Xalqaro hamkorlik

Савдо ва инвестиция учун янги имкониятлар

1-2/2025

 
     Сўнгги йилларда мамлакатимизда ишлаб чи­қариш қувватларини ошириш, бозор талабларига мослашиш учун инновацион ечимларни жорий этиш, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш ва маҳаллий маҳсу­лотларни янги бозорларга олиб чиқиш масалаларига иқтисодий сиёсатнинг устувор вазифаларидан бири сифатида қаралмоқда. Юртимизнинг экспорт салоҳиятини оширишда юқори маржали бозорларга чиқиш ва уларга босқичма-босқич экспорт ҳажмини ошириб бориш бўйича бир қатор чоралар кўрилмоқда.
     Жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик, савдо ало­қаларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бугунги кунда ТДТ иштирокчи давлатлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқалар муваффақиятли ривож­ланмоқда.
     Таъкидлаш жоизки, муштарак тиллар, муштарак маънавий қадриятлар, тарихий-маданий алоқалар асосида шаклланган Туркий давлатлар ташкилоти ўз фаолияти давомида биродарлик тимсолига айланди ва мин­тақавий ҳамкорликнинг самарали механизмини яратди. Зеро, Ташкилотнинг асосий мақсадлари туркий тилли давлатлар орасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, минта­қада тинчликни таъминлаш, халқаро майдонда ўзаро қўллаб-қувватлаш ва барча соҳаларда ҳамкорлик қилишдан иборат. Ушбу мақсадлар йўлида ҳамкорликда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатмоқда.
     Ўтган йили Ташкилот доирасида Савдо тартиботларини соддалаштириш комиссияси тузилган бўлиб, унинг йиғилишлари доирасида божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган товар ва транспорт воситалари ҳақидаги маълумотларнинг рақамли алмашинувини йўлга қўйиш, ўзаро савдода электрон сертификатлардан фойдаланиш ва ахборот тизимларини интеграция қилиш, сертификатлаш натижаларини эътироф этиш масалалари мунтазам равишда муҳокама қилинмоқда.
     Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан савдода ўзаро тариф-нотариф тўсиқларни бартараф этиш, маҳаллий маҳсулотлар экспорти учун савдо ва божхона тартиботларини ўзаро соддалаштириш бўйича келишувларга эришилган. Жумладан, Озарбайжон (1996 йил 27 май), Қозоғистон (1997 йил 2 июнь) ва Қирғизистон (1996 йил 24 декабр) билан икки томонлама эркин савдо тўғрисидаги Битимлар имзоланган. Туркия Республикаси билан Имтиёзли савдо битими (2022 йил 29 март) имзоланиб, 12 турдаги маҳсулотларни пасайтирилган божхона божлари асосида экспорт қилиш имконияти яратилди. Туркманистон билан Эркин савдо режимини жорий этиш мақсадида умумий истиснолар рўйхати тасдиқланди (2024 йил 18 июль). Бугунги кунда эркин савдо режимини амалиётга татбиқ этиш ишлари якунланмоқда.
     Сўнгги 3 йилда Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо давлатлар билан ўзаро ташқи савдо айланмаси 2024 йил якунига кўра 9,5 млрд. долларни ташкил этди. Ҳудуд­лараро товар айирбошлаш, сармоя киритиш, юк ташиш, фуқароларимизнинг туристик саё­ҳатлари кўрсаткичлари сезиларли даражада ошди. Яшил энергия ва транспорт коммуникацияларини ривожлантириш соҳасида йирик минтақавий лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, Қирғизистон ва Қозоғистон билан ҳамкорликда Қамбарота-1 ГЭСини қуриш бўйича «Йўл харитаси» имзоланган. Деярли 2000 МВт қувватга эга бўлган ушбу ГЭС йилига ўртача 5,5 млрд. кВт • соат электр энергиясини ишлаб чиқаришга қодир. Мазкур йирик лойиҳани амалга ошириш орқали аҳолимизни, бизнес ва ишбилармон доираларни барқарор электр энергияси билан таъминлашга эришамиз.
     Сирдарё туманида Ўзбекистон ва Қозо­ғистон ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида саноат кооперациясини амалга ошириш учун «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси маркази эркин иқтисодий зонаси ташкил этилмоқда. Марказ саноат кооперацияси, иқтисодий ва инвестицион ҳамкор­ликни қўллаб-қувватлашга ёрдам берадиган комплекс сифатида фаолият юритади. Унинг асосий вазифалари мамлакатлар ўртасидаги давлатлараро кооперациявий алоқаларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, икки мамлакатнинг кичик ва ўрта бизнесларини хал­қаро қўшимча қиймат тизмасида интеграция қилиш, марказда фаолият юритувчи саноат корхоналари рақобат­дошлигини ошириш ва бош­қаларни ўз ичига олади.
 
 
Лазиз КУДРАТОВ, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.