(O´zbek) Meva-sabzavotchilikda qiymat zanjiri tahlili

1/2017

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Маҳсулот етиштиришни ошириш ва ҳосил­ни нест-нобуд қилмас­дан сотиб, кўп­роқ даромад олиш­га бўлган қи­зиқиш тобора ўсиб бор­моқда. Бунда маҳсулотлар сифатини теримдан ке­йин ҳам сақлаб қолиш ўта муҳим­дир. Лекин, зарур билим, илғор тажриба ва замонавий технологиялар етишмас­лиги сабабли қий­мат занжирининг турли босқичларида мева-сабзавот маҳсулотларининг бир қисми нобуд бўлади. Бу ҳолат занжирнинг бош­лан­ғич бўғини бўлган маҳсулот­ларни етиштиришдан бошлаб, якуний истеъ­молчига етказишгача бўлган барча бос­қичларда кузатилади.
     Кўплаб ривожланаётган давлатларда ҳосил йиғими­дан кейинги нобудгар­чиликларнинг олдини олиш қий­мат зан­жири иштирокчилари учун даромад манбаи, қашшоқлик­ни камайтириш, озиқ-ов­қат хавфсизлиги ва иш ўринлари яратишда жуда му­ҳим аҳамият касб этади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-Ов­қат ва Қишлоқ Хўжалиги Ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, дунё бў­йича бир йилда инсон истеъмоли учун етиштирилган маҳ­сулотнинг 1/3 қисми, яъни 1,3 млрд тоннаси нобуд бўлади. Баъзи баҳо­лашларга кўра, фермер даласидан йи­ғиб олинган ме­ва-сабзавотнинг 30–40 фоизга яқи­ни нобуд бўлади ёки истеъмолга яроқ­сиз ҳолатга келганлиги сабабли таш­лаб юборилади. Бундай ҳолат қиймат занжири иштирокчилари даромадларининг кескин камайишига олиб ­келади.
     Баъзи олимлар фикрига кўра, маҳ­сулотлар нобудгарчилиги (Product Loss) ва исрофгарчилиги (Product Waste) икки хил тушунчалардир. Масалан, маҳсулотлар нобудгарчилиги маҳсулотни етиштириш ва уларнинг йиғим-теримидан кейинги бошқа­руви ва қай­та ишлаш босқичларида рўй беради. Исрофгарчилик эса, занжирнинг сўнгги қисми бўлган якуний истеъмол босқичида кузатилади ҳам­да бевосита истеъмолчи ва якуний харидорларнинг озиқ-овқат маҳсу­лотларига муносабатига боғлиқ бўлади. Кўпчилик олимлар ва мутахассислар фикрига кўра, маҳсулотлар но­будгарчилиги миқдори фақатгина инсон истеъмоли учун мўлжалланган маҳсулотлар қисми учунгина ҳисобга олиниши керак. Бунда, инсон истеъ­моли учун яроқсиз маҳсулотлар ке­йинчалик чорвачилик учун озуқа ёки биоэнергия сифатида ишлатилса ҳам улар нобудгарчилик ҳисобига қўши­ли­ши керак. Чунки, бу ҳолатда «режа­ланган» ва «режаланмаган» но­озиқ овқат ёндашувлари амал қилади.
     Шу ўринда йиғим-теримдан ке­йинги нобудгарчилик тушунчасига таъ­риф беришни ва дунёда кузатилаётган баъзи тенденцияларга тўхталиб ўтишни жоиз топдик. FAO таъ­рифига кўра, йиғим-теримдан кейин­ги нобудгарчилик, бу – маҳсулот­лар­нинг даладан йиғиштирилишдан бош­лаб, токи уларнинг истеъмолчига етиб боришигача бўлган барча бос­қич­ларида ҳам миқдор, ҳам сифат жи­ҳатдан камайишидир.
     Бунда сифатнинг йўқолиши деганда маҳсулотлар таркибидаги фойдали моддаларнинг камайиши ёки уларни истеъмолга яроқсиз ҳолга ке­лиши тушунилади. Бундай йўқотиш асосан ривожланган давлатларга хос­дир. Миқдор йўқолиши эса, маҳсулот ҳажмининг камайишини англатиб, бу кўпроқ ривожланаётган давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Ривожланган давлатларда (ўрта ва юқо­ри даромадли аҳоли) маҳсулотлар истеъмолга яроқли бўлса ҳам ташлаб юбориш ҳолатлари кузатилади. Ривожланаётган давлатларда эса маҳсу­лотлар яку­ний истеъмолга етиб келгунига қадар бўлган турли босқич­ларда (йиғиш, ташиш, саралаш, сақ­лаш, қайта ишлаш ва ҳ.к.) нобуд бў­лади. Истеъмол қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсу­лотлари ичида мева-сабзавот маҳсу­лотлари энг кўп нобуд бўлади.
     Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти олдида озиқ-овқат хавфсизлиги ва таъминоти масаласи жуда долзарб мавзу. Мева-сабзавотчилик маҳсу­лотлари етиштиришни кўпайтириш эса, ер ва сув ресурслари етишмаслиги, иқлим ўзгариши каби сабаблар туфайли чекланмоқда. Глобал озиқ-овқат таъминотида унумдорлик ва маҳсулот етиштиришни ошириш жуда муҳим, лекин бу етарли бўлмаслиги мумкин. Озиқ-овқат таъминоти­ни яхшилаш учун фақатгина маҳсу­лотлар етиштиришни оширибгина қолмай, уларнинг нобудгарчилик миқ­дорларини камайтириш ҳам зарур.
     Йиғим-теримдан кейинги нобудгарчилик ички ва ташқи омиллар ту­файли келиб чиқади. Ташқи омиллар механик (терим вақтида, қадоқлашда, юклашда, туширишда ва ташишда жис­моний зиён етказиш) ва паразит касалликлар (замбуруғлар, бактериялар, ҳашоратлар) билан зарарланиш сабаб­ли келиб чиқади. Микроорганизмлар янги етиштирилган маҳсулотлар­га тез таъсир қилади ва улардаги намлик ҳи­собига тез кўпаяди. Лекин, уларга қар­ши ишлатиладиган пестицидлар маҳсу­лотнинг ис­теъмолга яроқлилигини па­сайтириб юборади. Ички омиллар эса, физиологик бузилиш сабабли юзага келади. Маҳ­сулот терилгандан сўнг ҳам нафас олишда давом этади ва ис­сиқлик аж­ралишига сабаб бўлади. Совутиш ва пишиш жараёнини тўхтатиш чораси кўрилмаса, сифат ва таъм йў­қотилиб, чириш бошланади.
     Баъзи тад­қиқотчилар фикрига кў­ра, қуйидаги омиллар ҳам нобудгарчиликка сабаб бўлади: талабдан кўп етиштириш; молиявий зарурат ёки тажриба етишмаслиги туфайли етилиш даврини кутмасдан эрта терим­ни амалга ошириш; улгуржи савдогарлар ва супермаркетлар томонидан «олий сифат кўриниши» қабилидаги вазн, ҳажм, шакл ва кўринишга қўйи­ладиган ўта қаттиқ талаблар; қониқар­сиз инфратузилма, транспорт ва сақ­лаш бинолари; озиқ-овқат хавфсизли­ги стандартларини билмаслик; қай­та ишлаш ва қадоқлашдаги хатоликлар; ортиқча миқдорда харид қилин­ган (имтиёзли нарх учун) маҳсулотлар­нинг яроқлилик муддати яқин­лашгач, истеъмолчилар томонидан ха­рид қи­линмаслиги сабабли расталардан ом­мавий олиб ташланиши ва ҳ.к.
     ИҚТИСОДИЙ ЗАРАРЛАР. Қиймат занжирининг қайси босқичида бўлишидан қатъий назар маҳсулотлар­нинг миқдор ёки сифат жиҳатдан па­сайиши фойданинг камайишига олиб келади. Фикримизча, мева-сабзавот маҳсулот­лари нобудгарчилигидан кўриладиган зарарларни таҳлил қилиш жа­раёнида, тўғридан-тўғри миқдор ва сифат жи­ҳатдан кўриладиган зарарлар ёнига билвосита таъсирларни ҳам қўшиб ўрганиш мақсадга му­вофиқ. Масалан, мева-сабзавот маҳсулотларини етиш­тиришга сарф бўлган энергия, ер ва сув ресурслари, ишчи кучи, транспорт ва бошқа омилларнинг бошқа турдаги истеъ­мол маҳсулотла­ри ишлаб чиқаришга сарфланиши мум­кинлигини ҳам ҳи­собга олиш зарур.
     Нобудгарчиликнинг бутунлай олдини олиш жуда мушкул, лекин унинг даражасини камайтириш мумкин. Но­будгарчилик натижасида келиб чиқа­диган иқтисодий зарарларнинг олди­ни олишда мамлакатимизда қий­мат занжирида самарали ишлайдиган «тизим»ни яратиш мақсадга мувофиқ. Бундай самарали тажрибани бутун республикамиз бўйлаб қиймат занжирининг барча иштирокчилари учун кенг тарғиб қилиш, яқин келажакда жуда катта ижобий натижалар келтиради.
     Мева-сабзавотчилик маҳсулотла­ри нобудгарчилигини камайтириш қў­шимча имкониятлар яратади. Масалан, маҳсулотларнинг йил давомида истеъмолчилар учун мавжуд бўли­ши, импортнинг камайиши ва нарх­ларнинг ҳамёнбоп бўлишини таъминлайди. Ўз навбатида, сифатли маҳ­сулотларни кўпроқ ис­теъмол қилиш орқали инсон организмидаги фойдали витаминларнинг ортиши аҳоли ўртасида турли хил ка­салликлар камайишига хизмат қи­лади.
