Стратегия, технология ва меҳнатга ҳурмат тарихи

1-2/2025

 
     Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон ва Европанинг бир қатор давлатларида фаолият юритаётган ZELAL TEKSTIL компаниялар гуруҳи – тўқимачилик соҳасида кучли ишлаб чиқариш салоҳиятига эга. Унинг асосчиси ва раҳбари – жаноб Фират ДЕНИЗ тўқимачилик саноатида тан олинган мутахассис ҳисобланади.
     Эксклюзив интервьюда у глобал тенденциялар, ўз компаниясининг ишлаш тамойиллари ҳақида сўзлаб берди ҳамда ёш тадбиркорларга фойдали маслаҳатлар берди.
 
     – Жаноб Фират Дениз, Ўзбекистонда ва жаҳонда тўқимачилик соҳаси­нинг ҳозирги ҳолатини қан­дай ба­ҳолайсиз?
     – Замонавий тўқимачилик саноати чуқур трансформация босқичини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистонда эса бу соҳанинг жадал ривожланаётганини кўряпмиз: давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳия­тининг ўсиши, инновацияларни жорий этиш – буларнинг барчаси мамлакатни минтақадаги етакчи ўйинчилардан бирига айлантирмоқда.
     Глобал миқёсда эса соҳамиз янги муаммоларга – геосиёсий беқарор­ликдан тортиб логистикадаги чек­ловларгача дуч келмоқда. Лекин ай­нан технологиялар бизнинг ишонч­ли ҳамкоримизга айланмоқда. Автоматлаштириш, рақамлаштириш, экологик тоза ишлаб чиқаришга ўтиш – бу энди тренд эмас, балки зарурат. Бугун мослашув тезлиги ҳажм­лардан муҳимроқ, барқарор ривожланиш эса қисқа муддатли фойдадан устун.
     – Ишлаб чиқариш гуруҳингиз тузилмаси ҳақида сўзлаб беринг. Қайси йўналишларни ривожлантиряпсиз?
     – Бизнинг компаниялар гуруҳи вертикал интеграция тамойиллари асосида қурилган. Биз хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган бутун циклни қамраб оламиз.
● Zelal Tekstil (Тошкент) – бизнинг флагман корхонамиз. Корхона кунига 100 минг кг гача трикотаж матоси ишлаб чиқаради ва энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Айни пайтда Тошкентдан 20 км узоқликда жойлашган, кунига 150 тонна мато ишлаб чиқарадиган йирик текстиль мажмуаси қурилмоқда (майдони – 110 минг кв. м).
● Zilan Tekstil (Термез) — замонавий ип йигирув корхонаси бўлиб, режалаштирилган қуввати суткасига 35 тонна ип ишлаб чиқаришни ташкил этади. Фабрикада 500 нафар ходим фаолият юритади. Бу корхона ички ва ташқи ишлаб чиқариш объектларини хомашё билан таъминлайдиган асосий бўғин ҳисобланади.
● Zilan Eversun Tekstil (Қара-Балта, Қирғизистон) – трикотаж матоларини ишлаб чиқарувчи корхона. Ассортиментга поларфлис, велсофт, интерлок ва бошқа турдаги матолар киради. Ҳозирги ишлаб чиқариш қуввати – кунига 10 тонна, келгусида 30 тоннагача ошириш режалаштирилган. Фабрика минтақада ижтимоий аҳамиятга эга муҳим рол ўйнайди.
● Deniz Teks — тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхона. Корхона қуввати бир кунда 50 000 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради, уларнинг катта қисми Европа ва МДҲ мамлакатларига экспорт қилинади. Биз маҳсулотларимиз­нинг юқори сифатини таъминлаш ва эксклюзивлигини кафолатлаш мақсадида ўз корхоналарда ишлаб чиқа­рилган матолардан фойдаланамиз.
● Девелопмент ва қурилиш – ало­ҳида йўналиш бўлиб, унда биз саноат ва турар жой лойиҳаларини тўлиқ циклда амалга оширамиз (ло­йиҳалашдан тортиб фойдаланишга топширишгача).
Барча корхоналар ягона механизм сифатида ишлайди. Бу бизга сифатни назорат қилиш, бозорнинг ўзгарувчан шароитида мослашувчан бўлиш, янги тенденцияларни англаш ва ташқи хатарларни минималлаштириш имконини беради.
     – Сизнинг хорижий ваколатхоналарингиз қаерларда жойлашган ва уларнинг роли қандай?
     – Биз халқаро тармоқни фаол ривожлантирмоқдамиз. Ваколатхоналар ва филиалларимиз:
● Туркия, Польша (Лодзь), Италия (Прато) – бу ерда дистрибуция, дизайн ва Европа брендлари билан шериклик алоқалари жамланган;
