(O´zbek) Ulug‘ shoir nomidagi ziyo maskani

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2011 йили пойтахтимизда шаҳарсозлик маданиятининг ноёб намунаси – “Маърифат маркази” бунёд этилиб, ундан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг жой олиши буюк мутафаккир бобомизга бугунги авлодларнинг юксак эҳтироми намунаси бўлди.

          Мустақиллик йилларида Навоийнинг 20 жилдлик, мустақиллигимизнинг йигирма йиллиги арафасида 10 жилдлик тўла асарлар тўпламлари замонавий матбаа талаблари асосида қайта нашр этилди.

          “Ҳар ишки қилмиш одамизот, тафаккур бирла билмиш одамизот”. Навоийнинг ушбу теран сатрларида башарият тараққиёти учун билим ва тафаккур нечоғли улкан аҳамиятга эга экани ҳақидаги ҳақиқат мужассам. Инсоният томонидан неча асрлар давомида тўпланган билим, орттирилган тажриба бугунги ва келажак авлодларнинг бебаҳо бойлиги, улкан маънавий-маданий мероси ҳисобланган китобларда жамланган. Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик ахборот ва маданият маркази бўлган Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ушбу интеллектуал бойликнинг ноёб хазинасидир.

          Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 20 мартдаги “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот-ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ кутубхона тузилмаси янгиланди, унинг бўлимлари ва хизмат кўрсатиш иши такомиллаштирилди, вазифалар кўлами кенгайтирилди. Бу замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳоли, айниқса, ёшларнинг билим олиши, маънавий-маърифий, маданий эҳтиёжларини ҳар томонлама қондиришига имкон бермоқда.

          Кутубхонада жаҳон талабларига жавоб берадиган автоматлаштирилган ахборот-кутубхона тизими, нашриёт-матбаа ҳамда нусха кўчириш ускуналари ўрнатилган. Интерфаол китоб қурилмасидаги электрон саҳифани варақлаш учун мониторга бармоқ билан таъсир этиш кифоя. Шу тарзда сенсорли киоск орқали мазкур кутубхона, қадимий шаҳарларимиз ва улуғ алломаларимиз ҳаёти ҳақида маълумот олиш, китоб буюртма бериш мумкин.

          Кутубхона музейида ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар фондидан намуналар намойишга қўйилган. Алишер Навоийнинг “Хамса”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Лисон ут-тайр” асарлари, “Девон”ининг хаттотлар томонидан кўчирилган қўлёзмалари шулар жумласидандир.

          Кутубхонанинг болалар хонасида етти ёшгача бўлган ўғил-қизлар учун турли ўйинчоқлар, аквариум, ўқув қуроллари, эртак китоблар мавжуд. Ота-оналар мутолаа қилгунча бу ерда болаларга қараб турилади. Кинозалда мустақиллик йилларида халқимиз эришган ютуқлар, улуғ алломаларимиз, қадимий шаҳарларимиз ҳақидаги кинофильмлар намойиш этилмоқда.

          Кутубхона биносида бепул Wi-Fi тизими ишлаб турибди. Китобхон ўзи билан “ноут-бук” олиб келиб ёки шу ернинг ўзидан ижара асосида олиб, интернетдан чекловсиз фойдаланиши мумкин. Ҳар куни мингдан ортиқ киши бу ерда глобал ахборот тармоғидан фойдаланмоқда.

          Маърифат масканидаги ҳар бир ўқув зали маълум йўналишга ихтисослаштирилган. Масалан, “Истиқбол” залида талабалар учун китоб-журналлар, “Бунёдкор”да меъёрий-техник адабиётлар, давлат ва халқаро стандартлар ҳақидаги ҳужжатлар, “Ўзбекистон”да мамлакатимиз тарихи ва миллий адабиётлар, “Адолат”да юридик адабиётлар ва маълумотномалар мавжуд. Энг катта – “Тафаккур” ўқув залида бир вақтнинг ўзида 100 китобхонга хизмат кўрсатилади. Ўттиз минг китоб фондига эга бу залдан энг кўп сўраладиган адабиётлар, матбуот нашрлари жой олган. “Жаҳон” хорижий адабиётлар ўқув залида юзга яқин чет тилидаги 370 мингдан ортиқ китоб мавжуд.

          Ўқув заллари ўз олдига улкан мақсадлар қўйган ёшлар билан доим гавжум. Солиқ академияси тингловчиси Элдор Абдуғаффоров бу ерда дарсларни тайёрлаш билан бирга, GMAT, SAT, TOEFL, IELTS каби математика ва инглиз тили фанларидан халқаро дарсликларни ўрганмоқда. “Илм” ўқув залида илмий ходимлар мамлакатимиз ва хорижда ҳимоя қилинган диссертациялардан фойдаланиш имконига эга. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси магистранти Баҳодир Ражабов “Энергетика инфраструктурасини модернизация қилиш – барқарор ривожланиш омили” мавзусидаги магистрлик диссертациясини тайёрламоқда.

          – Кутубхонада яратилган замонавий шароит туфайли тадқиқотимга доир  ривожланган давлатларда амалга оширилган лойиҳалар ва ёндашувларни ҳам ўрганяпман, – дейди Б.Ражабов. – Бир қатор хориж кутубхоналарида бўлганман, аммо бундай қулай шароитлар бошқа жойда кам учрайди. Айниқса, дунёнинг етакчи илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий базасидан бепул фойдаланиш имкони яратилгани биз, ёшлар учун ниҳоятда муҳимдир.

          Кутубхона етти қаватли бўлиб, ер остидаги икки қават фонддан иборат. Бу ноёб фонд илгари пойтахтимизнинг уч жойида сақланган бўлса, энди марказлаштирилди. Китобларни сифатли сақлаш учун замонавий мобиль стеллаж ўрнатилди. Илгари сўралган баъзи китоб ёки газета-журнални ўқув залига келтириш учун 1-2 кун вақт сарфланган бўлса, бугун бу жараён 15-20 дақиқада бажарилмоқда.

