Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини самарали бошқаришда бизнес-режанинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Корхоналарнинг истиқболдаги молиявий барқарорлигини ва иқтисодий мустақиллигини таъминлашда бизнес-режа самарадорлигини ошириб бориш ва такомиллаштириш усулларидан бири – бу, мавжуд режаларни баҳолаш ва кенг кўламда ўрганиш ҳисобланади. Шу билан бирга, корхоналарда молиявий менежментни ташкил этиш босқичлари сифатида молиявий режалаштириш, оператив бошқариш, молиявий назорат эътироф этилишидан келиб чиққан ҳолда, аввало, молиявий режалаштиришни самарали ташкил этиш ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Мамлакатимизда режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтилиши муносабати билан айрим иқтисодчилар томонидан иқтисодиётда режалаштиришнинг, шу жумладан, молиявий режалаштиришнинг аҳамияти бутунлай инкор этилмоқда. Бу жиҳатлар бозор иқтисодиётининг режали иқтисодиётдан туб фарқ қилиши, турли муносабатлар режалаштирилмасдан, балки аксинча, стихияли равишда вужудга келиши ва ҳ.к.лар билан изоҳлашга ҳаракат қилинмоқда. Бозор иқтисодиётининг, энг аввало, талаб ва таклифга асосланиши тегишли иқтисодий жараёнларнинг режалаштиришдан мутлақо воз кечилишини англатмайди. Аксинча, бозор иқтисодиётида ҳам режалаштириш, шу жумладан, молиявий режалаштириш янгича маъно-мазмун касб этиб, ижтимоий-иқтисодий жараёнлар бошқарув тизимининг энг муҳим босқичи бўлиб қолаверади.
Молиявий режалаштириш жараёнида тараққиётнинг асосий тенденцияларини аниқлаш ва молиявий таҳлил қилиш, жалб қилинган маблағлар ва вақтинча бўш турган маблағларни жойлаштиришга, фирма ичидаги молиявий натижаларни ва инвестицион фаолиятни режалаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Молиявий режалаштиришнинг асосий вазифалари сифатида ишлаб чиқариш, инвестицион ва молиявий фаолиятларни керакли бўлган молиявий ресурслар билан таъминлаш; пул маблағларидан тежаб-тергаб фойдаланиш ҳисобидан корхонанинг фойдасини ошириш бўйича ички резервларни қидириб топиш; капитални самарали жойлаштириш йўлларини аниқлаш, ундан оқилона ва самарали фойдаланишни баҳолаш; контрагентлар билан оптимал молиявий муносабатларни ўрнатиш; корхонанинг молиявий аҳволи, тўлов қобилияти ва кредитга лаёқатлилиги устидан назорат ўрнатиш кабилар белгиланиши мақсадга мувофиқ.
Оператив бошқарув жараёнида эса асосий эътиборни молиявий рискларни самарали бошқаришга қаратиш мақсадга мувофиқ. Бунда рисклардан қочиш мақсадида рисклилик даражаси юқори бўлган молиявий операциялардан ҳамда шартнома мажбуриятларини мунтазам равишда бузиб келаётган ҳамкорлардан воз кечиш, юқори миқдордаги қарз капиталидан фойдаланишдан воз кечиш, паст ликвидли айланма активлардан юқори даражада фойдаланишдан воз кечиш, вақтинча бўш пул маблағларидан қисқа муддатли молиявий инвестицияларда фойдаланишдан воз кечиш кабиларга жиддий ёндашиш лозим. Операциялар бўйича чегаралар белгилаш жараёнида эса, ўз маблағларига нисбатан қарз маблағларидан фойдаланиш бўйича чегара белгилаш, юқори ликвидли активлар минимал чегарасини белгилаш, истеъмол ва тижорат кредитларининг битта харидор бўйича максимал миқдорини, битта банкка жойлаштириш мумкин бўлган максимал депозит миқдорини белгилаш, эмитентларга нисбатан қимматли қоғозлар бўйича максимал молиявий қўйилмалар миқдорини, дебиторлик қарзи бўйича максимал муддатни белгилаш кабиларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Бугунги кунга келиб, солиқлар корхоналар молиявий фаолиятига асосий таъсир этувчи омил ҳисобланганлиги учун бизнес-режа тузишда уларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Солиқларни режалаштириш солиқ даври (календар йили) бошлангунга қадар, бизнес-режа тузиш жараёнида амалга оширилади. Корхона ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш жараёнида солиқларни режалаштириш масалаларини ишлаб чиқиш режасининг асосий таркибига киритиши керак.
Хўжалик юритувчи субъектларда солиқларни режалаштириш жараёнида қуйидагиларга эътибор қаратилади:
Солиқ ҳисобини юритиш. Корхонада солиқ ҳисобини юритиш жараёнида, энг аввало, солиқ ҳисобининг бухгалтерия ҳисоби билан узвий боғлиқлигини таъминлаш ва ўзаро алоқадорлигига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
Ҳисоб сиёсатини юритиш. Солиқларни режалаштиришнинг бу босқичини амалга ошириш жараёнида солиқ тўловчилар солиқ ҳисобини юритиш бўйича юзага келаётган бир қанча муаммоли ҳолатларнинг ечимини топиш учун таклиф қилинаётган бир қанча усуллардан бирини танлашлари мумкин:
● хомашё материалларини баҳолаш методларини танлаш, яъни, захирадаги материаллар таннархи бўйича баҳолаш методи;
● материалларни ўртача қиймат бўйича баҳолаш методи (АВЕCО);
● таннархни бирламчи шаклда келиб тушган маҳсулот бўйича баҳолаш методи (ФИФО);
● таннархни охирги келиб тушган маҳсулот таннархи бўйича баҳолаш методи (ЛИФО);
● амортизация суммасини ҳисоблаш тартиби ва методи;
● шубҳали қарзлар бўйича захирани яратиш ёки яратмаслик ҳақида қарор қабул қилиш ва ҳоказо.
