Истиқлол йилларида амалга оширилган устувор ислоҳотлар барча соҳаларнинг ривожланишини таъминлаш билан бир қаторда меҳнат бозорига инсон капиталини асосий етказиб берувчиси сифатида таълим тизимининг аҳамиятини кескин оширмоқда. Шунингдек, юқори технологиялар билан таъминланган кўплаб мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг ташкил этилаётгани ҳам соҳада самарали натижаларга эришилаётганидан далолат бермоқда. Қолаверса, юртимиз иқтисодиётида таркибий ўзгаришлар рўй бераётгани, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик рағбатлантирилаётгани ҳам соҳа ривожида ўзига хос ўрин тутмоқда.
Давлатимиз томонидан ёшларнинг билим олиши ва келажакда яхши мутахассис бўлиши учун барча шароитларнинг яратиб берилаётгани, юртимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани боис кўплаб ёшларимиз юксак муваффақиятларга эришмоқда. Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун меҳнат бозорида талаб юқори бўлган муҳандис, механик, меъмор, маркетолог, IT-мутахассислари, PR-менежерлар, бухгалтер ва бошқа кўплаб мутахассислар тайёрланмоқда. Бунда уларга компьютер саводхонлиги ва хорижий тилларни билиши асосий талаб сифатида қўйилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг рақобатлашиш имкониятларини оширмоқда. Зеро, Ватанимиз эртаси бугунги авлод камолотига дахлдор экани ҳеч кимга сир эмас.
Ёшларнинг ўз қизиқиши, иқтидори инобатга олиниб, маълум бир касб танлашига ёрдам бериш мақсадида муассасаларда фаолият юритаётган педагогик жамоа, психолог мутахассислар, оила ҳамда маҳалла ҳамкорлигида ўқувчининг интилиши, қобилияти ва имконияти ўрганилиб, зарур маслаҳатлар берилмоқда. Бунинг натижасида, бандлиги таъминланган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари сони йил сайин ортмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришда турли даражадаги меҳнат бозорлари (маҳаллий, ҳудудий, миллий) доирасида меҳнатга бўлган талабни рағбатлантириш масаласини ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга вазифа ҳисобланади.
«Соғлом она ва бола йили» давлат дастурига мувофиқ, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш механизмини такомиллаштириш, ушбу жараённи қуйидаги йўллар билан доимий мониторинг қилиш кўзда тутилган:
● 2015/2016 ўқув йилининг 478,9 минг битирувчилари билан 200 мингта корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари маъмурияти ҳамда тегишли ҳудуд ҳокимликлари ўртасида мажбурий тартибда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ тўғрисида тўрт томонлама шартнома тузиш чора-тадбирларини амалга ошириш;
● ташкилот ва корхоналар иштирокида ёшларни касбга самарали йўналтириш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш мақсадида «Таълим ва мутахассислик» ҳудудий ва республика кўргазмаларини ўтказиш;
● ишга жойлашган битирувчиларнинг маълумотлар базасини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш;
● квоталанган иш ўринлари белгиланган ташкилотларнинг манзилли рўйхатларини шакллантирган ҳолда имконияти чекланган шахслар (ногиронлар), кўп болали ва кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш.
2008 йилда 82 фоиз касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлиги таъминланган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 93,9 фоизга етган. Республикада жами касб-ҳунар коллежларини битирувчилар таркибида бандлиги таъминланмаганлар улуши йил сайин камайиб, 2008 йилда 18 фоизни, 2015 йилда эса 9,9 фоизни ташкил этган. Бизнинг фикримизча, бандлиги таъминланмаганлар улуши юқори ҳудудларда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги «Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Меҳнат вазирлиги:
● янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури асосида белгиланган янги иш ўринлари ташкил этилишининг доимий мониторингини олиб боради ҳамда ташкил этилган иш ўринларига меҳнат бозорига янги кириб келаётган касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашади;
● туман (шаҳар) марказларида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркаларининг самарали ташкил этилишини назоратга олади;
● меҳнат ресурслари, аҳоли бандлиги ва ишга жойлаштиришнинг 2016 йилги ҳисобот балансида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлиги ҳолати назарда тутилади.
Ўзбекистон Республикасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг аниқ иш ўринларида ишлаб чиқариш амалиётини ўташ ва кейинчалик ишга жойлашишига кўмаклашиш мақсадида битирувчилар учун янги иш ўринлари яратилади ва меҳнат ярмаркалари ташкил қилинади.
Тажрибалар шуни кўрсатадики, ўқувчи-ёшларнинг меҳнат бозори тўғрисидаги билимларини кенгайтириш, ўз карьерасини муваффақиятли ташкил этиш йўллари ҳақидаги тасаввурларини ошириш уларни меҳнат бозорида рақобатга етарлича тайёр бўлишига олиб келади.