          Мамлакатимиз бош кутубхонасининг фонди ҳақиқатан ҳам ноёбдир. Бугун кутубхона фонди қарийб 7 миллион нусхани ташкил этади. Ўтган вақт мобайнида кутубхона фонди салкам 350 минг электрон нусхадаги янги адабиётлар билан бойитилди. Бу ерда тўпланган алоҳида қимматга эга китоблар, нодир қўлёзмалар, қадимий нашрлар кутубхона фахри ҳисобланади. Фондда буюк мутафаккирларимизнинг XI ва ундан кейинги асрларга оид қўлёзмалари, XVI-XIX асрларда дунёнинг кўплаб тилларида чоп этилган китоблар сақланмоқда.

          – Улуғ шоиримиз Алишер Навоий ҳаётлиги пайтида хаттотлар томонидан кўчирилган асарлари, мустақиллик йилларида чоп қилинган 20 ва 10 жилдлик мукаммал асарлар тўпламлари кутубхона фондининг нодир дурдонасидир, – дейди кутубхона ходими Наргиза Зоитова. – Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти билан ҳамкорликда буюк шоирнинг барча асарлари электрон шаклга ўтказилиб, аудио варианти билан бирга сайтимизга жойлаштирилди. Бу бўлимдаги ҳар бир асар имкони борича асл нусха билан солиштирилган. Масалан, шоирнинг «Бадойиъ ул-бидоя» девонига Ўзбекистон Фанлар академияси Ҳ.Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институтидаги “Бадойиъ ул-бидоя” девонининг қўлёзма нусхаси асос қилиб олинган. Сайтда Навоий асарларини ўқиш жуда қулай. Бугунги ўқувчи учун бироз қийин бўлган эски ўзбек тилидаги сўзлар алоҳида кўрсатилган бўлиб, уларнинг устига компьютер тугмаси олиб борилиши билан ҳозирги адабий тилимиздаги маъноси намоён бўлади.   

          Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кенг қўлланилаётган ахборот-коммуникация технологиялари кутубхона фойдаланувчилари учун ҳам беқиёс имкониятлар яратмоқда. Уларнинг эҳтиёжи ва халқаро тажриба ҳисобга олинган ҳолда, ўқув заллари ҳар томонлама такомиллаштирилди. Фонднинг электрон шаклга ўтказилган қисмидан фойдаланиш имконини берадиган электрон кутубхонанинг ихтисослашган зали, матн, овоз, графика ва тасвирларни акс эттирадиган мультимедиа технологиялари зали ташкил этилди. Интерфаол маълумотхона панели ва дўконлари ўқув залларининг жойлашуви, муайян китоб, келган янги адабиётлар, таклиф этиладиган хизматлар ҳақидаги зарур маълумотларни мустақил ҳамда тез топиш имконини беради. Бундан ташқари, барча ўқув зали, уларга туташ жойларда симли ва симсиз технологиялар орқали электрон каталог ҳамда интернетдан фойдаланиш таъминланган.

          Миллий кутубхона таркибидан Республика йиғма электрон каталог маркази жой олган. Шу асосда мамлакатимизнинг электрон кутубхонага эга ҳар бир ахборот-кутубхона муассасасида қандай адабиётлар мавжудлигини билиб олиш имконини берадиган маълумотларни тақсимлаш базаси яратилмоқда.

          Бугун ҳар бир китобхон мамлакатимизнинг қайси тумани ёки дунёнинг қайси бурчагида бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ресурсларидан унинг www.natlib.uz сайти орқали кенг фойдаланиши мумкин. Бу ерда фондларнинг электрон каталоги ва рақамли форматдаги тўлиқ матнли кутубхона жойлаштирилган. Сайт ресурсларини кенгайтиришга доир ишлар давом эттирилмоқда.

          Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Германия, АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Россия каби давлатлардаги ўттизга яқин нуфузли кутубхона билан ҳамкорлик ўрнатган. Китобхонлар учун EBSCO Publishing, Oxford University, JSTOR, Aluka, Cambridge Journals Online каби халқаро илмий-тадқиқот манбаларидан бепул фойдаланиш имкони яратилган.

           2013 йил 17 декабрда Президентимизнинг “Корея Республикасининг иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик фондининг молиявий кўмагида “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳасини биринчи навбатда амалга ошириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга асосан Миллий умумтаълим электрон тармоғи яратилиб, кутубхоналарнинг ўзаро ресурс алмашинувини таъминлаш, уларни ягона жойда жамлаш ва дистанцион хизматларни жорий этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, махсус мультимедия ва рақамлаштириш маркази очилиши белгиланган.

          – Давлатимиз раҳбари кутубхонамиз олдига муҳим ва масъулиятли вазифаларни қўйди, – дейди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Асаджон Хўжаев. – Кутубхонамиз ахборот-кутубхона фаолияти ва уни янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда муҳим бўғинлардан бири сифатида фаолият кўрсатмоқда. Кутубхонада энг юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган шароитлар яратилган. Бундай ғамхўрлик боис юртимизда етук билимли, юксак маънавий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган, келажакка дадил ишонч билан қарайдиган баркамол ёш авлод тарбияланмоқда. Бунда халқимиз ва жаҳон цивилизациясининг улкан маънавий, илмий ва маданий мероси кўз қорачиғидек асраб-авайланаётган, қалбларга эзгулик ва зиё улашаётган Ватанимиз бош кутубхонасининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигидан мамнунмиз.

 

Дилшод КАРИМОВ,

ЎзА мухбири

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.