(O´zbek) Kasb-hunar kolleji bitiruvchilarini ishga joylashtirish tizimini takomillashtirish

4/2016

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Истиқлол йилларида амалга оширилган ус­тувор ислоҳотлар бар­ча соҳа­ларнинг ри­вожланишини таъминлаш билан бир қаторда меҳнат бозорига инсон капиталини асосий етказиб берувчиси сифатида таълим тизимининг аҳа­мия­тини кескин оширмоқда. Шунинг­дек, юқори технологиялар би­лан таъминланган кўплаб мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг ташкил этилаётгани ҳам соҳа­да самарали натижаларга эришила­ётганидан далолат бермоқда. Қола­вер­са, юртимиз иқтисодиётида таркибий ўзгаришлар рўй бераётгани, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, ки­чик бизнес ва хусусий тадбиркорлик рағбатлан­ти­рилаётгани ҳам соҳа ривожида ўзига хос ўрин тутмоқда.

     Давлатимиз томонидан ёшларнинг билим олиши ва келажакда ях­ши мутахассис бўлиши учун барча ша­роитларнинг яратиб берилаётгани, юртимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарил­гани боис кўплаб ёшларимиз юксак муваф­фа­қият­ларга эришмоқда. Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг олий, ўр­та махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида иқтисодиётнинг турли тар­моқлари учун меҳнат бозорида талаб юқори бўлган муҳандис, механик, меъмор, маркетолог, IT-мутахассислари, PR-менежерлар, бухгалтер ва бошқа кўп­лаб мутахассислар тайёр­ланмоқ­да. Бунда уларга компьютер саводхонлиги ва хорижий тилларни билиши асосий талаб сифатида қўйилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг ра­қобатлашиш имкониятларини ошир­моқда. Зеро, Ватанимиз эртаси бугунги авлод камолотига дахлдор эка­ни ҳеч кимга сир эмас.

     Ёшларнинг ўз қизиқиши, иқтидо­ри инобатга олиниб, маълум бир касб танлашига ёрдам бериш мақсадида муассасаларда фаолият юритаётган педагогик жамоа, психолог мутахассислар, оила ҳамда маҳалла ҳамкор­лигида ўқувчининг интилиши, қоби­лия­ти ва имконияти ўрганилиб, зарур маслаҳатлар берилмоқда. Бунинг на­тижасида, бандлиги таъминланган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари сони йил сайин орт­моқ­да. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ўрта мах­сус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаш­тиришда турли даражадаги меҳ­нат бозорлари (ма­ҳал­лий, ҳу­дудий, миллий) доирасида меҳнатга бўлган талабни рағбатлан­тириш масаласини ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга вазифа ҳисобланади.

     «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурига мувофиқ, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари би­тирувчиларини ишга жойлаштириш механизмини такомиллаштириш, уш­бу жараённи қуйидаги йўллар билан доимий мониторинг қилиш кўзда ту­тилган:

     ● 2015/2016 ўқув йилининг 478,9 минг битирувчилари билан 200 минг­та корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари маъмурияти ҳамда те­гишли ҳудуд ҳокимликлари ўртасида мажбурий тартибда ишлаб чи­қариш амалиётини ўташ тўғрисида тўрт томонлама шартнома тузиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

     ● ташкилот ва корхоналар иштирокида ёшларни касбга самарали йўналтириш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмак­ла­шиш мақсадида «Таълим ва мутахассислик» ҳудудий ва республика кўргазмаларини ўтказиш;

     ● ишга жойлашган битирувчиларнинг маълумотлар базасини шакл­лантириш ва доимий янгилаб бориш;

     ● квоталанган иш ўринлари белгиланган ташкилотларнинг манзилли рўйхатларини шакллантирган ҳолда имконияти чекланган шахслар (ногиронлар), кўп болали ва кам таъмин­ланган оилалар фарзандлари бўлган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмак­лашиш.

     2008 йилда 82 фоиз касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг банд­лиги таъминланган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 93,9 фоизга етган. Республикада жами касб-ҳунар коллежларини битирувчилар таркибида бандлиги таъминланмаганлар улуши йил сайин камайиб, 2008 йилда 18 фоизни, 2015 йилда эса 9,9 фоизни ташкил этган. Бизнинг фикримизча, бандлиги таъминланмаганлар улуши юқори ҳудудларда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим.

     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 март­даги «Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш ти­зимини янада такомиллаштириш бў­йича қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида»ги қарорига мувофиқ, Меҳ­нат вазирлиги:

     ● янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури асосида белгиланган янги иш ўринлари ташкил этилишининг доимий мониторингини олиб боради ҳам­да ташкил этилган иш ўрин­ларига меҳ­нат бозорига янги ки­риб келаётган касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмакла­шади;

     ● туман (шаҳар) марказларида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркаларининг самарали ташкил этилишини назоратга олади;

     ● меҳнат ресурслари, аҳоли банд­лиги ва ишга жойлаштиришнинг 2016 йилги ҳисобот балансида касб-ҳу­нар кол­лежлари битирувчиларининг банд­лиги ҳолати назарда тутилади.

Kudbiev-1

     Ўзбекистон Республикасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг аниқ иш ўринларида ишлаб чи­қариш амалиётини ўташ ва кейин­чалик ишга жойлашишига кўмак­ла­шиш мақсадида битирувчилар учун янги иш ўринлари яратилади ва меҳ­нат ярмаркалари ташкил қили­нади.

