Мазкур лойиҳа Хоразм вилояти “Коррозияга қарши изоляция илмий маркази” хусусий корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида ёғ-мой комбинатлари чиқиндиси бўлган госсипол смоласи асосида жаҳон стандартларига тўла мос келадиган, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган нефтсиз қурилиш битумлари олишнинг мукаммал технологиясини яратилиб, амалиётга татбиқ қилинган.
Бугунгача ёғ-мой комбинатларининг кўп минг тонналик чиқиндиси бўлган госсипол смоласини кенг доирада ишлатиш ҳал қилинмаган эди.
Ушбу изоляцион материалдан ер усти ва остида, ҳатто сув остида иншоотлар, қурилиш конструкциялари, фундаментлар, магистрал қувурларни гидроизоляция қилишда, коррозия ва эрозиядан ҳимоялашда фойдаланиш мумкин, шунингдек том ёпишда ишлатилади.
Лойиҳа доирасида модель ускунада нефтсиз битумлар ишлаб чиқаришнинг технологик параметрлари тўлиқ ўрганилди. Тажриба-саноат намуналари ишлаб чиқарилди ва уларнинг физик-механик хоссаларини Ўздавстандарт талаблари асосида аниқланди, тегишли лабораторияларида синовдан ўтказилди, шу билан бирга юртимизнинг турли саноат объектларида қўлланилиб, янги тур маҳсулотга халқаро ISO 9001 мувофиқлик сертификати олинди, дейилади вазирлик хабарида.
Масаланинг иккинчи томони шундаки, ҳозирги кунларда госсипол смоласи Республикамиз ёғ-мой комбинатларида чиқинди бўлиб, қўшимча экологик муаммоларни туғдирмоқда. Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсадни амалга ошириш натижасида бир вақтнинг ўзида ушбу чиқиндидан халқаро даражадаги битум маҳсулотлари олинади, ҳамда бу чиқинди билан боғлиқ экологик масалалар ўз-ўзидан ҳал бўлади. Ёғ-мой комбинатларини чиқиндисиз корхоналар қаторига қўшилишига замин яратилади.
Нефтсиз битумларнинг тажриба – саноат намуналари Осиё, Европа, Америка ва МДҲ давлатларида ўтказилган халқаро ярмаркаларда намойиш этилган.
Бугунги кунда мамлакатимизга 700 000 тонна битум валюта ҳисобига импорт қилинади. Мазкур лойиҳа доирасида 2020-2021 йилларда йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 500 тоннани ташкил этиш мўлжалланган. Кенг миқёсда ишлаб чиқариш ташкил этилса, Республика бўйича йилига 30 000 тоннадан ортиқ нефтсиз битум ишлаб чиқариш имконияти туғилади.
Манба: Kun.uz