Совуқ уруш тугаб, СССР парчалагандан сўнг Марказий Осиёдаги туркий давлатлар ва Озарбайжон мустақилликка эришди. Дунё сиёсий харитасида Туркия ва Шимолий Кипр Турк Республикаси қаторида пайдо бўлган бешта янги туркий республика қисқа муддатда кўпгина ички вазифаларни ҳал этиши зарур эди: янги мафкурани шакллантириш ва миллий қадриятларни тиклаш, миллий ўзига хослик ва миллий давлатни ривожлантириш, сиёсий стратегияни ишлаб чиқиш, режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш, миллий валютани жорий этиш ва янги молия тизимини шакллантириш, ижтимоий сиёсатни белгилаш, миллий тарихни қайта кўриб чиқиш шулар жумласидан. Бу ички муаммолар қаторида, ёш давлатлар қисқа вақт ичида ташқи сиёсат йўналишларини белгилаши, бошқа мамлакатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатиши ва жаҳон ҳамжамиятига интеграция жараёнларида фаол қатнашиши зарур эди. Туркий давлатлар мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган Туркия уларнинг тикланишига катта ҳисса қўшди ва кўп ёрдам кўрсатди. Шунингдек, Туркия янги давлатларнинг ғарбий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигида йўл кўрсатувчи вазифасини ўтаб, туркий дунё доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласини кўтарди.
2010 йилда Истанбул саммитида таркибий тузилма – Туркий Кенгаш расман таъсис этилди, унга 2009 йилдаёқ савдо, энергетика, транспорт, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кўзда тутган Нахичеван битими томонидан асос солинган эди. Туркий Кенгашга қўшимча тарзда Давлатлар раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Оқсоқоллар кенгаши, Катта мансабдор шахслар кенгаши ва Истанбулда жойлашган Котибият ҳам ташкил қилинди. 2010 йилда Туркий Кенгаш расман иш бошлади, унинг мақсади аъзо давлатлар ўртасида сиёсат, иқтисодиёт, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги умумий вазифаларни амалга ошириш ҳамда терроризмга ва ноқонуний савдога қарши курашни самарали мувофиқлаштириш орқали Евроосиёда тинчлик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдан иборат. Истанбул саммитида қабул қилинган қарорларга мувофиқ таълим, иқтисодиёт, хавфсизлик ва маданият соҳаларида лойиҳалар бошлаб юборилди, бу эса туркий дунёнинг умумий нигоҳини қўллаб-қувватловчи ҳамкорликнинг комплекс платформасини яратди.
Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ): асосий мақсад ва вазифалар
● Туркийзабон давлатларнинг иқтисодиёт, савдо, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар, таълим ва маданият соҳаларидаги интеграциясини чуқурлаштириш.
● Минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатни мувофиқлаштириш, туркий дунёни халқаро миқёсда танитишга ёрдам берувчи қўшма сиёсий платформани ривожлантириш.
● Ягона инфратузилмани, шу жумладан, Туркий инвестиция жамғармаси, «Ўрта йўлак» (транспорт-логистика лойиҳаси)ни яратиш, таълим ва маданият соҳаларида ўзаро ташаббусларни илгари суриш.
● Барқарор ривожланиш ва инновацияларга ёрдам: «яшил» технологиялар ва «ақлли» шаҳарлар бўйича лойиҳалар; энергетика хавфсизлиги ва рақамлаштириш.
● «Нигоҳ 2040» орқали умумий келажакни шакллантириш, у қуйидагиларни кўзда тутади: узоқ муддатли истиқболда стратегик режалаш; аъзолар ва кузатувчилар манфаатларини мувофиқлаштириш; учинчи мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик.
● Ёшлар орасида ўзаро маданий ва тарихий лойиҳалар орқали туркий ўзига хослик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш.
ТДТ саммитлари: мавзулар, вазифалар ва қарорлар
1992 йил 31 октябрда Туркия Президенти Тургут Ўзал раҳбарлигида ўтган туркийзабон давлатлар раҳбарлари учрашуви алоҳида аҳамиятга эга. Туркия институционал ҳамкорлик дебочасида етакчи рол ўйнади, қабул қилинган қарорлар туркий дунё минтақавий интеграциясининг узоқ муддатли келажаги учун замин яратди. Ўша вақтдан бошлаб туркийзабон давлатлар раҳбарлари саммитлари расман, мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда, улар туркий дунё мамлакатлари ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, хавфсизлик, таълим ва иқтисодий ривожланиш каби соҳаларда институционал ҳамкорлик учун асос солди (жадвал).
