 млрд. сўм, банк кредити 500 млн. сўм) дуккакли дон маҳсулотларини саралаш ва қадоқлашни ташкил этиш лойиҳасини ишга тушириш ҳисобига 21 та янги иш ўрни яратиб, 480 минг доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспортини таъминлайди. Ҳар икки лойиҳа яқин кунларда амалга оширилади. «Мотор таъмир сервис» МЧЖ (лойиҳа қиймати 450 млн. сўм, банк кредити 300 млн. сўм), ўз маблағи 150 млн. сўм ҳисобига ташкил этилади. «Гулсара Абирова» КТХФ (лойиҳа қиймати 1,4 млрд. сўм, банк кредити 380 млн. сўм) замонавий савдо, меҳмонхона ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасидан иборат бўладиган мазкур лойиҳалар йил охиригача ишга туширилади.
Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан умумий қиймати 32,9 млрд. сўм бўлган (20,6 млрд. сўм банк кредити) 121 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланиб, (саноатда 14,9 млрд. сўм ҳисобига 33 та лойиҳа); (қишлоқ хўжалигида 5,2 млрд. сўм ҳисобига 27 та лойиҳа); хизмат кўрсатишда 12,8 млрд. сўм ҳисобига 61 та лойиҳа) ишга туширилиши натижасида 1060 та янги иш ўринлари яратилади. Жорий йилнинг биринчи ярмида умумий қиймати 5,7 млрд. сўмлик 30 та лойиҳа ишга туширилди. Жумладан, саноатда 1,7 млрд. сўмлик тўққизта, қишлоқ хўжалигида 518 млн. сўмлик тўртта ва хизмат кўрсатишда 3,4 млрд. сўмлик 17 та лойиҳа амалга оширилиб, 124 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.
Бозор муносабатлари шароитида миллий иқтисодиётнинг муҳим бўғини ҳисобланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ўта долзарб масалалардан бири. Буни чуқур ҳис этаётган туман мутасаддилари тегишли дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар бўйича тадбиркорларга шарт-шароитлар ҳамда имтиёзлар яратаётганлари ҳар қанча таҳсинга сазовор. Бундан унумли фойдаланиб ўз бизнесини бошлашга астойдил бел боғлаган фуқаролар сони ортиб бораётгани, банкларнинг қўллаб-қувватлаётгани ўз самарасини бермоқда.
Айни пайтда тумандаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини яхшилаш, янги-янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши асосий омиллардан бири – бандлик кўламини оширишга хизмат қилмоқда. Мисол учун, 2017 йилга мўлжалланган «Аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастури»нинг йиллик режаси 1893 та бўлиб, биринчи ярим йиллик давомида 1639 та иш ўрни яратилди. Январь-июнь ойлари давомида 192 нафар фуқаро Бандликка кўмаклашиш маркази йўлланмаси билан ташкилот, фермер хўжаликлари ҳамда корхоналарга ишга жойлаштирилди, 12 нафари касбга қайта ўқитилди, 20 нафари эса жамоатчилик ишларига юборилди ва 13 нафар фуқарога ҳуқуқий ва касбий маслаҳат берилди. Бу борада бўш иш ўринлари ярмаркалари катта аҳамият касб этиб, биргина тиббиёт коллежи, мусиқа ҳамда санъат мактабларида бўлиб ўтган кўргазмали меҳнат ярмаркаларининг ўрни катта бўлди.
Туман маҳаллий бюджети харажатларининг 2017 йилнинг 2-чорак режа кўрсаткичи 17,1 млрд. сўм бўлиб, ҳисобот даврида 16,9 млрд. сўм, режага нисбатан 98,6 фоиз миқдорида маблағ ажратилди. Бунда, туман маҳаллий бюджети параметрларида 2017 йил 2-чоракда кўзда тутилган биринчи даражали харажатлар талаб доирасида ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириб берилиши таъминланди. Шунингдек, туманда халқ таълими, соғлиқни сақлаш ҳамда транспорт, алоқа, ижтимоий муҳофазалаш соҳаларида ҳам эътиборга молик, диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда. Кўзланган мақсадларимиз битта, у ҳам бўлса – туман аҳолисига зарурий шарт-шароитлар яратиш, инсон омилини барча нарсадан устун қўйишдир. Зеро, пухта ва мукаммал ишлаб чиқилган давлат дастурлари босқичма-босқич амалга оширилаётгани туман аҳли ҳаётини фаровонлаштиришга ва уларда шукроналик ҳиссини оширишга, янги мақсадлар сари руҳлантиришга хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар тарафлама ривожланиб бораётган юртимизда умргузаронлик қилаётган аҳолининг энг эзгу орзу ўйлари, мақсаду муддаолари ҳамда эртанги кунга ишончи ўзларининг самарали меҳнат натижаларидан баҳраманд бўлишга қаратилган. Буларнинг таг-замирида бирдан-бир ният – оилавий хотиржамлик, асосийси фарзандлар камолини кўриш ва келажагини хотиржам тасаввур этиш билан боғлиқ, десак муболаға қилмаган бўламиз.