Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бугунги кунда ҳар биримиз ишнинг катта қисмини уйда, қўлимиздаги биргина телефон ёки планшет билан бажариш имкониятига эгамиз. Шунингдек, мобиль илова очиш ёки ҳар қандай ташкилотнинг расмий сайтига кириб, керакли маълумотларни олиш, буюртмани расмийлаштириш, тўлов қилиш ва ҳатто шикоят юбориш ҳам мумкин. Бир неча сония ичида бу операцияларни амалга ошириш имконини берувчи дастурлар ва қурилмалар мавжуд, ахир илгари бунга ойлар кетарди, кўпинча кун бўйи навбатда туришга тўғри келган.
Буларнинг барчаси ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ)нинг ривожланиши, ахборотнинг рақамлаштирилиши, тарқоқ маълумотларнинг қоғоз манбаларидан электрон базаларга бирлаштирилиши натижасидир. АКТнинг ҳаётимизга жадал кириб келиши жаҳон хўжалик муносабатларининг глобаллашувини, товарлар ва хизматлар, шу жумладан, молиявий хизматлар етказиб берувчилари бозоридаги рақобатни кескин кучайтирди.
Банк тизими ҳам замон талабларига мувофиқ ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилишни давом эттирмоқда ва шу тариқа кўплаб банк хизматлари автоматлаштирилмоқда. Энди деярли барча банк хизматларини мобил телефон ёки махсус қурилмалар ёрдамида бир лаҳзада олиш мумкин. Бир неча йил олдин бундай имконият йўқ эди.
Президентимиз томонидан 2020 йил 12 май куни тасдиқланган «2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси»да замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, тижорат банкларининг бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва масофавий банк хизматларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш каби устувор вазифалар белгилаб олинди.
Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш соҳасида тижорат банкларининг корпоратив трансформацияси жараёнида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган:
● масофавий банк хизматлари, шу жумладан, контактсиз тўловларнинг сони ва қамровини кенгайтириш;
● скоринг, масофадан туриб идентификациялаш ва кредит конвейери тизимидан кенг фойдаланиш;
● банк ахбороти ва тизимларнинг ахборот хавфсизлигини кучайтириш;
● банк секторида янги концепциялар ва технологияларни кенг жорий этиш (финтек, рақамли банкинг).
Ушбу қадамлар мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал ўсишини таъминлашга, мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига ва иқтисодий ривожланган мамлакатлар билан бир қаторда эркин бозорга интеграциялашувини жадаллаштириш учун банк хизматларини рақамлаштиришга қаратилган.
Банк хизматларини рақамлаштириш – бу банк билан мижоз ўртасидаги ўзаро алоқаларни рақамли ахборот-коммуникация технологиялари асосида ўрнатишдир. Банк мижозлари молиявий хизматлардан фойдалангани сайин улар хизмат кўрсатишнинг қулайлиги, сифати ва тезлигини таъминлаш, вақтни тежаш ва операция харажатларини қисқартириш, электрон ҳужжат айланиши қанчалик муҳимлигини тушуна бошлайдилар. Ҳисоб юритиш ва бошқарув тизимлари интеграциялашмоқда, CRM (Customer Relationship Management) мижозлар билан ўзаро муносабатларни бошқариш тизими яратилмоқда.
Айниқса, чекка ҳудудларда банкка мурожаат қилиш ва хизматлардан фойдаланиш қийин эди. Рақамли молиявий хизматлар банклар бўлимларини очиш норентабел бўлган олис ва аҳолиси кам ҳудудлардаги жисмоний ва юридик шахсларни самарали қамраб олиш имконини берди.
Рақамли ўзгаришлар орқали банкларнинг бизнес моделлари мақбуллаштирилмоқда, банк ва тўлов сегменти – масофавий банк хизматларидан тортиб то молиявий операциялар соҳасидаги ўзгаришларгача ривожланмоқда.
