Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Маҳсулот етиштиришни ошириш ва ҳосилни нест-нобуд қилмасдан сотиб, кўпроқ даромад олишга бўлган қизиқиш тобора ўсиб бормоқда. Бунда маҳсулотлар сифатини теримдан кейин ҳам сақлаб қолиш ўта муҳимдир. Лекин, зарур билим, илғор тажриба ва замонавий технологиялар етишмаслиги сабабли қиймат занжирининг турли босқичларида мева-сабзавот маҳсулотларининг бир қисми нобуд бўлади. Бу ҳолат занжирнинг бошланғич бўғини бўлган маҳсулотларни етиштиришдан бошлаб, якуний истеъмолчига етказишгача бўлган барча босқичларда кузатилади.
Кўплаб ривожланаётган давлатларда ҳосил йиғимидан кейинги нобудгарчиликларнинг олдини олиш қиймат занжири иштирокчилари учун даромад манбаи, қашшоқликни камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иш ўринлари яратишда жуда муҳим аҳамият касб этади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-Овқат ва Қишлоқ Хўжалиги Ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, дунё бўйича бир йилда инсон истеъмоли учун етиштирилган маҳсулотнинг 1/3 қисми, яъни 1,3 млрд тоннаси нобуд бўлади. Баъзи баҳолашларга кўра, фермер даласидан йиғиб олинган мева-сабзавотнинг 30–40 фоизга яқини нобуд бўлади ёки истеъмолга яроқсиз ҳолатга келганлиги сабабли ташлаб юборилади. Бундай ҳолат қиймат занжири иштирокчилари даромадларининг кескин камайишига олиб келади.
Баъзи олимлар фикрига кўра, маҳсулотлар нобудгарчилиги (Product Loss) ва исрофгарчилиги (Product Waste) икки хил тушунчалардир. Масалан, маҳсулотлар нобудгарчилиги маҳсулотни етиштириш ва уларнинг йиғим-теримидан кейинги бошқаруви ва қайта ишлаш босқичларида рўй беради. Исрофгарчилик эса, занжирнинг сўнгги қисми бўлган якуний истеъмол босқичида кузатилади ҳамда бевосита истеъмолчи ва якуний харидорларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига муносабатига боғлиқ бўлади. Кўпчилик олимлар ва мутахассислар фикрига кўра, маҳсулотлар нобудгарчилиги миқдори фақатгина инсон истеъмоли учун мўлжалланган маҳсулотлар қисми учунгина ҳисобга олиниши керак. Бунда, инсон истеъмоли учун яроқсиз маҳсулотлар кейинчалик чорвачилик учун озуқа ёки биоэнергия сифатида ишлатилса ҳам улар нобудгарчилик ҳисобига қўшилиши керак. Чунки, бу ҳолатда «режаланган» ва «режаланмаган» ноозиқ овқат ёндашувлари амал қилади.
Шу ўринда йиғим-теримдан кейинги нобудгарчилик тушунчасига таъриф беришни ва дунёда кузатилаётган баъзи тенденцияларга тўхталиб ўтишни жоиз топдик. FAO таърифига кўра, йиғим-теримдан кейинги нобудгарчилик, бу – маҳсулотларнинг даладан йиғиштирилишдан бошлаб, токи уларнинг истеъмолчига етиб боришигача бўлган барча босқичларида ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатдан камайишидир.
Бунда сифатнинг йўқолиши деганда маҳсулотлар таркибидаги фойдали моддаларнинг камайиши ёки уларни истеъмолга яроқсиз ҳолга келиши тушунилади. Бундай йўқотиш асосан ривожланган давлатларга хосдир. Миқдор йўқолиши эса, маҳсулот ҳажмининг камайишини англатиб, бу кўпроқ ривожланаётган давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Ривожланган давлатларда (ўрта ва юқори даромадли аҳоли) маҳсулотлар истеъмолга яроқли бўлса ҳам ташлаб юбориш ҳолатлари кузатилади. Ривожланаётган давлатларда эса маҳсулотлар якуний истеъмолга етиб келгунига қадар бўлган турли босқичларда (йиғиш, ташиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва ҳ.к.) нобуд бўлади. Истеъмол қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ичида мева-сабзавот маҳсулотлари энг кўп нобуд бўлади.
Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти олдида озиқ-овқат хавфсизлиги ва таъминоти масаласи жуда долзарб мавзу. Мева-сабзавотчилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш эса, ер ва сув ресурслари етишмаслиги, иқлим ўзгариши каби сабаблар туфайли чекланмоқда. Глобал озиқ-овқат таъминотида унумдорлик ва маҳсулот етиштиришни ошириш жуда муҳим, лекин бу етарли бўлмаслиги мумкин. Озиқ-овқат таъминотини яхшилаш учун фақатгина маҳсулотлар етиштиришни оширибгина қолмай, уларнинг нобудгарчилик миқдорларини камайтириш ҳам зарур.
Йиғим-теримдан кейинги нобудгарчилик ички ва ташқи омиллар туфайли келиб чиқади. Ташқи омиллар механик (терим вақтида, қадоқлашда, юклашда, туширишда ва ташишда жисмоний зиён етказиш) ва паразит касалликлар (замбуруғлар, бактериялар, ҳашоратлар) билан зарарланиш сабабли келиб чиқади. Микроорганизмлар янги етиштирилган маҳсулотларга тез таъсир қилади ва улардаги намлик ҳисобига тез кўпаяди. Лекин, уларга қарши ишлатиладиган пестицидлар маҳсулотнинг истеъмолга яроқлилигини пасайтириб юборади. Ички омиллар эса, физиологик бузилиш сабабли юзага келади. Маҳсулот терилгандан сўнг ҳам нафас олишда давом этади ва иссиқлик ажралишига сабаб бўлади. Совутиш ва пишиш жараёнини тўхтатиш чораси кўрилмаса, сифат ва таъм йўқотилиб, чириш бошланади.
Баъзи тадқиқотчилар фикрига кўра, қуйидаги омиллар ҳам нобудгарчиликка сабаб бўлади: талабдан кўп етиштириш; молиявий зарурат ёки тажриба етишмаслиги туфайли етилиш даврини кутмасдан эрта теримни амалга ошириш; улгуржи савдогарлар ва супермаркетлар томонидан «олий сифат кўриниши» қабилидаги вазн, ҳажм, шакл ва кўринишга қўйиладиган ўта қаттиқ талаблар; қониқарсиз инфратузилма, транспорт ва сақлаш бинолари; озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларини билмаслик; қайта ишлаш ва қадоқлашдаги хатоликлар; ортиқча миқдорда харид қилинган (имтиёзли нарх учун) маҳсулотларнинг яроқлилик муддати яқинлашгач, истеъмолчилар томонидан харид қилинмаслиги сабабли расталардан оммавий олиб ташланиши ва ҳ.к.
ИҚТИСОДИЙ ЗАРАРЛАР. Қиймат занжирининг қайси босқичида бўлишидан қатъий назар маҳсулотларнинг миқдор ёки сифат жиҳатдан пасайиши фойданинг камайишига олиб келади. Фикримизча, мева-сабзавот маҳсулотлари нобудгарчилигидан кўриладиган зарарларни таҳлил қилиш жараёнида, тўғридан-тўғри миқдор ва сифат жиҳатдан кўриладиган зарарлар ёнига билвосита таъсирларни ҳам қўшиб ўрганиш мақсадга мувофиқ. Масалан, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришга сарф бўлган энергия, ер ва сув ресурслари, ишчи кучи, транспорт ва бошқа омилларнинг бошқа турдаги истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқаришга сарфланиши мумкинлигини ҳам ҳисобга олиш зарур.
Нобудгарчиликнинг бутунлай олдини олиш жуда мушкул, лекин унинг даражасини камайтириш мумкин. Нобудгарчилик натижасида келиб чиқадиган иқтисодий зарарларнинг олдини олишда мамлакатимизда қиймат занжирида самарали ишлайдиган «тизим»ни яратиш мақсадга мувофиқ. Бундай самарали тажрибани бутун республикамиз бўйлаб қиймат занжирининг барча иштирокчилари учун кенг тарғиб қилиш, яқин келажакда жуда катта ижобий натижалар келтиради.
Мева-сабзавотчилик маҳсулотлари нобудгарчилигини камайтириш қўшимча имкониятлар яратади. Масалан, маҳсулотларнинг йил давомида истеъмолчилар учун мавжуд бўлиши, импортнинг камайиши ва нархларнинг ҳамёнбоп бўлишини таъминлайди. Ўз навбатида, сифатли маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш орқали инсон организмидаги фойдали витаминларнинг ортиши аҳоли ўртасида турли хил касалликлар камайишига хизмат қилади.
