Жаҳон иқтисодиёти шиддат билан ўзгараётган шароитда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида савдо-саноат иттифоқларини ташкил этиш барқарор ривожланиш учун муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода туркий дунё ишбилармон доиралари ҳаракатларини бирлаштириш алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Раиси Даврон ВАҲОБОВ билан эксклюзив интервью чоғида у қардош мамлакатларнинг савдо палаталари олдида турган истиқбол ва чақириқлар ҳақида ўз фикрларини баён этди.
– Даврон Абдужалолович, бугун туркий давлатларнинг турли ташкилотлари ўртасида фаол интеграция жараёни кечмоқда, Савдо-саноат палаталари ҳам бундан мустасно эмас. Маълумки, Туркий давлатлар савдо-саноат палаталари иттифоқи 2023 йилда Туркий савдо-саноат палатаси негизида ташкил этилган. Бундай иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболлари қандай?
– Туркийзабон мамлакатлар ўртасида минтақавий иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари порлоқ. Биз ўзаро савдо барқарор ўсишини кузатмоқдамиз – 2023 йилдагина ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 27 %га ўсиб, 42 млрд. АҚШ долларига етди. Туркий давлатлар савдо-саноат палаталари иттифоқи ва бошқа қўшма ташкилотлар (масалан, Туркий инвестиция жамғармаси) яратилиши ҳамкорлигимизни мустаҳкамламоқда. Бу эса шуни англатадики, биз келгусида тўсиқларни самарали бартараф этишга, кўпроқ қўшма лойиҳаларни ишга туширишга ва эҳтимол, мамлакатларимиз ўртасида махсус преференциал тартибларга ўтишга муваффақ бўламиз. Ўзбекистон ўз томонидан туркий ҳамкорлик доирасида иқтисодий интеграцияни кучайтиришга мойил бўлиб, бизнес ва инвестициялар учун очилаётган имкониятлардан тўла фойдаланишга тайёр.
– 2024 йил февралида Бутунжаҳон Европа ва Осиё Савдо саноат палаталари федерацияси саммити бўлиб ўтиб, миллий палаталар раҳбарлари ва Туркий савдо-саноат палатаси иттифоқи котибияти ишчи учрашуви ташкил этилди. Саммит ва ТДТ палаталари учрашуви формати ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Бутунжаҳон палаталар федерацияси саммити майдонида 2024 йил ноябрда туркий давлатлар савдо-саноат палаталари раҳбарларининг алоҳида учрашуви бўлиб ўтди. Ишчи форматида бир стол атрофида миллий палаталар раҳбарлари ва Савдо-саноат палаталари иттифоқи котибияти йиғилиб, бажарилган ишлар ва келгуси режаларни муҳокама этди. Бундай формат тезкор тажриба алмашишга, умумий ташаббусларни мувофиқлаштиришга ва қатор масалалар бўйича якдил нуқтаи назарни ишлаб чиқишга имкон яратди. Биз Туркий давлатлар савдо-саноат палаталари иттифоқи ютуқларини халқаро ҳамкасбларга тақдим этиб, туркий минтақа бизнеси манфаатларини жаҳон миқёсида биргаликда илгари суришга тайёрлигимизни таъкидладик. Бундай учрашувлар палаталар ўртасида ҳамфикрликни мустаҳкамлаб, ҳамкорлигимиз самарадорлигини оширади.
– Туркий давлатлар савдо-саноат палаталари иттифоқи аъзолари ўз фаолиятида таянадиган асосий тамойиллар ва устуворликлар ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Туркий давлатлар савдо-саноат палаталари иттифоқи фаолияти тенг ҳуқуқли шериклик, ўзаро манфаат ва мақсадлар бирлиги тамойилларига асосланади. Қарорлар жамоа бўлиб, ҳар бир тараф манфаатларини ҳисобга олиб қабул қилинади. Иттифоқнинг асосий устуворликлари – мамлакатларимиз ўртасида савдо ва инвестициялар ўсишига ёрдам бериш, тадбиркорлик учун шароитларни яхшилаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишдир. Иттифоқ савдо ва саноат кооперациясидан бошлаб, транспорт, энергетика ва туризмгача соҳаларни қамраб олган кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш учун самарали майдонча бўлиб хизмат қилади. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга, амалий ахборот алмашиш ва савдода тўсиқларни бартараф этишга катта эътибор берилади. Бу ҳаракатларнинг барчаси туркийзабон мамлакатлар барқарор иқтисодий ривожланишга биргаликда эришишига қаратилган.
– ТДТ савдо-саноат палаталари иттифоқи сўнгги вақтларда туркий давлатлар товар айланмасининг кўрсаткичлари яхшиланишига қандай ёрдам бермоқда?
– Савдо-саноат палаталари иттифоқи ўзаро савдо ўсишини ҳаракатлантирувчи куч вазифасини ўтайди. Бу майдонча орқали мунтазам бизнес-форумлар, B2B-учрашувлар ва савдо миссиялари ўтказилиб, улар турли мамлакатлар тадбиркорларини бевосита учраштириб, янги келишувлар тузишга ёрдам беради. Палаталар маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш, стандартларни уйғунлаштириш ва логистикани енгиллаштириш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиради, бу эса савдо айланмасида ижобий акс этади. Натижада ташқи ларзаларга қарамай, туркий давлатлар ўртасидаги савдо ҳажмлари ўсишни намойиш этмоқда. Глобал беқарорлик шароитида савдо муносабатларини барқарор ривожлантириш учун қўшма ҳимоя механизмларини ишлаб чиқмоқдамиз. Транспорт-логистика соҳасида узвий ҳамкорлик (масалан, «Ўрта йўлак» каби муқобил йўналишларни ривожлантириш), шунингдек, оддий божхона тартиб-қоидалари ва рақамли ечимларга ўтиш, таваккалчиликларни суғурталаш учун молиявий воситалардан фойдаланиш ҳақида гап бормоқда. Мамлакатларимиз жаҳон протекционизмига қарши чора сифатида ўзаро очиқ савдо сиёсатига амал қилишга келишиб олди. Бу чораларнинг барчаси ҳеч қандай ташқи омиллар савдонинг барқарор ўсишига халал бермаслиги учун минтақавий савдо алоқаларини янада барқарорлаштиришга имкон яратади.
– ТДТ мамлакатлари ўртасидаги экспорт-импорт амалиётларида қандай маҳсулот ва хизматлар энг юқори талабга эга?
Fikr bildirish