Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, хусусий мулк муҳофазаси ва кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорлик йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция муҳити ва ишбилармонлик ҳолатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан хусусий тадбиркорлик секторини ривожлантириш, уларнинг ташаббусини рағбатлантириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Бу ташаббус ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланаётгани учун ҳам, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кун сайин ривожланиб, янги босқичга кўтарилмоқда. Мазкур соҳада бутун мамлакат, шу билан бирга ҳудудлар бўйича ижобий натижаларга эришилаётгани бунинг яққол тасдиғидир.
Бугунги кунда республикамизда 525 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 56 фоиздан ортиғи кичик ва хусусий бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган бўлиб, улар республикамиз меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 78 фоиздан ортиғини иш билан таъминламоқда.
Таъкидлаш лозимки, мустақиллик йилларида хусусий мулкдорликнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари билан ўзаро муносабатларда ҳуқуқий устуворликни, хусусан, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашувлардан ишончли ҳимоя қиладиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 19 июнь куни қабул қилинган «Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони мазкур йўлдаги долзарб масалаларни ечиш учун янги, самарали тизим бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига киритилган бизнес соҳаси вакиллари ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ва фойдали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, вилоятлар ва туманларда бизнес-муҳитини такомиллаштириш масалалари бўйича, шунингдек тадбиркорлик субъектларига, аввало, вилоятлар, шаҳар ва туманларда сифатли давлат хизматлари тақдим этилишини таъминлаш ижро органлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўзаро ҳамкорлигини, айниқса, энди фаолият бошлаган субъектларни қўллаб-қувватлашнинг янги, самарали тизимини яратишни тақозо этади. Фармонга кўра, мазкур вазифаларнинг ҳал этилиши тадбиркорлик субъектларини бирлаштириб турувчи Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан таъминланиши назарда тутилган. Алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармони аввало тадбиркорлик фаолияти ривожланиши ва бизнеснинг қонуний манфаатлари муҳофазасини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштирилишини назарда тутади. Хусусан, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, мамлакатимиз аҳолисини тадбиркорликка жалб этиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ўрнатиш каби вазифалар шулар жумласидандир.
«Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги мазкур фармонга мувофиқ, Савдо-саноат палатаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тўғрисидаги хулосани бериш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси олдига қўйилган вазифаларни ҳамда берилган қўшимча ҳуқуқ ва ваколатларни тўлиқ ва самарали амалга ошириш мақсадида мазкур фармон ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорда Савдо-саноат палатасининг ташкилий-бошқарув тузилмасини тубдан такомиллаштириш назарда тутилган.
Мамлакатимизда хусусий мулк ва тадбиркорликни янада ривожлантириш аҳоли турмуш даражаси оширилишига хизмат қилади. Зеро, республикамиз иқтисодиётига чет эл инвестицияларининг кенг кўламда жалб қилиниши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларда муносиб ўрин эгаллашлари учун йўл очиб беради. Бу борада сифатли давлат хизматлари тақдим этилиши муҳим аҳамият касб этади.
Зуҳра ЭРГАШЕВА,
«O‘zIA» мухбири