     Сўровнома усулини (Survey) қўл­лаган ҳолда иқтисодий зарарларни ушбу кўп факторли регрессион формула билан таҳлил қилиш мумкин (Kughur, ва бошқ.):
Y = A + B1X1 + B2X2 + B3X3 + + B4X4 + B5X5 + …. +ВnXn
Бунда:
Y = нобудгарчилик миқдори, бир гектар учун кг (боғлиқ ўзгарувчи);
А = ўзгармас бирлик;
B1, B2, B3, B4, B5, Bn = ўзгарувчилар коэффициентлари;
X1, Х2, Х3, Х4, Х5, Xn = нобудгарчиликка сабаб бўлувчи ёки таъсир қи­лувчи омиллар.
     Регрессион усулнинг қулай томонларидан бири, унда иштирок этув­чи иқтисодий омиллар билан бир қаторда ижтимоий факторларнинг (ёш, таълим, ишчи кучи, тажриба) қай даражада муҳимлиги ва боғлиқлиги даражасини ҳам аниқлаш мумкин.
     НОБУДГАРЧИЛИКНИ БАҲОЛАШ ВА ҲИСОБЛАШ. Нобудгарчилик миқ­дори қанча деган савол долзарб бўлсада, ушбу саволга аниқ жавоб йўқ. Турли давлатлардаги ёндашувлар, маҳсулотларни сақлаш ва бошқариш­даги фарқлар туфайли нобудгарчиликлар миқдори ўзгарувчан бўлади. Нобудгарчилик тўғрисидаги турли хил маълумотларга қуйидаги сабаб­ларни кўрсатиш мумкин (FAO):
     ● маълумотларни йиғишда ягона универсал усулнинг йўқлиги;
     ● маълумотларнинг миқдорлари об-ҳаво, ҳосил навлари, жойи ва ҳ.к. боғлиқлиги;
     ● сўровномалар ўтказилмаслиги ёки бепарволик билан юзаки тўлдирилиши;
     ● миқдор ва сифат нобудгарчилигини турлича талқин қилиниши ва баҳоланиши;
     ● нобудгарчиликни мониторинг қиладиган ташкилотлар йўқлиги.
     Баъзи илмий манбалар ва оммавий ахборот воситаларида нобудгарчилик миқдори тўғрисида берилган маълумотлар ҳақиқий ҳисоб-китоб­ларга асосланмаганлиги ва тахминий баҳоланганлиги сабабли ҳам ишонарли бўлмайди. Улар муаммони ўта «драматик» тарзда кўрсатишга кўп­роқ мойил бўлишади. Баъзи ҳолатлар­да эса, маълумотлар сиёсий, иқтисо­дий ва савдо манфаатлари йўлида (қўшимча кўмак, имтиёзлар ва бошқа мақсадлар) кескин камайтириб ёки кўпайтириб кўрсатилади.
     Арифметик хатолар туфайли ҳам нобудгарчилик маълумотлари нотўғ­ри ҳисобланиши мумкин. Яъни, қий­мат занжирининг турли босқичлари­даги йўқотиш фоизларини жамлаш ҳақиқий жами нобудгарчилик даражасини кўрсатмайди. Бундай ҳисоб­лашда нобудгарчилик миқдори жуда ошиб кетади ва нотўғри ҳисобланган бўлади.
     Нобудгарчиликни камайтиришнинг энг мақбул йўли бу ҳар бир маҳ­сулот тури бўйича талабни ҳисобга олган ҳолда етиштириш ва йиғим-теримдан сўнг уларни сифатли бош­қариш имкониятларини тизимли таҳ­лил қилиш, қиймат занжири фаолиятини мувофиқлаштириш зарур. Те­римни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, йиғимдан кейинги бошқа­рувни, маркетингни тўғри йўлга қў­йиш ва фойдани қатнашчилар ўртасида одилона тақсимлаш нобудгарчи­ликларни камайтиришда му­ҳим аҳа­мият касб этади.
     Мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотлари нобудгарчилигини имкон қадар камайтириш маҳ­сулот етиштириладиган ер ресурслари тежалишига, аҳолини йил давомида си­фатли ва арзон мева-саб­завот маҳ­сулотлари билан узлуксиз таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, маҳсулот етиштиришдан то якуний истеъмолчигача бўлган жараёнларда қиймат занжирининг барча иштирокчилари учун фойдани кўпайтиради, уларни янада яхшироқ меҳнат қилишга, миқдор ва сифат жиҳатдан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришга бўлган қизиқишларини оширади. Йи­ғим-теримни юқори да­ражада ташкил қилиш, ташиш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва самарали маркетинг ва стандартларни амалда қўл­лашни жорий қилиш ор­қали нобудгарчилик камаяди ва жа­ҳон талабига мос маҳсулотлар тайёрлашга эришилади. Буни мамлакатимиз миқё­сида олиб қарайдиган бўлсак, унинг иқтисодиёт учун жуда катта ижо­бий ўзгаришларга хизмат қилишини яқ­қол кўрамиз.
 
 
Ўктам УМРЗАҚОВ,
иқтисод ф/д., профессор;
Сирожиддин ЭШМАТОВ,
Гумбольдт номидаги Берлин университети докторанти

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.