Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Қизилқум саҳроси. Ястаниб ётган қирларга туташ барханлар. Бундан бир неча йиллар олдин мана шу ҳувиллаган кенгликда мисли кўрилмаган ўзгаришлар содир бўлди. Ўзининг жозибадорлиги ҳамда Менделеев даврий жадвалида акс этган жамики металларга бой саҳро бағридаги табиий бойликларни ўзлаштириш йўлида дадил қадам ташланди.
«Мурунтов» конининг очилиши халқаро геологлар жамоатчилиги томонидан ўтган асрнинг қимматбаҳо металлар соҳасида қилинган энг катта кашфиёти сифатида тилга олинади. Бугунги кунда ҳам ушбу улкан кон иқтисодиётимиз ривожида ўз ўрнига эга.
Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, қўлга киритаётган ютуқларимиз доимий равишда дунё миқёсида юксак эътироф этилиб келинмоқда. Яқинда Канаданинг нуфузли «Kitco» компанияси эълон қилган рейтингга кўра, «Мурунтов» кони 2020 йилда жаҳондаги энг йирик олтин конлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади. Бу хушхабар ана шундай эътирофнинг амалдаги намунасидир. Бу билан йиллар давомида дунёдаги энг йирик олтин кони мақомини сақлаб қолиб, келажакда жонажон корхонамиз равнақи ва юртимиз иқтисодиётига барқарор хизмат қиламиз.
Жамоамиз аҳлининг азму шижоати билан ўтган йили 2 миллион унциядан зиёд олтин қазиб олиб, дунёдаги энг етакчи компанияларни ҳам ортда қолдирдик. Пировардида иккинчи ўрин 1,6 миллион унция олтин қазиб олинган АҚШнинг «Карлин» конига, учинчи ўрин эса Россиянинг «Олимпиада» конига насиб қилди.
Эришилган барча натижаларда ишчи-хизматчиларимиз фидокорона меҳнати мужассам. Эътироф ва муваффақиятлар бизни янги марраларга руҳлантиради.
…1958 йилдан бошлаб конда бурғулаш ишлари ўрганилиб, рудани қазиб олиш, қайта ишлаш мажмуалари фойдаланишга топширилди ва очиқ кон қазиш ишлари бошланди. 1967 йилнинг 5 мартида «Мурунтов» очиқ конида биринчи оммавий портлатиш ишлари амалга оширилди.
1969 йил 21 июль. Бу кун чўллар қаърида яшириниб ётган табиий бойликларни қидириб топишга жазм этган жамоа ҳаётида муҳим сана ҳисобланади. Шу куни оғирлиги 11 килограмму 820 грамм бўлган «Мурунтов» кони олтинининг биринчи қуймаси олинган. Бу маҳсулот халқаро ташкилотларнинг юксак даражадаги эътирофига сазовор бўлган. Ўзбекистон фонд биржасидан рўйхатдан ўтган товар белгиси бутун дунёдаги маҳсулотларнинг энг юқори сифатини акс эттирувчи тамға сифатида тан олинган.
Йиллар ўтгани сари кон фаолиятида ҳам илм-фан ва техника ютуқларига уйғун равишда ишлаб чиқариш технологияларининг изчил такомиллашиб бориши кузатилди, муҳим технологик қарорлар қабул қилинди. Жумладан, 1993 йилдан бошлаб коннинг чуқурлиги ортиши билан дастлаб кенг фойдаланилган «БелАЗ» автосамосваллари билан бир қаторда юк кўтариш имкони 170 ва 140 тонна бўлган «Юклид» ва «Катерпиллар» русумли автосамосваллар олиб келинди. Мазкур техник қувватлар маъданни ташиш ишларини бажариш билан бир қаторда қулай имкониятларга ҳам эга. Уларнинг ёрдамида кон чуқурлигини ошириш баробарида қазиб олиш ҳажми кенгаймоқда.
1998 йилда конда тажриба сифатида GPS технологиясидан фойдаланган ҳолда тоғ ишларини автоматик тизимда бошқаришнинг биринчи навбати йўлга қўйилди. 1999 йилда эса мазкур технологияни янада мукаммаллаштирган ҳолда GPS спутник алоқадан фойдаланиш тизимига ўтилди. Бу эса ўз навбатида транспорт воситаларидан фойдаланишни оптималлаштириш билан бирга бутун тоғ комплекс ишини бошқаришни назорат қилиш самарадорлигини оширди. Автосамосваллар ва экскаваторларда ўрнатилган узатгичлар cпутник канали орқали марказий компьютерга сигнал беради. Марказдаги кузатувчи оператор муттасил монитор экранидан коннинг юклаш зонасидан юкни тўкиш пунктларигача бўлган барча участкалардаги транспорт ва юклаш ускуналарининг ҳолатини назорат қилади. Бундан ташқари мазкур қурилма кондаги юк оқимини бошқариш тезкорлигини таъминлаш билан бирга самосваллар ҳамда экскаваторларни қайта юклаш пунктларига тақсимлайди.
Айтиш керакки, «Мурунтов» кони маъданлари жуда мураккаб кон-геологик тузилишга эга. Уларни қазиб олишга тайёрлашда ўзига яраша ёндашув талаб этилади. Бунда бурғулаш ва портлатиш ишлари параметрлари белгиланади. Портлатиш ишларининг хавфсизлигини ошириш ва портлатишга кетадиган вақтни қисқартириш мақсадида 1996 йилда «ДРУЗА» радиобошқарув тизими ишга туширилган. Ушбу тизим ёрдамида алоҳида блоклар орасида ўтказиладиган портлатишларни хоҳлаган вақт оралиғида ўтказиш ҳамда оммавий портлатишни исталган пайтда тўхтатиш мумкин. Ушбу ишларни бошқариш хавфли зонадан хавфсиз масофада олиб борилади.
Отабек РАВШАНОВ, «Мурунтов» кони бошлиғи