“Тадбиркорликни ривожлантириш – биз учун стратегик вазифа”, – деб таъкидлаган эди юртбошимиз 2024 йил 20 декабрдаги тадбиркорлар билан учрашувда. Мамлакатимиз раҳбарининг сўзларига кўра, тадбиркорлар мамлакат иқтисодиётининг таянчи ва суянчи ҳисобланади, шунинг учун уларни қўллаб-қувватлаш барча даражадаги раҳбарларнинг кундалик вазифаси бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги сиёсатлари ва қарорлари натижасида BMB HOLDING озиқ-овқат, мева-сабзавот, доривор ўсимликлар агрокластерларини ташкил этиш, мамлакатда ушбу сиёсатни янада қўллаб-қувватлаш юзасидан амалий ишларни йўлга қўйди. Ва бу жиҳат бугунга келиб Ҳолдингнинг асосий фаолият йўналишига айланди. Хусусан, Ҳолдинг бугун тадбиркорликнинг кўплаб соҳалари қатори қишлоқ хўжалиги йўналишини ҳам иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқлари сифатида ривожлантиришни мақсад қилган.
BMB AGRO PLUS корхонасининг ишга туширилиши
BMB HOLDINGнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етти йиллик стратегик мақсадларининг якуний босқичи ҳисобланади. Дастлабки босқичда
BMB HOLDING тизимидаги кластер, Ҳолдинг таркибидаги корхоналар ва ҳудуддаги деҳқон, фермер ҳамда томорқа хўжаликлари билан биргаликда Жиззах вилоятининг олтита туманида
30 минг гектарга яқин ер майдонларида контрактация шартномаси асосида мева-сабзавот етиштириш йўлга қўйилди.
Иккинчи босқичда
10 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини махсус музлатгичларда сақлаш имконига эга бўлган
BMB NRC AGROLOGISTICS Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасида бирламчи сараланган маҳсулотлар экспортга, иккиламчи маҳсулотлар ички бозорга, ҳамда қолгани
BMB AGRO PLUS корхонасига чуқур қайта ишлаш учун йўналтириш тизими шакллантирилди. Ушбу бир-бирига чамбарчас боғлиқ агро иқтисодий занжирнинг умумий қиймати
1,5 триллион сўмни ташкил этиб, мазкур лойиҳа нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда энг йирик, ягона-яхлит тизим эканлигидан далолат беради.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ҳолдинг таркибидаги
BMB AGRO PLUS корхонасида ишлаб чиқаришда юқори самарадорликка эришиш мақсадида, корхона ҳудудида ташкил этилган иссиқхоналарда
чуқур қайта ишлаш учун энг мақбул бўлган, сифатли нав кўчатлари етиштирилмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини уруғ ва кўчатидан тортиб, то чуқур қайта ишланган маҳсулот тайёр бўлгунига қадар жараён тўлиқ Ҳолдинг назорати остида. Бу ўз навбатида, ҳосилдорликни ошишига, юқори сифатли чуқур қайта ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқарилишига имкон бермоқда.
Мазкур корхонанинг умумий қиймати 40,7 млн АҚШ доллари (524 млрд. сўм)ни ташкил этиб, шундан 16,6 миллион доллари (214 млрд сўм) “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки кредит маблағлари ҳисобидан, 24,1 миллион доллари (310 млрд. сўм) эса Ҳолдинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. 10 гектар майдонда барпо этилган ушбу корхонада Бельгия, Австрия, Италия, Туркия ва Хитой давлатларининг етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ёрдамида йилига 120 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари чуқур қайта ишланади. Хусусан, корхонада мева ва сабзавотларни сақлаш, қуритиш ва сублимация қилиш, шок ҳамда акустик усулида музлатиш, пюре, джем, томат ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқарилади. Шунингдек, корхонада 1 000 тоннадан ортиқ маҳсулотни музлатгичда сақлаш имконияти ҳам яратилган.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бу каби илғор технологик ускуналардан иборат корхоналарнинг электр таъминотига бўлган эҳтиёжи катта бўлади. Маълумки, яшил иқтисодёт – бу атроф-муҳитга зарар етказмасдан, барқарор ривожланишни таъминлайдиган иқтисодий моделдир. Шу сабабли, корхонада айни пайтда электр таъминотига бўлган талабнинг тўртдан бир қисми муқобил энергия манбалари, яъни қуёш панеллари орқали қондирилмоқда. Келгуси уч йилда эса бу кўрсаткични юз фоизга кўтариш режалаштирилган.
BMB AGRO PLUS корхонаси хориждан келтирилган энг замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминланган бўлиб, ҳар бир маҳсулот чуқур қайта ишланишидан аввал бир неча босқичли лаборатория текширувларидан ўтказилади ва шундан кейингина ишлаб чиқариш жараёнига киритилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон озиқ-овқат саноати халқаро стандартлар билан ҳамнафас ривожланмоқда. Бу ўз навбатида йирик агросаноат корхоналарнинг олдида турган сифат талабига янада жиддийроқ ёндашишни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан,
BMB HOLDING таркибига кирувчи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, қуритиш, сублимациялаш, шок ҳамда акустик усулда музлатишга ихтисослашган
BMB AGRO PLUS корхонаси фаолияти атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг, унга халқаро
ISO 22000 сертификати тақдим этилди.
Бу нафақат Ҳолдингнинг, балки мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро бозорга олиб чиқишдаги яна бир муваффақиятли қадам, дейишимиз мумкин. Негаки, ISO 22000 сертификатига эга бўлиш – бу нафақат сифат белгиси, балки халқаро бозорга кириш учун муҳим талаблардан бири ҳисобланади. Шунингдек, корхонада чуқур қайта ишланаётган барча маҳсулотлар мувофиқлик сертификатига эга. Буларнинг барчаси BMB AGRO PLUS маҳсулотларини дунёнинг турли давлатларига экспорт қилинишида қўшимча кафолатлар яратади.
Эътиборли томони шундаки, лойиҳанинг амалга оширилиши вилоятда экспорт ҳажмининг ошишига, валюта тушумини кўпайиши ва иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатиш баробарида, янги иш ўринлари яратилиб, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Мазкур корхонанинг ишга туширилиши натижасида қўшимча 650 доимий ва 2 000 дан ортиқ мавсумий иш ўринлари яратилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ҳолдинг томонидан амалга оширилаётган юқори сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат ишлаб чиқариш сиёсати келажакда янги бозорларга чиқиш ва Ўзбекистон брендини халқаро даражада танитиш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
BMB HOLDING Ахборот хизмати
Fikr bildirish