Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
O‘zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним” шиори остида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди, — деб хабар бермоқда 12news.uz сайти.
Мақолада ёзилишича, унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, вилоят ҳокимлиги, маҳаллий кенгаш депутатлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, профессор ўқитувчилар, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, партия фаоллари, тадбиркорлар, фермерлар, ёшлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси О.Соибназаров сўзга чиқиб, халқимиз шу йил 1 сентябрь куни Ўзбекистон давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик тўйини катта тантана, шоду-ҳуррамлик билан кенг нишонланиши, энг улуғ, энг азиз айём бўлмиш Мустақиллик байрамини марказда ва жойларда ҳар томонлама чуқур тайёргарлик билан кутиб олиш мамлакатимизда эзгу анъанага айланиб қолганлиги, Ўзбекистоннинг ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли – ўзбек моделининг мамлакатимиз учун ҳал қилувчи бир пайтда тўғри ва оқилона йўл сифатида танланганини, ўтган йиллар давомида бу йўл юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар бир оила, бутун жамиятимиз ҳаётида синовдан ўтиб, амалда ҳар томонлама ўзини оқлагани ва бугунги кунда амалий натижасини бераётганини алоҳида эътироф этди.
Шу маънода, O‘zLiDeP мустақиллик Ватанимиз ҳаётида нақадар муҳим ўрин эгаллашини чуқур англаш, Давлатимиз босиб ўтган машаққатли ва шонли йўл, амалга оширилган кенг миқёсли ислоҳотлар, эришилган улкан ютуқлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка, партия электорати – тадбиркор ва фермерларга етказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
– Мен мустақил юрт ўғлониман. Бугун ана шундай истиқболи буюк юрт фарзанди эканимдан, мана шу жаннатмакон заминда тинч-осуда яшаётганимдан беэхтиёр фахрланаман, – дейди Термиз шаҳридаги “Камазул-Сайдул” хусусий корхонаси раҳбари Юсуфбек Дониёров. Чунки жахон тарихида ўзининг чексиз изини қолдирган буюк алломалар юртида уларнинг вориси бўлиб, шу она Ватан учун ўзимнинг кичик ҳиссамни қўшаётганимдан ниҳоятда мамнунман. Биз ёш тадбиркорларга чексиз имкониятлар яратилганлиги боис, бугунги кунда улкан муваффақиятларга эришиб келаяпмиз. Хозирги кунда хусусий корхона раҳбари сифатида фаолият олиб бормоқдаман. Тижорат банкдан 350 миллион сўм миқдорида кредит олиб, ўз фаолиятимизни йўлга қўйдик. Айни пайтда корхонамизда оёқ кийим ва кийим-кечаклар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиб, иш самарадорлигини янада кучайтириш мақсадида 60 нафар ёш йигит-қизни иш билан таъминладик.
Ҳақиқатдан ҳам, истиқлол йилларида маънавий-маърифий ишларнинг янги, давр талаби ва манфаатларига мос такомиллашган тизими шакллантирилди. Глобаллашув даврида юртимизда ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни оммавий маданиятнинг салбий таъсиридан асраш борасида улкан ҳаракатлар олиб борилди.
– Бугунги тадбирда ҳам мулкдорлар синфи ва фермерлик ҳаракатининг қишлоқда етакчи кучга айланиб қолгани хусусида кенг фикр юритилганида катта маъно, мазмун бор, – дейди Қумқўрғон туманидаги “Чорвадор” фермер хўжалиги раҳбари, O‘zLiDeP фаоли Раҳмиддин Шаропов. – Зеро, истиқлол шарофати билан юзага келган фермерлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, аҳоли фаровонлигини ва бандлигини таъминлаш масаласи долзарб вазифа бўлиб қолди. Масалан, фермер хўжалигимизда пахта ва ғалла ҳосилдорлиги йилдан-йилга ошиб бормоқда. Олинаётган даромад ва тижорат банки кредити ҳисобидан янги тармоқларни ишга тушириб, моддий-техник базамиз мустаҳкамланмоқда. Ҳозирда яратилган бундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўтган йиллар давомида хорижнинг зотдор қорамоллари парваришини йўлга қўйдик. Замонавий чет эл технологияси билан жиҳозланган сутни қайта ишлаш корхонасини ташкил этиб, аҳолига беш турдан ортиқ сут маҳсулотлари етказиб бераяпмиз. Ўн гектар майдонда интенсив замонавий олма боғи барпо этиб, табиий, сервитамин ва арзон маҳсулот ишлаб чиқараяпмиз.
Хуллас, ҳозирги пайтда фермер хўжалигимизнинг барча тармоқларида юздан ортиқ киши меҳнат қилиб, тўкин, фаровон турмуш кечирмоқда. O‘zLiDeP Матбуот хизмати билдиришича, буларнинг барчаси мустақиллик шарофати, мустақиллик неъмати, десак асло муболаға бўлмайди, — дейди мақола муаллифи.