(O´zbek) Korxonalarda biznes-rejani samarali tashkil etish yo‘llari

5/2016

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини самарали бошқаришда бизнес-режанинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Корхоналарнинг истиқ­болдаги молиявий барқарорлигини ва иқтисодий мустақиллигини таъминлашда бизнес-режа самарадорлигини ошириб бориш ва такомиллаштириш усулларидан бири – бу, мавжуд режаларни баҳолаш ва кенг кўламда ўрганиш ҳисобланади. Шу билан бирга, корхоналарда молиявий менежментни ташкил этиш бос­қичлари сифатида молиявий режалаштириш, оператив бошқариш, молиявий назорат эътироф этилишидан келиб чиққан ҳолда, аввало, молиявий режалаштиришни самарали ташкил этиш ҳақида тўхталиб ўтамиз.
     Мамлакатимизда режали иқти­содиётдан бозор иқтисодиётига ўтилиши муносабати билан айрим иқти­сод­чилар томонидан иқтисодиётда режалаштиришнинг, шу жумладан, молиявий режалаштиришнинг аҳа­мияти бутунлай инкор этилмоқда. Бу жиҳатлар бозор иқтисодиётининг ре­жали иқтисодиётдан туб фарқ қили­ши, турли муносабатлар режалаштирилмасдан, балки аксинча, стихияли равишда вужудга келиши ва ҳ.к.лар билан изоҳлашга ҳаракат қилинмоқ­да. Бозор иқтисодиётининг, энг аввало, талаб ва таклифга асосланиши тегишли иқтисодий жараёнларнинг режалаштиришдан мутлақо воз кечилишини англатмайди. Аксинча, бо­зор иқтисодиётида ҳам режалаштириш, шу жумладан, молиявий режалаштириш янгича маъно-мазмун касб этиб, ижтимоий-иқтисодий жараёнлар бошқарув тизимининг энг муҳим босқичи бўлиб қолаверади.
     Молиявий режалаштириш жараёнида тараққиётнинг асосий тенденцияларини аниқлаш ва молиявий таҳ­лил қилиш, жалб қилинган маб­лағлар ва вақтинча бўш турган маб­лағларни жойлаштиришга, фирма ичидаги молиявий натижаларни ва инвестицион фаолиятни режалаштиришга ало­ҳи­да эъти­бор қаратиш лозим.
     Молиявий режалаштиришнинг асосий вазифалари сифатида ишлаб чиқариш, инвестицион ва молиявий фаолиятларни керакли бўлган молиявий ресурслар билан таъминлаш; пул маблағларидан тежаб-тергаб фойда­ланиш ҳисобидан корхонанинг фойдасини ошириш бўйича ички резерв­ларни қидириб топиш; капитални са­марали жойлаштириш йўлларини аниқлаш, ундан оқилона ва самарали фойдаланишни баҳолаш; контрагент­лар билан оптимал молиявий муносабатларни ўрнатиш; корхонанинг мо­лиявий аҳволи, тўлов қо­билияти ва кредитга лаёқатлилиги устидан назорат ўрнатиш кабилар белгиланиши мақсадга мувофиқ.
     Оператив бошқарув жараёнида эса асосий эътиборни молиявий риск­ларни самарали бошқаришга қа­ратиш мақсадга мувофиқ. Бунда риск­лардан қочиш мақсадида рисклилик даражаси юқори бўлган молиявий операциялардан ҳамда шартнома мажбуриятларини мунтазам равишда бузиб келаётган ҳамкорлардан воз кечиш, юқори миқдордаги қарз капиталидан фойдаланишдан воз ке­чиш, паст ликвидли айланма активлардан юқори даражада фойдаланишдан воз кечиш, вақтинча бўш пул маблағларидан қисқа муддатли молиявий инвестицияларда фойдаланишдан воз кечиш кабиларга жиддий ёндашиш лозим. Операциялар бўйи­ча чегаралар белгилаш жараёнида эса, ўз маблағларига нисбатан қарз маблағларидан фойдаланиш бўйича чегара белгилаш, юқори ликвидли активлар минимал чегарасини белгилаш, истеъмол ва тижорат кредитларининг битта харидор бўйича максимал миқдорини, битта банкка жойлаштириш мумкин бўлган максимал депозит миқдорини белгилаш, эмитентларга нисбатан қим­матли қоғоз­лар бўйича максимал мо­лиявий қў­йилмалар миқдорини, дебиторлик қар­зи бўйича максимал муддатни бел­гилаш кабиларга алоҳида эътибор қа­ратиш лозим.