Сўровнома усулини (Survey) қўллаган ҳолда иқтисодий зарарларни ушбу кўп факторли регрессион формула билан таҳлил қилиш мумкин (Kughur, ва бошқ.):
Y = A + B1X1 + B2X2 + B3X3 + + B4X4 + B5X5 + …. +ВnXn
Бунда:
Y = нобудгарчилик миқдори, бир гектар учун кг (боғлиқ ўзгарувчи);
А = ўзгармас бирлик;
B1, B2, B3, B4, B5, Bn = ўзгарувчилар коэффициентлари;
X1, Х2, Х3, Х4, Х5, Xn = нобудгарчиликка сабаб бўлувчи ёки таъсир қилувчи омиллар.
Регрессион усулнинг қулай томонларидан бири, унда иштирок этувчи иқтисодий омиллар билан бир қаторда ижтимоий факторларнинг (ёш, таълим, ишчи кучи, тажриба) қай даражада муҳимлиги ва боғлиқлиги даражасини ҳам аниқлаш мумкин.
НОБУДГАРЧИЛИКНИ БАҲОЛАШ ВА ҲИСОБЛАШ. Нобудгарчилик миқдори қанча деган савол долзарб бўлсада, ушбу саволга аниқ жавоб йўқ. Турли давлатлардаги ёндашувлар, маҳсулотларни сақлаш ва бошқаришдаги фарқлар туфайли нобудгарчиликлар миқдори ўзгарувчан бўлади. Нобудгарчилик тўғрисидаги турли хил маълумотларга қуйидаги сабабларни кўрсатиш мумкин (FAO):
● маълумотларни йиғишда ягона универсал усулнинг йўқлиги;
● маълумотларнинг миқдорлари об-ҳаво, ҳосил навлари, жойи ва ҳ.к. боғлиқлиги;
● сўровномалар ўтказилмаслиги ёки бепарволик билан юзаки тўлдирилиши;
● миқдор ва сифат нобудгарчилигини турлича талқин қилиниши ва баҳоланиши;
● нобудгарчиликни мониторинг қиладиган ташкилотлар йўқлиги.
Баъзи илмий манбалар ва оммавий ахборот воситаларида нобудгарчилик миқдори тўғрисида берилган маълумотлар ҳақиқий ҳисоб-китобларга асосланмаганлиги ва тахминий баҳоланганлиги сабабли ҳам ишонарли бўлмайди. Улар муаммони ўта «драматик» тарзда кўрсатишга кўпроқ мойил бўлишади. Баъзи ҳолатларда эса, маълумотлар сиёсий, иқтисодий ва савдо манфаатлари йўлида (қўшимча кўмак, имтиёзлар ва бошқа мақсадлар) кескин камайтириб ёки кўпайтириб кўрсатилади.
Арифметик хатолар туфайли ҳам нобудгарчилик маълумотлари нотўғри ҳисобланиши мумкин. Яъни, қиймат занжирининг турли босқичларидаги йўқотиш фоизларини жамлаш ҳақиқий жами нобудгарчилик даражасини кўрсатмайди. Бундай ҳисоблашда нобудгарчилик миқдори жуда ошиб кетади ва нотўғри ҳисобланган бўлади.
Нобудгарчиликни камайтиришнинг энг мақбул йўли бу ҳар бир маҳсулот тури бўйича талабни ҳисобга олган ҳолда етиштириш ва йиғим-теримдан сўнг уларни сифатли бошқариш имкониятларини тизимли таҳлил қилиш, қиймат занжири фаолиятини мувофиқлаштириш зарур. Теримни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, йиғимдан кейинги бошқарувни, маркетингни тўғри йўлга қўйиш ва фойдани қатнашчилар ўртасида одилона тақсимлаш нобудгарчиликларни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотлари нобудгарчилигини имкон қадар камайтириш маҳсулот етиштириладиган ер ресурслари тежалишига, аҳолини йил давомида сифатли ва арзон мева-сабзавот маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, маҳсулот етиштиришдан то якуний истеъмолчигача бўлган жараёнларда қиймат занжирининг барча иштирокчилари учун фойдани кўпайтиради, уларни янада яхшироқ меҳнат қилишга, миқдор ва сифат жиҳатдан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришга бўлган қизиқишларини оширади. Йиғим-теримни юқори даражада ташкил қилиш, ташиш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва самарали маркетинг ва стандартларни амалда қўллашни жорий қилиш орқали нобудгарчилик камаяди ва жаҳон талабига мос маҳсулотлар тайёрлашга эришилади. Буни мамлакатимиз миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, унинг иқтисодиёт учун жуда катта ижобий ўзгаришларга хизмат қилишини яққол кўрамиз.
Ўктам УМРЗАҚОВ,
иқтисод ф/д., профессор;
Сирожиддин ЭШМАТОВ,
Гумбольдт номидаги Берлин университети докторанти