Мамлакатимизда иқтисодиётни жадал суръатлар билан ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилаётган иқтисодий ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Айниқса, бутун жаҳон глобал муаммоларидан бирига айланган – аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришда ер, сув ҳамда бошқа табиий бойликлардан унумли фойдаланиш ва узоқни кўзлаб иш олиб боришда республикамизда давлат дастурларининг ўрни ниҳоятда катта бўлмоқда. Уларни босқичма-босқич амалга оширишдан кўзда тутилган асосий мақсад – республикамиз фуқароларининг ҳеч кимдан кам бўлмаган фаровон ва тўкин-сочин ҳаёт тарзини таъминлашдан иборат.
Агар дунёда ҳукм сураётган жаҳон молиявий – иқтисодий инқирози ва унинг салбий оқибатларини эътиборга оладиган бўлсак, Юртбошимизнинг оқилона сиёсати ва бевосита кўрсатмалари бўйича амалга оширилаётган барча чора-тадбирларнинг нақадар кенг кўламли эканлиги маълум бўлади. Бунда, энг аввало, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўламини ошириш, энг кам харажат ва кам энергия сарф қилувчи техника-технологиялардан самарали фойдаланиш йўлларини излаб топиш, мазкур соҳани замон талабларидан келиб чиқиб бошқариш тизимини янада такомиллаштириш зарурияти пайдо бўлмоқда.
Шу сабабли ҳам, республикада озиқ-овқат саноатини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хомашёсини чуқур қайта ишлашни таъминлаш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, сифатли озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кўпайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Яъни, ички ва ташқи бозорларни ўрганиш бўйича маркетинг тадқиқотлари ўтказишни чуқурлаштириш, тармоқни ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли дастурлари ишлаб чиқилишини фаоллаштириш чора-тадбирлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашда тармоқ корхоналарига кўмаклашиш, ички бозорни тўлдириш ҳамда экспортга етказиб беришда илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва техник-технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашда юқори унумли инновацияларни жорий этиш, бунда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш яхши самара беради. Буни 2015 йилда озиқ-овқат саноатида амалга оширилган 983 та ҳудудий инвестиция дастурлари мисолида яққол кўришимиз мумкин.
Бундан ташқари, юқорида қайд этилган озиқ-овқат саноатида амалга оширилган инвестиция лойиҳалари ижроси натижасида 10575 та янги иш ўрни яратилди. Шу жумладан, Бухоро вилоятида ҳам сифатли, ҳам рақобатбардош озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш ишларини самарали ташкил қилиш ҳисобига ички бозорни тўлдириш ҳамда экспортга кўпроқ чиқаришда илғор техника-технологияларни жалб қилиш йўлларини излаб топишда, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификациялашда юқори унумли замонавий инновациялар жорий этилгани ижобий натижалар берди.
Айниқса, вилоят ҳудудларида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган замонавий корхоналар ташкил этиш, мавжудларини модернизация ва реконструкция қилиш ишларига катта эътибор берилди. Бунинг натижасида қуйидаги янги замонавий озиқ-овқат саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди:
● нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш;
● қандолат маҳсулотлари тайёрлашни кенгайтириш;
● яхна ичимликлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
● ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш;
● йодланган туз тайёрлаш ҳажмларини ошириш;
● суяк уни ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор бериш;
● макарон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш;
● ички эҳтиёжга қараб чой қадоқлашни ташкил этиш.
Шу билан бирга, республикамизда ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича янги замонавий корхоналар ташкил этилаётганлиги аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганлиги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганлигини таъкидлаш ўринли. Маълумки, янги ташкил қилинадиган корхоналарни молиялаштириш бўйича республикамизда ишлаб чиқарувчилар учун турли даражадаги имтиёзлар берилмоқда, яъни банк кредитлари ажратиш борасида етарли қулайликлар ва шарт-шароитлар яратилмоқда. Шу билан бирга, улар ўз маблағлари ва хорижий инвестициялар, кредитлардан фойдаланиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.
Бу борада вилоят ҳудудида янгидан ташкил қилинган озиқ-овқат саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини йўлга қўйишда хорижий инвестициялар ва кредитларга мурожаат қилинмади. Бу эса, республикамизда ички инвестициялардан самарали фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётганлигини англатади.
Юқоридаги мулоҳазалардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги илм-фан таҳлиллари, илмий-тадқиқот натижалари, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларни қондириш масалаларини аниқлашда, энг аввало, мутаносиб рацион асосида овқатланишни таъминлаш вазифалари меъёрдаги калорияга эга бўлган ва истеъмол қилинадиган маҳсулотларнинг сифатига боғлиқ эканлигини кўрсатмоқда.
Бизга маълумки, нафақат юртимизда, балки бутун дунёда тўлақонли овқатланиш кўп жиҳатдан маҳсулотнинг таркибига, истеъмол қилинадиган турлари инсоннинг меъёрий даражада ривожланишига ва самарали фаолият юритишига, организмда тўғри модда алмашинуви таъминланишига, саломатлиги мустаҳкамланишига, касалликларнинг олди олинишига, кексайиш жараёнини секинлаштиришга ва умрни узайтиришга хизмат қилиши зарур. Бу, ўз навбатида, инсон организмини тўйимли ва сифатли моддалар билан керакли даражада таъминлайди.
Бошқача айтганда, инсон саломатлиги, унинг узоқ умр кўриши тўғри ва мутаносиб рацион асосида овқатланишига боғлиқ экан, юртимизда етиштириладиган озиқ-овқат экинларининг истиқболига, турлари ҳамда ҳосилдорликнинг сифати ва юқори унумдорлигига эътибор қаратиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Шунингдек, уларнинг мазали таъми ва фойдали хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда қайта ишлаш жараёнларини самарали ташкил қилиб, ҳам ички бозорни тўлдириш, ҳам ташқи бозорга рақобатбардош маҳсулотлар чиқаришни кўпайтириш стратегик мақсадимиздир.
Хулоса қилиб айтганда, шу сабабли республикамиз минтақаларида амалга оширилаётган озиқ-овқат сиёсатининг бош мақсади – аҳолини етарли даражадаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, энг аввало, бошқариш тизимини янада такомиллаштиришда ички ва ташқи бозор талабларини тўлиқ ўрганиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш лозим.
Дилобар РЎЗИЕВА,
иқтисод фанлари номзоди;
Анвар ЭРГАШЕВ,
мустақил илмий изланувчи