     Тажрибалар шуни кўрсатадики, ўқувчи-ёшларнинг меҳнат бозори тўғ­ри­си­даги билимларини кенгайтириш, ўз карьерасини муваффақиятли ташкил этиш йўллари ҳақидаги тасаввурларини ошириш уларни меҳнат бозо­рида рақобатга етарлича тайёр бўли­шига олиб келади.

     Айтиш лозимки, кўпчилик ёшларда ўзи эгаллаётган касб-ҳунар имкониятлари тўғрисида кўпроқ хаёлий таассуротлар устун. Амалий касбий фаолиятга кириб боришнинг биринчи давридаёқ бу тасаввурларнинг амалга ошмаслиги натижасида уларда ҳадиксираш, журъатсизлик билан боғлиқ мураккаб ижтимоий-психик ҳолат юзага келади. Бу борадаги масалаларнинг ечимини топишда касб­га йўналтирилган таълим имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш талаб этилади. Жумладан, касбга йўналтирилган таълимни амалга оширишда ўқитиш мақсадлари ва мазмунига асосланган Давлат таълим стандарт­лари ва ўқув дастурлари асос вазифасини ўтайди.

     Касб-ҳунар коллежларида касбга йўналтирилган таълимни жорий қилиш борасида қуйидаги вазифалар амалга оширилиши лозим:

     Биринчидан, касб-ҳунар таълими мазмунини модернизациялаш талаб­лари асосида касбга йўналтирилган таълим мазмуни ва технологияси ту­зилмасида касбий фаолият элемент­ларини белгилаб олиш;

     Иккинчидан, касбга йўналтирил­ган тайёргарлик босқичларини таълим мазмуни ва технологияси талаб­лари­га асосланган ҳолда белгиланиши;

     Учинчидан, мутахассис касбий тайёр­гарлиги мазмунини ишлаб чи­қиш­да касбий билим, кўникма ва ма­­лакалар ўрни ва таркибини аниқ­лаш;

     Тўртинчидан, тайёрланаётган мутахассислар чуқур билимга эгалигини таъминлашга оид касбга йўналтирилган таълим мазмунини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш талаб этилади.

     Юқоридагиларни ҳисобга олиб, касб-ҳунар-малака нуқтаи назаридан ишчи кучига бўлган талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликни бартараф этиш таълим муассасалари фао­лиятида янги ёндашувлар, уларни бандлик соҳасидаги реал аҳ­волга йў­налтиришни талаб қилади.

     Бизнинг фикримизча, ушбу муаммо қуйидаги масалаларни ҳал этишни тақозо этади:

     ● зарур касбий билим, қобилият ва кўникмаларни ҳисобга оладиган батафсил ёритилган малака талабларини, саломатлик ва иш тажрибасига нисбатан талабларни ўз ичига ол­ган профессионал стандартлар тизимини жорий этиш. Мазкур профессионал стандартлар таълим, ўрта мах­сус, касб-ҳунар таълими мутахассислиги ва касбий йўналишлар классификатори билан чамбарчас боғлиқ бўлиши даркор;

     ● таълим, ўрта махсус, касб-ҳу­нар таълими мутахассислиги ва кас­бий йўналишлар классификаторини Касблар миллий стандарт классификатори билан ўзаро боғлаш. Таълим мутахассисликлари ҳамда касблар номларини имкон қадар бир хиллаш­тириш зарур. Бундан ташқари, маъ­лу­мотларга автоматлаштирилган тарз­да ишлов бериш тизимида бир хил кодировка қилишни таъминлаш учун уларга бериладиган кодларни ҳам бир хиллаштириш лозим;

     ● иш берувчилар ва меҳнат бозори талаблари ҳамда технологик жараёнларни ўзгаришларидан келиб чиқиб, такомиллаштириш нуқтаи назаридан касб-ҳунар таълимининг маз­мун-моҳиятига мунтазам равиш­да тузатишлар киритишни таъминлайдиган механизм яратиш;

● бир хиллаштирилган Касбларнинг миллий стандарт классификатори асосида миллий меҳнат бозорини таснифлаш (бўғимларга ажратиш). Ташкил қилинадиган бозор бў­ғим­ларга ажратиш асосида аниқ­ла­нади;

     ● меҳнат бозори аҳволи, истиқ­болли касблар, касб-ҳунар таълими олиш ва ишга жойлашиш имкониятлари тўғрисида замонавий, тез ишлайдиган, он-лайн режимида янгила­надиган ва республикамизнинг бар­ча ҳудудлари, шаҳар ва туманларини ўз ичига олган ягона ахборот базасини яратиш ва жорий этиш.

     Қайд этилган чора-тадбирларни ҳаётга кенг татбиқ этиш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жой­лаштириш билан боғлиқ комп­лекс масалаларни ҳал қилиш ниҳо­ят­да за­рур ҳисобланади.

     Бугунги ижти­моий-иқтисодий шарт-шароитлар ёш­ларни жамиятнинг иқ­тисо­дий фаол қатламига айлантириш­ни талаб эт­моқда. Зеро, муста­қил­лик йилларида аҳолига кўрсатилаётган таълим сифатининг тубдан яхшилангани хал­қимиз ҳаёт даражасининг юксалишига олиб кел­моқ­да. Юртимизда изчиллик билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳот­лар­дан кўзланган бош мақсад ҳам шу. Бизда ҳам­ма нарса инсон учун, унинг бахту саодати учун йўналтирилган.

 

Давлат КУДБИЕВ, и.ф.д, профессор;

Шерзод КУДБИЕВ, мустақил тадқиқотчи

RECOMMEND TO FRIENDS

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • ARCHIVE OF MAGAZINE NUMBERS

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.