Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Меҳнат бозори миллий иқтисодиётнинг асосий элементларидан бири бўлиб, мамлакат аҳолисининг бандлиги, турмуш шароити, фаровонлик даражасига бевосита таъсир кўрсатади ҳамда уларни белгиловчи омил вазифасини ўтайди.
Миллий иқтисодиётнинг самарали фаолият кўрсатиши ва ривожланиши эса меҳнат бозорининг ҳолатига, таркиби ва тузилишига боғлиқ. Иқтисодчи олимларнинг аксарияти бу бозор жамият тараққиётининг индикатори, иқтисодий ва ижтимоий юксалиш кўрсаткичи, деган хулосага келишмоқда. Дарҳақиқат, у иқтисодиётнинг таркибий қисмларидан биридир. Шу боис жамият ва давлат билан ўзаро уйғунликда жадал равнақ топиб, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий шаклланишидаги ўзгаришларга, унинг маънавий, илмий ва техник жиҳатдан юксалишига ўта ҳозиржавоблик билан тез мослашади.
Меҳнат бозори жамият ривожининг муҳим иқтисодий омили ҳам ҳисобланади. У қанчалик барқарорлашса ҳамда ички ва халқаро таркибий қисмлари нечоғли аниқ бўлса, юқори технологияли касбларга талаб шунчалик ортади, иқтисодиётнинг ва умуман жамиятнинг тараққиёт даражаси шунга монанд тарзда юқори бўлади.
Бугунги шароитда миллий иқтисодиётнинг ривожланиши ҳали ўзлаштирилмаган ресурслар жалб қилинишига боғлиқ бўлиб, улардан жамият манфаатлари йўлида самарали фойдаланишга талаб кучаймоқда. Иқтисодий ўсиш эса эркин ишчи кучи мавжуд вазиятда содир бўлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги 4947-сонли фармони билан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Шу асосда миллий иқтисодиётимизни ва ижтимоий соҳани ҳам жадал тараққий эттириш, меҳнат бозорини янада такомиллаштириш бўйича қатор вазифалар белгиланди.
Ўтказилган ижтимоий ва тадрижий таҳлиллар натижаларига қараганда 2019 йилнинг 8 ойи давомида юртимизда ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил қилган. Инчунин, ишсизликни кескин камайтириш, аҳоли бандлигини ошириш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, бу йил илк бор меҳнат бозорига ҳам субсидия ва грант ажратиш тартиби жорий қилинмоқда. Шунга кўра ҳозирга қадар иш берувчиларга, ишсиз фуқароларга, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламларига ва томорқа эгаларига жами 6,3 миллиард сўм миқдорида субсидиялар берилди. Натижада 6 мингдан зиёд киши иш билан таъминланди. Грант маблағлари ажратилиши эвазига 200 дан ортиқ ишсиз фуқаро касбга ўқитилди.
Булардан ташқари Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонуни қабул қилингандан сўнг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Япония, Корея Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари билан ташқи миграция соҳасида битимлар тузишга киришди. Мамлакатимизда рўйхатдан ўтган 85 та хусусий бандлик агентлиги томонидан 34,3 минг нафар фуқарога шу йўналишда хизматлар кўрсатилиб, 2,8 минг киши Россия, Корея Республикаси, Туркия, Болгария, Польша, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатларга расмий тарзда ишга юборилди.
Жорий йил 7 ноябрда ўтказилган видеоселекторда Президентимиз замонавий усуллар ва ахборот технологияларидан фойдаланиб, яширин фаолият юритиш орқали солиқ тўлашдан қочишларнинг олдини олиш чораларини кўриш зарурлигини алоҳида уқтириб ўтди. Албатта, бу бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жойларда кенг миқёсли ташвиқот-тарғибот ва профилактик тадбирлар ўтказилаётганига, хусусий бизнес вакиллари учун катта имкониятлар яратилаётганига қарамай меҳнат бозорида норасмий бандлик, ишга ёллашда оғзаки келишувга асосланиш, аниқроғи, меҳнатга «конверт» усулида ҳақ тўлаш, ишчи кучидан меҳнат шартномаси тузмай фойдаланиш, ноқонуний фаолият юритаётган ишчи ёки ходим орттирган даромадлар ҳисобидан солиқ тўламаслик каби ҳолатлар учрамоқда. Ана шу сабабли барча соҳаларда хуфиёна иқтисодиёт кўламини кескин қисқартириш бўйича тизимли дастурлар ишлаб чиқилиши белгиланди.
Ҳозир мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар қуйидагилардан иборат:
1. Аҳоли бандлигини таъминлашнинг таркибий тузилмасини такомиллаштириш, ишсиз аҳолини меҳнат бозорида талабнинг янги турларига, рақобатбардош касб-ҳунарларга ўргатиш.
2. Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, асосан таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш масалаларига эътиборни кучайтириш. Бу тадбирнинг амалга оширилиши янги иш ўринлари яратишдан ташқари ички ва ташқи истеъмолга мўлжалланган янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни ҳам назарда тутади.
3. Бандликка кўмаклашувчи марказлар хизматини такомиллаштириш. Бунда аввало, ушбу марказлар тузилишини оптималлаштириш, глобал кризис шароитида устувор вазифаларни белгилаб бериш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни назарда тутиб, аҳолини иш билан таъминлаш учун ажратилаётган маблағларни оқилона тақсимлаш чораларини қўллаш талаб этилади.
Юқорида тилга олинган вазифа ва тадбирлардан, ишсизликни пасайтириш учун хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда барча ишсизларни, норасмий сектордаги мигрантларни ва мардикор бозоридагиларни рўйхатга олиш бўйича рақамли иқтисодиётга ёки электрон тизимга (ID) ўтиш йўлларини қатъий амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.