     Бугунги кунга келиб, солиқлар кор­хоналар молиявий фаолиятига асосий таъсир этувчи омил ҳисоблан­ган­лиги учун бизнес-режа тузишда уларга ало­ҳида эътибор қаратиш лозим. Солиқ­ларни режалаштириш со­лиқ даври (календар йили) бошлангунга қадар, бизнес-режа тузиш жара­ёнида амалга оширилади. Корхона ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш жа­раёнида солиқларни режалаштириш масалаларини ишлаб чиқиш ре­жасининг асо­сий таркибига ки­ритиши керак.
     Хўжалик юритувчи субъектларда солиқларни режалаштириш жараёнида қуйидагиларга эътибор қара­тилади:
     Солиқ ҳисобини юритиш. Корхонада солиқ ҳисобини юритиш жараёнида, энг аввало, солиқ ҳисобининг бухгалтерия ҳисоби билан узвий боғ­лиқлигини таъминлаш ва ўзаро ало­қадорлигига эътибор қаратиш мақ­садга мувофиқ.
     Ҳисоб сиёсатини юритиш. Солиқ­ларни режалаштиришнинг бу босқи­чини амалга ошириш жараёнида со­лиқ тўловчилар солиқ ҳисобини юритиш бўйича юзага келаётган бир қан­ча муаммоли ҳолатларнинг ечимини топиш учун таклиф қилинаётган бир қанча усуллардан бирини танлашлари мумкин:
     ● хомашё материалларини баҳо­лаш методларини танлаш, яъни, захирадаги материаллар таннархи бўйи­ча баҳолаш методи;
     ● материалларни ўртача қиймат бўйича баҳолаш методи (АВЕCО);
     ● таннархни бирламчи шаклда ке­либ тушган маҳсулот бўйича баҳо­лаш методи (ФИФО);
     ● таннархни охирги келиб тушган маҳсулот таннархи бўйича баҳолаш методи (ЛИФО);
     ● амортизация суммасини ҳисоб­лаш тартиби ва методи;
     ● шубҳали қарзлар бўйича захирани яратиш ёки яратмаслик ҳақида қарор қабул қилиш ва ҳоказо.
     Юқорида қайд этилган таклифлар солиқ даври бошланишидан олдин белгиланиши ва бутун фаолият даври мобайнида ўзгармасдан сақланиши лозим. Амалиёт жараёни шуни кўрсатадики, солиқ даври мобайнида би­ринчи танланган йўналишдан иккинчи йўналишга ўтиш солиққа тортиш базасини қайта ҳисоблаш заруратини юзага келтиради ва бунда мо­лиявий йўқотишлар даражаси оша­ди. Шу сабабли, мазкур жиҳат бирор бир йўналишни танлашдан аввал чу­қур ўрганилиши шарт. Танланган йўналиш мукаммал даражага етиши учун бир неча солиқ даврлари мобайнида сақланмоғи лозим.
