Инсоният тараққиётнинг шундай палласига келдики, ҳар қандай танглик ечими, хоҳ у иқтисодий бўлсин, хоҳ ижтимоий илм-фаннинг сўнгги ютуқлари ва инновацияларни амалиётга кенг суръатда жорий этишни тақозо қилади. Зотан, бугун дунёдаги энг ривожланган давлатлар тажрибаси тараққиёт босқичларида айнан илм-фан ва инновацияга таяниш мақсадга мувофиқ эканини исботлайди.
Шу маънода мамлакатимизда миллий иқтисодиётимизни инновацион усулда тараққий эттиришга алоҳида аҳамият қаратилаётгани эътирофга моликдир. Хусусан, кон-металлургия саноатида ҳам илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, инновацион ёндашувни кучайтириш соҳа ривожини жадаллаштирмоқда.
Навоий кон-металлургия комбинатида 2026 йилга қадар олтин ва уран каби қимматбаҳо металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва экспорт маҳсулотлари ҳажмини кенгайтириш учун етарли шарт-шароит яратиш имконини берувчи 105 та инновацион лойиҳани ўз ичига олган Инновацион ривожланиш дастури қабул қилинди. Ҳисоб-китобларга кўра юқорида қайд этилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши 1 триллион 267 миллиард сўм иқтисодий самара беради.
Таъкидлаш жоизки, асосан геология-қидирув, кончилик иши, олтин ва уран ишлаб чиқариш, металлургия ва машинасозлик, транспорт, энергетика, табиатни муҳофаза қилиш, ижтимоий соҳа каби йўналишлардаги илмий-амалий ишлар корхонанинг малакали мутахассислари иштирокида олиб борилаяпти. Пировардида бугун комбинат инновацион ривожланиш, янги технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш йўлидан жадал одимлаяпти. Ўтган 2019 йилда Инновацион ривожланиш дастури доирасида 24,4 миллиард сўмлик 58 та лойиҳа бўйича иш олиб борилган бўлса, жорий йилда яна 35,4 миллиард сўмлик 63 та лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти олимлари билан ҳамкорликда комбинатнинг геология-қидирув соҳасида руда таркибидаги рангли металларни аниқлашда гамма-активлаштирилган таҳлили йўлга қўйилган. Тоғ-кон саноати учун технологик назорат қурилмалари тоғ жинслари, яъни рудалар таркибидаги олтин ва кумуш металларини аниқлаш имконини берувчи ушбу амалий ишларимиз келажакда ҳам изчил давом этади.
«Мурунтов» конининг Марказий гамма-активлаштирилган таҳлилли лабораторияси комбинатнинг геологик-қидирув ишларига ёрдам берадиган асосий бўлинмалардан биридир. Унинг ноёблиги шундаки, лабораторияда электронларни чизиқли тезлатгичда тормозланган гамма нурлари орқали таҳлил ишлари олиб борилади. Ўтган даврда лабораторияда қатор ўзгаришлар рўй берди, замонавий жиҳозлар ўрнатилди, тадқиқотларнинг янги услублари жорий этилди. Лабораторияда геологик намуналарнинг таркибидаги олтинни тезкор гамма-активлашган таҳлил қилиш жараёни йилдан-йилга такомиллашиб бораётгани яна бир аҳамиятли жиҳатдир. Мазкур лаборатория, геологлар тили билан айтганда, уларнинг «кўзи» вазифасини ўтамоқда.
Олтин конларидан олинган намуналарни таҳлил қилишда аниқлик даражаси ўта юқори бўлиши шарт. Комбинатнинг Марказий илмий-тадқиқот лабораториясида кимёвий унсурлар ёрдамида тоғ жинсларини таҳлил қилиш олдиндан мавжуд. Аммо катта ҳажмдаги таҳлилларни ўтказиш тезкорликни талаб қилади. Бу борада инновацион технологиялар билан жиҳозланган Марказий гамма-активлаштирилган таҳлилли лабораторияси айни муддао бўлаяпти.
Қизилқум саҳроси бағрида яшириниб ётган бойликларни самарали ўзлаштириш, аввало, шу элу юрт манфаатига хизмат қилади. Лабораторияда 0,5 килограммли махсус идишлардаги тоғ жинси таркибидаги олтин жуда қисқа вақтда, яъни 17-19 секунд оралиғида аниқланади. Тезлатгичларда электронлар оқими қувур орқали энг қисқа вақтда ёруғлик тезлигида вольфрам нишонга бориб урилади ва сингиш хусусияти юқори бўлган гамма нурларини чиқариб, олтин атом ядроларини активлаштиради. Марказий гамма-активлаштирилган таҳлилли лабораториянинг ғоятда мураккаб эканлигини назарда тутиб, комбинат раҳбарияти ноёб жиҳоз ва қурилмаларни ўрнатиш баробарида ёш мутахассисларни ўқитиш, уларнинг билимини ошириб боришга ҳаракат қилмоқда.
Улуғбек ШАРАФУТДИНОВ,
НКМК Янги технологияларни татбиқ этиш инновацион маркази бошлиғи ўринбосари