Айтиш лозимки, кўпчилик ёшларда ўзи эгаллаётган касб-ҳунар имкониятлари тўғрисида кўпроқ хаёлий таассуротлар устун. Амалий касбий фаолиятга кириб боришнинг биринчи давридаёқ бу тасаввурларнинг амалга ошмаслиги натижасида уларда ҳадиксираш, журъатсизлик билан боғлиқ мураккаб ижтимоий-психик ҳолат юзага келади. Бу борадаги масалаларнинг ечимини топишда касбга йўналтирилган таълим имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш талаб этилади. Жумладан, касбга йўналтирилган таълимни амалга оширишда ўқитиш мақсадлари ва мазмунига асосланган Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асос вазифасини ўтайди.
Касб-ҳунар коллежларида касбга йўналтирилган таълимни жорий қилиш борасида қуйидаги вазифалар амалга оширилиши лозим:
Биринчидан, касб-ҳунар таълими мазмунини модернизациялаш талаблари асосида касбга йўналтирилган таълим мазмуни ва технологияси тузилмасида касбий фаолият элементларини белгилаб олиш;
Иккинчидан, касбга йўналтирилган тайёргарлик босқичларини таълим мазмуни ва технологияси талабларига асосланган ҳолда белгиланиши;
Учинчидан, мутахассис касбий тайёргарлиги мазмунини ишлаб чиқишда касбий билим, кўникма ва малакалар ўрни ва таркибини аниқлаш;
Тўртинчидан, тайёрланаётган мутахассислар чуқур билимга эгалигини таъминлашга оид касбга йўналтирилган таълим мазмунини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш талаб этилади.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, касб-ҳунар-малака нуқтаи назаридан ишчи кучига бўлган талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликни бартараф этиш таълим муассасалари фаолиятида янги ёндашувлар, уларни бандлик соҳасидаги реал аҳволга йўналтиришни талаб қилади.
Бизнинг фикримизча, ушбу муаммо қуйидаги масалаларни ҳал этишни тақозо этади:
● зарур касбий билим, қобилият ва кўникмаларни ҳисобга оладиган батафсил ёритилган малака талабларини, саломатлик ва иш тажрибасига нисбатан талабларни ўз ичига олган профессионал стандартлар тизимини жорий этиш. Мазкур профессионал стандартлар таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими мутахассислиги ва касбий йўналишлар классификатори билан чамбарчас боғлиқ бўлиши даркор;
● таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими мутахассислиги ва касбий йўналишлар классификаторини Касблар миллий стандарт классификатори билан ўзаро боғлаш. Таълим мутахассисликлари ҳамда касблар номларини имкон қадар бир хиллаштириш зарур. Бундан ташқари, маълумотларга автоматлаштирилган тарзда ишлов бериш тизимида бир хил кодировка қилишни таъминлаш учун уларга бериладиган кодларни ҳам бир хиллаштириш лозим;
● иш берувчилар ва меҳнат бозори талаблари ҳамда технологик жараёнларни ўзгаришларидан келиб чиқиб, такомиллаштириш нуқтаи назаридан касб-ҳунар таълимининг мазмун-моҳиятига мунтазам равишда тузатишлар киритишни таъминлайдиган механизм яратиш;
● бир хиллаштирилган Касбларнинг миллий стандарт классификатори асосида миллий меҳнат бозорини таснифлаш (бўғимларга ажратиш). Ташкил қилинадиган бозор бўғимларга ажратиш асосида аниқланади;
● меҳнат бозори аҳволи, истиқболли касблар, касб-ҳунар таълими олиш ва ишга жойлашиш имкониятлари тўғрисида замонавий, тез ишлайдиган, он-лайн режимида янгиланадиган ва республикамизнинг барча ҳудудлари, шаҳар ва туманларини ўз ичига олган ягона ахборот базасини яратиш ва жорий этиш.
Қайд этилган чора-тадбирларни ҳаётга кенг татбиқ этиш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштириш билан боғлиқ комплекс масалаларни ҳал қилиш ниҳоятда зарур ҳисобланади.
Бугунги ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар ёшларни жамиятнинг иқтисодий фаол қатламига айлантиришни талаб этмоқда. Зеро, мустақиллик йилларида аҳолига кўрсатилаётган таълим сифатининг тубдан яхшилангани халқимиз ҳаёт даражасининг юксалишига олиб келмоқда. Юртимизда изчиллик билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад ҳам шу. Бизда ҳамма нарса инсон учун, унинг бахту саодати учун йўналтирилган.
Давлат КУДБИЕВ, и.ф.д, профессор;
Шерзод КУДБИЕВ, мустақил тадқиқотчи