Raqamli transformatsiya

Банк тизимида рақамли молиявий хизматлар: тараққиёт ва олдинда турган вазифалар ечими

3-2021

 
 
     Бугунги кунда ҳар биримиз ишнинг катта қисмини уйда, қўлимиздаги биргина телефон ёки планшет билан бажариш имкониятига эгамиз. Шунингдек, мобиль илова очиш ёки ҳар қандай ташкилотнинг расмий сайтига кириб, керакли маълумотларни олиш, буюртмани расмийлаштириш, тўлов қилиш ва ҳатто ­шикоят юбориш ҳам мумкин. Бир неча сония ичида бу операцияларни амалга ошириш имконини берувчи дастурлар ва қурилмалар мавжуд, ахир илгари бунга ойлар кетарди, кўпинча кун бўйи навбатда туришга тўғри келган.
     Буларнинг барчаси ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ)нинг ривожланиши, ахборотнинг ра­қамлаштирилиши, тарқоқ маълумотларнинг қоғоз манбаларидан элект­рон базаларга бирлаштирилиши на­тижасидир. АКТнинг ҳаётимизга жадал кириб келиши жаҳон хўжалик муносабатларининг глобаллашувини, товарлар ва хизматлар, шу жумладан, молиявий хизматлар етказиб берувчилари бозоридаги рақобатни кес­кин кучайтирди.
     Банк тизими ҳам замон талабларига мувофиқ ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилишни давом эттирмоқда ва шу та­риқа кўплаб банк хизматлари ав­томатлаштирилмоқда. Энди деярли барча банк хизматларини мобил телефон ёки махсус қурилмалар ёрдамида бир лаҳзада олиш мумкин. Бир неча йил олдин бундай имконият йўқ эди.
     Президентимиз томонидан 2020 йил 12 май куни тасдиқланган «2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси»да замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, тижорат банкларининг бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва масофавий банк хизматларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш каби устувор вазифалар белгилаб олинди.
     Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш соҳасида тижорат банкларининг корпоратив трансформацияси жараёнида қуйидаги чора-тадбирларни амал­га ошириш режалаштирилган:
     ● масофавий банк хизматлари, шу жумладан, контактсиз тўловларнинг сони ва қамровини кенгайти­риш;
     ● скоринг, масофадан туриб идентификациялаш ва кредит конвейери тизимидан кенг фойдаланиш;
     ● банк ахбороти ва тизимларнинг ахборот хавфсизлигини кучайтириш;
     ● банк секторида янги концепциялар ва технологияларни кенг жорий этиш (финтек, рақамли банкинг).
     Ушбу қадамлар мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал ўсишини таъминлашга, мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига ва иқтисодий ривожланган мамлакатлар билан бир қаторда эркин бозорга интеграциялашувини жадаллаштириш учун банк хизматларини рақам­лаштиришга қаратилган.
     Банк хизматларини рақамлашти­риш – бу банк билан мижоз ўртасидаги ўзаро алоқаларни рақамли ахборот-коммуникация технологиялари асосида ўрнатишдир. Банк мижоз­лари молиявий хизматлардан фойдалангани сайин улар хизмат кўрсатишнинг қулайлиги, сифати ва тезлигини таъминлаш, вақтни тежаш ва операция харажатларини қисқарти­риш, электрон ҳужжат айланиши қан­чалик муҳимлигини тушуна бошлайдилар. Ҳисоб юритиш ва бош­қарув тизимлари интеграциялаш­моқда, CRM (Customer Relationship Management) мижозлар билан ўзаро муносабатларни бошқариш тизими яратилмоқда.
     Айниқса, чекка ҳудудларда банк­ка мурожаат қилиш ва хизматлардан фойдаланиш қийин эди. Рақамли мо­лиявий хизматлар банклар бўлимларини очиш норентабел бўлган олис ва аҳолиси кам ҳудудлардаги жисмоний ва юридик шахсларни самарали қамраб олиш имконини берди.
     Рақамли ўзгаришлар орқали банк­ларнинг бизнес моделлари мақ­буллаштирилмоқда, банк ва тўлов сегменти – масофавий банк хизматларидан тортиб то молиявий операциялар соҳасидаги ўзгаришларгача ривожланмоқда.
 