Туркий Кенгаш доирасидаги ҳамкорликнинг иқтисодий кўрсаткичлари
Туркий Кенгашга аъзо давлатларнинг аксарияти Марказий Осиёда, туркий халқлар ватанида жойлашгани сабабли бу минтақа стратегик аҳамиятга эга, чунки Россия, Хитой, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистон каби муҳим давлатлар билан чегарадош. У газ ва нефть каби бой табиий захираларга эга, шунингдек, Хитойнинг «Бир макон – бир йўл» ташаббуси йўлида жойлашган бўлиб, Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк вазифасини бажаради.
Туркий Кенгаш аъзо мамлакатлар ва кузатувчилар мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун турли стратегик қадамларни қўймоқда. 2023 йилда Озарбайжон иқтисодий ислоҳотлар ва коммуникацион таҳлил маркази билан ҳамкорликда илк марта 8 тилда «Туркий давлатлар иқтисодий шарҳи» тайёрланди ва эълон қилинди (Туркий Кенгаш, 2023).
2023 йилда Анқарада ташкил этилган Туркий инвестиция жамғармаси ҳисобига молиявий ҳамкорлик юритиш эса иқтисодий интеграция жараёнининг муҳим жиҳатларидан биридир. Ушбу жамғарма Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркия томонидан таъсис этилган. 2024 йилда Истанбулда жамғарма бошқарувчиларининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Туркий инвестиция жамғармаси туркий дунё мамлакатларининг иқтисодий интеграцияси учун биринчи қўшма молиявий муассасадир. Жамғарманинг асосий мақсадлари: туркий мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш; инфратузилма, қайта тикланувчи энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги, туризм ва ахборот технологиялари каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш; ижтимоий муҳим лойиҳаларни амалга ошириш учун молиялаштириш, грантлар ва техник ёрдамни ривожлантириш; ТДТ мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш. 2024 йилда ўтган 11-саммитда (Бишкек) ТДТ иштирокчилари Бишкек декларациясини қабул қилди, бу ҳужжат иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, рақамли трансформация, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик бўйича қатор мақсадларни ўз ичига олган. Мамлакатлар ўртасида товар айланмасини ошириш, тўғридан-тўғри инвестицияларни рағбатлантириш ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш режаланмоқда. Шунинг доирасида 2025 йилда Турон эркин иқтисодий зонаси (TURANSEZ)ни ишга тушириш режаланган бўлиб, у ТДТ мамлакатлари ўртасида иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришга ва минтақавий инвестиция имкониятларини кенгайтиришга қаратилади.
2024 йилда ТДТ мамлакатларининг жаҳон иқтисодиётидаги улуши тахминан 2 фоизни, уларнинг умумий ЯИМ ҳажми 2,1 трлн. долларни ташкил этди, бу эса жаҳон ЯИМ ҳажмининг 1,8 фоизига тўғри келади. Бу борада туркий давлатлар иқтисодий ўсишнинг янада юқори суръатларини намойиш этди: жаҳон иқтисодиётининг умумий ўсиши 3,2% ошган бир пайтда, уларнинг ЯИМ ҳажми 5,2% ошди. Яна бир муҳим жиҳати шуки, 2025 йилга келиб, ТДТ мамлакатлари аҳолиси 178,8 млн. кишига етди, бу эса жаҳон аҳолисининг 2,8 фоизини ташкил этади. Бу рақамлар туркий мамлакатларнинг ҳам иқтисодиёт, ҳам жаҳон миқёсидаги демография нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эгалигини намойиш қилади. Айтиш керакки, ТДТ мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 2016 дан 2024 йилга қадар 2,7 баробар ошиб, 36,7 млрд. долларни ташкил этди. ТДТ иштирокчи ва кузатувчи мамлакатлари ташқи савдосининг умумий ҳажми 2024 йилда 1,2 трлн. доллардан ошди, номинал ЯИМ эса 2,1 трлн. долларни ташкил қилди (харид қобилияти паритети бўйича — 5,6 трлн. доллар).
2024 йилда ТДТ мамлакатлари макроиқтисодий кўрсаткичлари
2024 йилда ТДТ мамлакатлари макроиқтисодий кўрсаткичлари таҳлилига кўра барча туркий мамлакатларда ЯИМ ошган, ўртача ўсиш суръати 5,52 фоизни ташкил этган, бу эса анча юқори кўрсаткич. Энг юқори ўсишни Қирғизистон (9%), энг кичик ўсишни Туркия намойиш этди (3,2%).
Нур ЧЕТИН, профессор, доктор, Қиршеҳирдаги Ахи Эвран университетининг Иқтисодиёт ва маъмурий фанлар факультети декани, халқаро муносабатлар кафедраси мудири
Fikr bildirish