● Россия (Москва, Иваново, Пятигорск), Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон – логистика, сотиш ва мижозларга тўғридан-тўғри етказиб бериш таъминланади;
● Қирғизистон ва Кавказ – бу ерда қайта ишлаш, омборлар ва савдо марказлари жойлашган.
     Бундай тақсимот истеъмолчига яқин бўлиш ва бозор ўзгаришларига тез жавоб бериш имконини беради.
     – Қайси мамлакатларга маҳ­сулот экспорт қиласиз ва қайси турлари энг кўп талабга эга?
     – Бизнинг экспортимиз Германия, Италия, Франция, Туркия, Россия, Қо­зоғистон ва Хитой ҳамда 30 дан ор­тиқ мамлакатларни қамраб олади. Энг машҳур маҳсулотлар: пахта ва полиэфир матолар; тайёр кийим-кечак; экологик тоза ва барқарор технологиялар асосида ишланган маҳсу­лотлар. Бизнинг маҳсулотимиз юқори сифат, экологик тозалик ва мижоз эҳтиёжларига мослашиш қобилияти билан қадрланади. Халқаро сертификатларга эгамиз, бу бизга хорижий бозорларга муваффақиятли кириш ва жаҳон стандартларига жавоб бериш имконини беради.
     – Қурилиш ҳақида сўзладингиз. Бу тўқимачилик соҳаси билан қан­дай боғлиқ?
     – Биз учун қурилиш — бу ривожланишнинг умумий стратегиясининг давомидир. Биз фақат ишлаб чиқа­риш мажмуаларини эмас, балки турар жойларни ҳам барпо этамиз. Режаларимизда мактаблар ва болалар боғчаларини қуриш ҳам бор. Барча объектларимизда ижтимоий инфратузилма, қуёш панелларидан фойдаланиш ва кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар назарда тутилган.
     – Сизнинг корпоратив ижтимоий масъулият дастурингизга нималар киради?
     – Биз инсонларга сармоя киритамиз: ижтимоий объектлар ва турар жой мажмуаларини барпо этамиз, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишга эътибор қаратамиз, тўлиқ овқатланишни таъминлаймиз, транспорт хизматларини кўрсатамиз, дам олиш ҳудудларини ташкил этамиз. Шунингдек, ходимларимиз учун ўқув ва малака ошириш курсларини ўтказамиз. Бизнинг мақсадимиз – фақат ходим ёллаш эмас, балки ҳар бир инсон жамоанинг бир қисми ва умумий ишда муҳим иштирокчи эканлигини ҳис қиладиган муҳит яратишдан иборат.
     – Кейингги 5–10 йилда гуруҳ олдига қандай вазифалар қўйилган?
● экспортни ошириш ва етказиб бериш географиясини кенгайтириш;
● янги бозорларни эгаллаш;
● яшил технологияларни жорий этиш;
● рақамлаштириш ва автоматлаштиришни давом эттириш;
● малакали кадрларни тайёр­лашга сармоя киритиш бизнинг асосий вазифамиз.
     Мақсадимиз эса фақат ишлаб чи­қарувчи бўлиб қолмасдан, тўқимачи­лик саноатининг келажагини шакл­лантираётган етакчига айланишдир.
     – Жаноб Фират Дениз, ўзингиз ҳақин­гизда ҳам бироз сўзлаб берсангиз. Сизнинг касбий фаолиятингиз нимадан бошланган? Ёш тадбиркорларга қандай масла­ҳатлар берасиз?
     – Менинг фаолиятим болаликдан бошланган – мен кўпинча амаким билан фабрикаларга борганман, у ўз ишининг ҳақиқий устаси эди. Айнан ўша ерда, ускуналар ва матолар орасида менинг биринчи мактабим бўл­ган: кузатганман, ўрганганман, ҳара­кат қилганман. Ҳали ҳам биринчи маротаба ўзим ишлаб чиқарган тўқи­мани эслайман. Бу тажриба менга меҳнатга ҳурмат билан қарашни, иш­лаб чиқариш жараёнларини ички томондан тушунишни ва масъулиятни ўз зиммамга олишдан қўрқмас­ликни ўргатган.
     Йиллар ўтиши билан ҳаёт менга ҳар томонлама ва қимматли тажриба берди. Энг муҳими – бирор муҳим нарсага эришиш учун таваккал қи­лиш керак. Аммо таваккални ҳам ақл билан қилиш керак.
     Ёшларга маслаҳатим: цехларга, омборларга, устахоналарга боринглар – айнан ўша ерда касбни ҳақиқий тушуниш бошланади. Хатолардан қўрқманглар, улар ўсишнинг бир қис­мидир. Ўрганинглар, яна ўрганинглар. Ишингизни қизиқиш билан, ҳалол ва қалбдан қилинг – шунда муваффа­қиятга албатта эришасиз.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.