Банклар ўртасидаги рақобатнинг кучайиши
Банк хизматларини электрон форматда тақдим этишга ўтилиши ва аҳолига қулайлик яратилиши, албатта, рақобатнинг кучайишига таъсир қилди. Ўз навбатида, рақобат кучайгани сари ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги янги имкониятлардан фойдаланиш зарурати ҳам ортиб бормоқда.
Шундай қилиб, иқтисодиётнинг рақамлаштирилиши молиявий хизматлар бозорида банклар ва банк бўлмаган тузилмалар ўртасидаги рақобатни кучайтирди. Мижозларда молиявий хизматлардан қаерда ва қачон фойдаланишни танлаш имконияти пайдо бўлди. Мижознинг эҳтиёжларини ўрганиш натижасида банклар томонидан куну тун (24/7 режимида) ишлайдиган офислар очилди. Ушбу эҳтиёжларга мувофиқ молия бозорида таклиф этилаётган электрон банк технологиялари жадал ривожланмоқда. Бунга электрон тўлов тизимлари, электрон пуллар, масофавий банк хизматлари, шу жумладан, онлайн-банкинг маҳсулотлари, банк терминаллари ва автоматлаштирилган банк марказлари мисол бўлади.
Рақамли молиявий технологиялардан фойдаланиш давлат, тўлов хизматлари етказиб берувчилари ва мижозлар ўртасида фаол ҳамкорлик қилиш имкониятини мақбуллаштиради. Мижозлар талаб ва эҳтиёжларининг доимий таҳлили банклар томонидан хизмат кўрсатишнинг янги усуллари жорий этилишига, янги жозибадор маҳсулотларнинг яратилишига олиб келади.
Шуни таъкидлаш лозимки, пандемия рақамли молиявий хизматларнинг жадал ривожланишига ҳам таъсир кўрсатди. Карантин бошлангунга қадар аҳоли банкка келиб, муаммони «жойида» ҳал қилишни маъқул кўрган ҳолда масофавий банкингга камроқ қизиқарди. Банкларнинг кам сонли мижозлари масофавий банк хизматлари учун яратилган мобиль иловалар ва дастурий таъминотдан фойдаланардилар. Карантин туфайли уйидан чиқа олмаган аҳоли масофавий банк хизматларига кескин эҳтиёж сезди. Керакли хизматларни электрон каналлар орқали излай бошлашди ва зарур ҳолларда улардан фойдаланишди. Бу эса банкларни электрон иловаларга кўпроқ эътибор қаратишга, масофавий хизматлар, мобиль иловаларни яхшилашга ундайди.
Бошқача айтганда, иқтисодиётнинг рақамлаштирилиши нафақат банклар учун янги имкониятларни яратади, балки уларни рақобатни кучайтириш, мижозлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, арзон ва сифатли молиявий ва тўлов хизматларини кўрсатиш орқали мижозларни жалб қилишнинг янги усулларини излашга ундайди.
Тўлов тизимини рақамлаштириш натижалари
Ўтган уч йил мобайнида тижорат банклари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, аҳоли ва бизнес билан тўлақонли ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, масофавий банк хизматларини оммавий жорий этиш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Натижада замонавий технологиялар – интернет ва мобил банкинг каби банк мижозлари учун қулай бўлган масофавий банк хизматлар технологияларидан фойдаланиш кенгайиб бормоқда.
Бугунги кунда рақамли молиявий хизматларни йўлга қўйиш мамлакат банк-молия тизимини ривожлантиришнинг муҳим йўналишига айланди. Тармоқнинг меъёрий базаси такомиллаштирилмоқда, тўлов инфратузилмасининг ривожлантирилиши рағбатлантирилмоқда, масофавий банк хизматларини кўрсатишга ихтисослашган тўлов ташкилотлари (финтек компаниялари)нинг фаолияти кенгаймоқда.
Улуғбек МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тўлов тизимлари департаменти директори