Юқорида қайд этилган таклифлар солиқ даври бошланишидан олдин белгиланиши ва бутун фаолият даври мобайнида ўзгармасдан сақланиши лозим. Амалиёт жараёни шуни кўрсатадики, солиқ даври мобайнида биринчи танланган йўналишдан иккинчи йўналишга ўтиш солиққа тортиш базасини қайта ҳисоблаш заруратини юзага келтиради ва бунда молиявий йўқотишлар даражаси ошади. Шу сабабли, мазкур жиҳат бирор бир йўналишни танлашдан аввал чуқур ўрганилиши шарт. Танланган йўналиш мукаммал даражага етиши учун бир неча солиқ даврлари мобайнида сақланмоғи лозим.
Корхонанинг харажатлари таркибини қайта таҳлил қилиш. Корхонада харажатлар таркибини таҳлил қилишда корхона хўжалик фаолиятини юритиш жараёнида мавжуд иш, хизматлар ҳажмини ҳамда қўшимча харажатларни имкон қадар камайтиришга интилиш, фаолият давомида иккиламчи зарурат касб этадиган харажатлар таркибини қайта кўриб чиқиш ва камайтириш каби ишларни амалга ошириш зарур. Бунга асосий сабаб, айрим ҳолларда солиқ базаси унга қайта қўшиладиган харажатлар эвазига ўсмоқда ва бу, албатта, солиқлар суммасининг ўз-ўзидан ошишига олиб келмоқда. Шундай экан, солиқ тўловчи корхона солиқ қонунчилигини чуқур ўрганган ҳолда ёки солиқ маслаҳатчисини шартнома асосида хизмат кўрсатишга жалб этиш орқали қарорлар қабул қилиши лозим. Бундан ташқари, қонуний харажатлар кўпайиши, яъни солиқлар базасидан чегириладиган харажатларнинг кўпайиши, масалан, фойда солиғи бўйича солиқ суммаси камайишига олиб келиши мумкин. Аммо, бунга эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак, чунки харажатларнинг кўпайиши бюджетга кетадиган солиқ тўловлари ҳажмини камайтирибгина қолмасдан балки, корхонада қоладиган фойда ҳажмини ҳам камайтиради.
Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имкониятларини таҳлил қилиш. Солиқ имтиёзларидан ўз вақтида қонун доирасида фойдалана олиш ўз-ўзидан солиқ тўловларининг сезиларли тарзда қисқаришига олиб келиши мумкин. Бу имкониятдан фойдаланиш учун эса, авваламбор, корхона ўз фаолияти давомида солиқ қонунчилигида тақдим этилаётган имтиёзлардан фойдаланиш шартларини, талабларини бажаришни унутмаслиги лозим. Чунки, мамлакатимиз солиқ қонунчилигидаги кўплаб имтиёзлар аниқ мақсадларга йўналтирилган имтиёзлар бўлиб, бўшаган пул маблағларидан мақсадли фойдаланмаслик солиқ тўловчилар учун жиддий молиявий йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин.
Солиққа тортиш тизимини оптималлаштиришнинг танланган мавзуси барча солиқ йиғувчилар ва солиқ тўловчилар томонидан ҳар томонлама ўрганилган бўлиши шарт. Юқорида таъкидланганидек, бир солиқ турини камайтириш эвазига иккинчи солиқ турининг ҳажми сезиларли даражада кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин ва натижада, бюджетга тўланадиган солиқлар ҳажми оптималлаштиришдан олдинги солиқлар ҳажмига нисбатан камайиш ўрнига аксинча кўпайиб кетиши мумкин, масалан, корхона фойда солиғи бўйича имтиёзга эга бўлди ва солиқ тўламади, натижада ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи суммаси кўпаяди, чунки, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи базасидан фойда солиғи суммаси чегириб ташланади.
Солиқларни режалаштиришда давлат солиқ инспекцияси билан муносабатларни шундай йўлга қўйиш керакки, солиқ қонунчилиги бузилиши натижасида қўлланиладиган пеня ва жарималар бўйича харажатлар минимум даражада бўлсин. Бунинг учун, аввало, солиқ тўловчи қонун ҳужжатларини тўлиқ ўрганган бўлиши, ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билиши, қонунбузарликлар натижасида юзага келадиган жарималар миқдорини ҳар доим ёддан чиқармаслиги лозим. Бу эса, ўз навбатида, солиқ жавобгарлигига тортиладиган қонунбузарликларнинг олдини олиши мумкин.
Солиқ тўловлари бўйича солиқ календарини юритиш. Бунга солиқ календарини тузишда солиқ қонунчилигига асосланиб, ҳар бир солиқ тўловлари бўйича тўлаш муддати яқинлашганда корхонада етарли миқдорда маблағ мавжуд бўлишини таъминлаш нуқтаи назаридан ёндашиш лозим. Бунинг учун корхона солиқ календарини ўзининг умумий тўлов календари таркибига киритган бўлиши шарт ва шундагина у солиқларни ўз вақтида муддатидан кечиктирмасдан тўлаш имкониятига эга бўлади.