Логистик тизимнинг ажралиб турувчи белгилари – бу, сотиб олишда, ташишда, омборхонага жойлаштиришда, сотишда, баъзи ҳолатларда эса хомашё, ярим фабрикат ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштиришда намоён бўлади. Логистик тизимга ҳам ишлаб чиқариш, ҳам алмашув соҳалари киради. Бунда логистик тизим фаолиятининг самарадорлик мезони транспорт–тақсимлов операцияларига қилинган умумий харажатлар миқдори билан боғлиқ бўлади. Агар хомашё, ярим фабрикат ва тайёр маҳсулотлар босқичи кўриб чиқиладиган бўлса, уни қуйидаги логистик шохобчаларга ажратиш мумкин: яъни, моддий предметлар бир пунктдан иккинчи бир пунктдаги қайта ишловчи корхоналарга ташилади; бу ерда қайта ишлаш амалга оширилади; ўз навбатида ярим фабрикатлар ва тайёр маҳсулотларни сотиш шохобчаларига етказиб берувчи транспорт тизими фаолиятини тўғри ташкил этиш зарур бўлади.
Моддий оқимлар ҳаракати ва захиралар ҳолатини бошқариш анъанавий ёндашувлар тарзида бир-биридан ажратилган ҳолда амалга оширилади. Логистик ёндашув маҳсулотлар ташилиши, сақланиши, сотилиши, ишлаб чиқарилиши, таъминот ва транспортировка қилиш ўртасидаги мувофиқлаштиришга эътибор қаратишни талаб қилади. Маҳсулотларни ташишда иштирок этувчи контрагентлар ҳаракатидаги ҳар битта номувофиқлик харажатлар миқдори ортишига, хизматлар ва маҳсулотлар сифати пасайишига олиб келади. Маҳсулотларни сотиш ва ишлаб чиқаришдаги захира миқдори ортиб кетиши, технологик «номувофиқлик» юклаш – тушириш ва сақлашнинг ўзига хос хусусиятлари, транспортировкага нисбатан қўйиладиган талаблар билан боғлиқ бўлган «номувофиқликлар», бошқарув органлари ва услублари мос келмаслиги оқибатида юз беради. Логистик услублар ривожланишида бир қанча тўсиқлар мавжуд. Улар, энг аввало ишлаб чиқариш, транспортировка қилиш ва тақсимлаш жараёнлари иштирокчиларининг иқтисодий манфаатидаги қарама-қаршиликлар билан боғлиқ.
Транспорт логистика тизимининг ривожланишида транспорт ҳал қилувчи ўрин тутиб, бир томондан, транспорт ташкилотларига ўз фаолияти доирасини кенгайтириш ва транспорт хизматлари бозорида мустаҳкам ўрнашиш, иккинчи томондан, саноат корхоналарини уларга хос бўлмаган фаолиятдан халос бўлишига имконият яратади. Бунда корхоналар харажатлари камайиб, бутун куч асосий бозорларга қаратилади.Терминал тизими умумий тамойиллар ва асосий стратегия аниқланишида қайд этилган ёндашувлар нуқтаи назаридан унинг кенгайиб боришини кўзда тутиши даркор. Бу эса, қуйидаги ҳолатлардан иборат:
● терминал тармоғи ривожлангани сари ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар гуруҳи кўп жиҳатдан транспорт боғламалари билан боғлиқ бўлиши;
● юкларни етиб келиш жойларида сақлашга мажбур бўлувчи ҳолат мавжудлиги ёки мазкур шаҳарда омборхона майдонлари етишмаслиги;
● шаҳарда ер ресурслари етишмаслиги сабабли, омборхоналарни шаҳардан ташқарига чиқариш заруратининг вужудга келиши;
● омборхона хўжаликлари муаммосининг ечими, энг аввало, шаҳар атрофида юқори қувватли транспорт–омборхона терминал мажмуини яратиш билан боғлиқ бўлиши;
● бу ҳолат транспорт боғламалари фаолиятидаги тиғизликни камайтиради ва хўжалик мажмуи ишини рационаллаштиради.
Қайд этилганидек, транспорт логистикаси ривожланишидаги асосий тўсиқлардан бири – бу, товарлар ҳаракат тизими контрагентлари манфаатларини мувофиқлаштириш ва транспорт–тақсимлаш жараёнини бошқаришни интеграциялашда ташкилий шарт-шароитлар яратишдан иборат. Ҳозирги пайтда мазкур муаммони бартараф этишда қулай имкониятлар яратилган. Ташкилий-иқтисодий механизмнинг асоси – бир томондан, моддий оқимлар жараёнининг иштирокчиларига мустақиллик бериш ва рақобат муҳити билан таъминлаш, иккинчи томондан эса, иқтисодий бошқарув орқали умумманфаатларига мос келадиган ечимларга ундашдан иборат. Бундай бошқарув дастаклари қаторига солиқлар, тарифлар, жарима санкцияси, кредитлар, инвестициялар ва лицензиялар киради. Иқтисодий бошқарув механизми асосига қуйидаги тамойиллар жалб этилиши мақсадга мувофиқ:
● ҳудуддаги аҳоли ва хўжалик мажмуаларининг юкларни ташишга бўлган объектив талабини тўлиқ қондириш;
● транспорт эгалари ва мижозларнинг иқтисодий манфаатлари тенглиги;
● товарлар ҳаракатининг пировард натижаси учун ўзаро моддий жавобгарлик;
● моддий оқимлар иштирокчисининг иқтисодий аҳволи сўнгги натижага боғлиқлиги;
● шартномада транспорт эгалари билан мижозлар ҳамкорлигининг тенг ҳуқуқлилиги;
● транспортдан фойдаланишнинг максимал даражада қулайлиги, кенг доирада хизматлар кўрсатиш, мижозларни уларга хос бўлмаган функциялардан озод қилиш.
Мазкур тамойиллар ичида транспорт таркиби, омборхона-экспедиция хизматларини қамраб олган комплекс тизимни яратиш зарур. Бундай тизимнинг асоси замонавий, халқаро стандартларга жавоб берадиган ва модернизациялашган, кенг кўламли мақсадларга хизмат қилувчи, комплексга эга бўлган юкларни тўпловчи ва қайта ишловчи терминалдан иборат. Бу тизимнинг самарали фаолият юритиши бевосита ҳудудларда, айниқса, махсус индустриал-иқтисодий ҳудудларнинг ривожланишига ҳамда юк айланмаси суръатлари ўсишига ижобий таъсир кўрсатади.
Комил ЗИЯДУЛЛАЕВ,
иқтисод фанлари номзоди;
Дилноза ҚОСИМОВА,
мустақил тадқиқотчи