     Корхонанинг харажатлари таркибини қайта таҳлил қилиш. Корхонада харажатлар таркибини таҳлил қилиш­да корхона хўжалик фаолиятини юритиш жараёнида мавжуд иш, хизматлар ҳажмини ҳамда қўшимча харажатларни имкон қадар камайтиришга интилиш, фаолият давомида иккиламчи зарурат касб этадиган хара­жатлар таркибини қайта кўриб чи­қиш ва камайтириш каби ишларни амалга ошириш зарур. Бунга асосий сабаб, айрим ҳолларда солиқ базаси унга қайта қўшиладиган харажатлар эвазига ўсмоқда ва бу, албатта, со­лиқлар суммасининг ўз-ўзидан ошишига олиб келмоқда. Шундай экан, солиқ тўлов­чи корхона солиқ қонунчилиги­ни чу­қур ўрганган ҳолда ёки солиқ мас­лаҳатчисини шартнома асосида хизмат кўрсатишга жалб этиш орқали қа­рорлар қабул қилиши лозим. Бундан ташқари, қонуний харажатлар кўпа­йиши, яъни солиқлар базасидан чегириладиган харажатларнинг кўпа­йиши, масалан, фойда солиғи бўйича солиқ суммаси камайишига олиб ке­лиши мумкин. Аммо, бунга эҳтиёткор­лик билан ёндашиш керак, чунки ха­ражатларнинг кўпайиши бюджетга ке­тадиган солиқ тўловлари ҳажми­ни ка­майтирибгина қол­масдан балки, кор­хонада қолади­ган фойда ҳажмини ҳам камайтиради.
     Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имкониятларини таҳлил қилиш. Солиқ имтиёзларидан ўз вақтида қо­нун доирасида фойдалана олиш ўз-ўзидан солиқ тўловларининг сезиларли тарзда қисқаришига олиб келиши мумкин. Бу имкониятдан фойдаланиш учун эса, авваламбор, корхона ўз фаолияти давомида солиқ қонунчилиги­да тақдим этилаётган им­тиёзлардан фойдаланиш шартларини, талаблари­ни бажаришни унутмас­лиги лозим. Чунки, мам­лакатимиз со­лиқ қонунчи­ли­ги­даги кўплаб имтиёзлар аниқ мақ­сад­ларга йўналтирилган имтиёзлар бўлиб, бўшаган пул маб­лағ­ларидан мақ­садли фойдаланмаслик солиқ тў­ловчилар учун жиддий молиявий йў­қотишларга сабаб бўлиши мумкин.
     Солиққа тортиш тизимини оптималлаштиришнинг танланган мавзуси барча солиқ йи­ғувчилар ва солиқ тўловчилар томонидан ҳар томонла­ма ўрганилган бўлиши шарт. Юқорида таъкидланганидек, бир солиқ турини камайтириш эвазига иккинчи солиқ турининг ҳажми сезиларли да­ражада кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин ва натижада, бюджетга тўланадиган солиқлар ҳажми оптималлаштириш­дан олдинги солиқлар ҳаж­мига нисбатан камайиш ўрнига аксинча кўпа­йиб кетиши мумкин, масалан, корхона фойда солиғи бўйича имтиёзга эга бўлди ва солиқ тўламади, натижа­да ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривож­лантириш со­лиғи суммаси кўпаяди, чунки, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи базасидан фойда солиғи суммаси чегириб ташланади.
     Солиқларни режалаштиришда давлат солиқ инспекцияси билан муносабатларни шундай йўлга қўйиш керакки, солиқ қонунчилиги бузилиши натижасида қўлланиладиган ­пеня ва жарималар бўйича харажатлар ми­нимум даражада бўлсин. Бунинг учун, аввало, солиқ тўловчи қонун ҳужжатларини тўлиқ ўрганган бўлиши, ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билиши, қонунбузарликлар натижасида юзага келадиган жарималар миқдорини ҳар доим ёддан чиқар­маслиги лозим. Бу эса, ўз навбатида, солиқ жавобгарлигига тортиладиган қонунбузарликларнинг олдини олиши мумкин.
     Солиқ тўловлари бўйича солиқ ка­лендарини юритиш. Бунга солиқ календарини тузишда солиқ қонун­чи­лигига асосланиб, ҳар бир солиқ тўловлари бўйича тўлаш муддати яқин­лашганда корхонада етарли миқ­дорда маблағ мавжуд бўлишини таъ­минлаш нуқтаи назаридан ёндашиш лозим. Бу­нинг учун корхона солиқ календарини ўзининг умумий тўлов календари таркибига киритган бўлиши шарт ва шундагина у солиқ­ларни ўз вақтида муддатидан кечиктирмасдан тўлаш им­кониятига эга бўлади.
 
Мақоланинг давоми

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.