Банклар ўртасидаги рақобатнинг кучайиши
 
     Банк хизматларини электрон форматда тақдим этишга ўтилиши ва аҳолига қулайлик яратилиши, албатта, рақобатнинг кучайишига таъсир қилди. Ўз навбатида, рақобат кучайгани сари ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги янги имкониятлардан фойдаланиш зарурати ҳам ортиб бормоқда.
     Шундай қилиб, иқтисодиётнинг рақамлаштирилиши молиявий хизматлар бозорида банклар ва банк бўлмаган тузилмалар ўртасидаги ра­қобатни кучайтирди. Мижозларда мо­лиявий хизматлардан қаерда ва қачон фойдаланишни танлаш имконияти пайдо бўлди. Мижознинг эҳти­ёжларини ўрганиш натижасида банк­лар томонидан куну тун (24/7 режи­мида) ишлайдиган офислар очилди. Ушбу эҳтиёжларга мувофиқ молия бозорида таклиф этилаётган элект­рон банк технологиялари жадал ри­вожланмоқда. Бунга электрон тўлов тизимлари, электрон пуллар, масофа­вий банк хизматлари, шу жумладан, онлайн-банкинг маҳсулотлари, банк терминаллари ва автоматлаштирил­ган банк марказлари мисол бўлади.
     Рақамли молиявий технологиялардан фойдаланиш давлат, тўлов хизматлари етказиб берувчилари ва мижозлар ўртасида фаол ҳамкорлик қилиш имкониятини мақбуллашти­ради. Мижозлар талаб ва эҳтиёжлари­нинг доимий таҳлили банклар томонидан хизмат кўрсатишнинг янги усуллари жорий этилишига, янги жо­зибадор маҳсулотларнинг яратилишига олиб келади.
     Шуни таъкидлаш лозимки, пандемия рақамли молиявий хизматларнинг жадал ривожланишига ҳам таъсир кўрсатди. Карантин бошлангунга қадар аҳоли банкка келиб, муаммони «жойида» ҳал қилишни маъқул кўрган ҳолда масофавий банкингга камроқ қизиқарди. Банкларнинг кам сонли мижозлари масофавий банк хизматлари учун яратилган мобиль иловалар ва дастурий таъминотдан фойдаланардилар. Карантин туфайли уйидан чиқа олмаган аҳоли масофавий банк хизматларига кескин эҳтиёж сезди. Керакли хизматларни электрон каналлар орқали излай бошлашди ва зарур ҳолларда улардан фойдаланишди. Бу эса банкларни электрон иловаларга кўпроқ эътибор қаратишга, масофавий хизматлар, мобиль иловаларни яхшилашга ундайди.
     Бошқача айтганда, иқтисодиёт­нинг рақамлаштирилиши нафақат банклар учун янги имкониятларни яратади, балки уларни рақобатни ку­чайтириш, мижозлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, арзон ва сифатли молиявий ва тўлов хизматларини кўрсатиш орқали мижозларни жалб қилишнинг янги усулларини излашга ундайди.
 
Тўлов тизимини рақамлаштириш натижалари
 
     Ўтган уч йил мобайнида тижорат банклари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, аҳоли ва бизнес билан тўлақонли ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, масофавий банк хизматларини оммавий жорий этиш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Натижада замонавий технологиялар – интернет ва мобил банкинг каби банк мижозлари учун қулай бўлган масофавий банк хизматлар технологияларидан фойдаланиш кенгайиб бормоқда.
     Бугунги кунда рақамли молиявий хизматларни йўлга қўйиш мамлакат банк-молия тизимини ривожлантиришнинг муҳим йўналишига айланди. Тармоқнинг меъёрий базаси та­комиллаштирилмоқда, тўлов инфратузилмасининг ривожлантирилиши рағбатлантирилмоқда, масофавий банк хизматларини кўрсатишга ихтисослашган тўлов ташкилотлари (финтек компаниялари)нинг фао­лияти кенгаймоқда.
 
 
Улуғбек МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тўлов тизимлари департаменти директори
 
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.