(O´zbek) Mehnatga haq to‘lash bo‘yicha xalqaro tajribalar

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Давлат органларининг самарали фаолияти мотивация ва моддий рағбат­лан­тиришга боғлиқ экан­лиги исбот талаб қилинмай­диган ҳақиқат. Халқаро экспертларнинг баҳоларига кўра, иш ҳақининг пастлиги хизматларнинг мотивациясига таъсир этиб, коррупция хавфини юзага келтиради. Бугунги кунда халқаро амалиётда татбиқ этилаётган давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг икки тамойили кенг қўлланилади:
     Биринчи тамойил – давлат хизматчилари ўзларини давлат ва миллий манфаатга тўлиқ бағишлашига имкон берувчи меҳнатга етарлича ҳақ тўлаш. Кўпгина давлатлар, жумладан, Германия, Франция ва Швеция давлат хизматчилари учун иш ҳақини хусусий соҳадаги иш ҳақи даражаси­ни ҳисобга олган ҳолда белгилайди.
     Иккинчи тамойил – тенг иш учун тенг иш ҳақи (equal pay for equal work), бу тамойил давлат хизмати ти­зи­мида иш ҳақларининг тенгсизлигини йўқотишга қаратилган, бунда турли вазирлик ва идораларнинг ўхшаш функциялар ва вазифаларни бажарувчи ходимлари бир хил иш ҳақи оладилар.
     Ўзбекистон Республикасининг 2017–2021 йиллардаги Ҳаракатлар стратегиясининг «Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш» номли биринчи йўналиши доирасида 2017 йилнинг III чорагида «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳамда давлат идоралари ва ташкилотларида меҳнатга ҳақ тў­лаш бўйича Меҳнат кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар ишлаб чи­қилиши назарда тутилган.
     Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳуж­жатлар давлат хизмати масалаларини тартибга солиш, кадрлар таркибини шакллантириш, давлат хизматига ёллаш, уни ўташ ва давлат хизматидан истеъфога чиқиш, шунингдек, давлат хизматини молиялаштириш, давлат хизматчиларини моддий рағбатлантириш, меҳнатига ҳақ тў­лаш ва ижтимоий таъминлашга йўналтирилади.
     Давлат хизматчилари учун ҳозирги кунда амалда бўлган тариф сеткаси Вазирлар Маҳкамасининг «Меҳ­нат­га ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сет­касини янада такомиллаштириш тўғ­рисида»ги 2009 йилнинг 21 июлдаги 206-сонли қарори билан тасдиқ­ланган.
     АҚШда федерал хизматчилар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг асосий жадвали сифатида Умумий жадвал (General Schedule) қўлланилади, бунда бошқарув, касбий, техникавий, маъмурий лавозимлардаги федерал идоралар ходимларининг аксарияти қамраб олинади. Ушбу тизим федерал ҳокимият идораларидаги 71 фоиз ходимларни қамраб олади. Ишлаб чиқариш сектори ходимлари, қурол­ли кучлар ходимлари, дипломатик хизмат ва судьялар корпуси вакилла­ри ҳамда юқори давлат хизмати ва сайланадиган (тайинланадиган) юқо­ри мансабдор шахслар учун меҳ­нат­га ҳақ тўлашнинг алоҳида жадваллари мавжуд.
     Меҳнатга ҳақ тўлаш умумий жад­вали 15 та даражадан иборат, уларнинг ҳар бири ўз навбатида ўнта тоифага бўлинади. Биринчидан еттинчигача бўлган даражалар қуйи дара­жа ҳисобланади, саккизинчидан ўн иккинчигача – ўрта, ўн учинчидан ўн бешинчигача – юқори мансабдор му­тахассислар ҳисобланади. Умумий жадвал (даражалар ва тоифалар доирасида) база даромадини белгилайди, шунингдек, база маошининг 15–23 фоиз доирасида ҳудудий устама ҳақ­ларига эга. Хизматчиларнинг қуйи ва юқори даражаси ўртасида меҳ­натга ҳақ тўлаш тафовути анча катта – 5,5 баравардан юқоридир. Бу албатта, хизматчиларнинг хизмат по­ғонасида ўсиши учун рағбатланти­ради.
     Германияда давлат хизматчилари, судьялар ва ҳарбий ходимларга ҳақ тўлаш давлат хизматчиларига ҳақ тўлаш ҳақидаги федерал қонун билан тартибга солинади (Federal Civil Servants Remuneration Act). Ҳақ тўлаш тартиблари касбий хизмат базавий тамойилларига асосланган бўлиб, хиз­матчининг иш ҳақи муносиб турмуш даражасини таъминлаши лозим.
     Давлат идоралари вакиллари меҳ­натига ҳақ тўлаш жадвали тўртта гу­руҳга бўлинади: умрбод ёлланадиган давлат хизматчилари учун А ва В ҳақ тўлаш федерал жадвали, давлат олий ўқув юрти профессорлари учун W фе­дерал жадвали ҳамда судьялар ва прокурорлар учун R федерал жад­вали.
     Японияда давлат хизматчилари учун иш ҳақи параметрларини белгилаш масаласи билан кадрлар бў­йича миллий палата (National Person­nel Authority) шуғулланади, у ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси ва Парламентга тавсиялар тақдим этиб боради. Хизматчиларга ҳақ тўлаш ҳақи­даги низом мазкур тавсиялар асосида ҳар йили қайтадан кўриб чиқилади.
     Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ҳар бир жадвали мураккаблик ҳамда ваколатлар даражасига мувофиқ бир неча даражаларга бўлинади. Маъмурий хизмат учун ўнта даража мавжуд, ҳар бир даража ичида 40 га яқин тоифалар бор. Битта даража доирасидаги биринчи ва охирги тоифалар ўртасидаги меҳнатга ҳақ тўлаш тафовути – 30–35 фоиз. Ҳар бир даражага муай­ян лавозим мувофиқ келади: оддий мутахассис – 1–2 даража, бўлим бош­лиғи – 3–4 даража, бошлиқ ёрдамчи­си – 5–7 даража, бошқарма бош­лиғи – 8–10 даража. Бунда бош директор, давлат идораси вице-вазири каби юқори мансабдорлар ушбу тои­фага киритилмайди.
     Латвияда давлат хизматчиларига ҳақ тўлаш тартиби «Давлат ва маҳал­лий ҳокимият идоралари амалдорлари ва ходимларига ҳақ тўлаш тўғ­рисида»ги қонун, Меҳнат тўғрисидаги қонун, Вазирлар Маҳкамаси қарор­лари билан тартибга солинади.
     Латвияда иш ҳақларини белгилашнинг бир нечта услублари мавжуд. Биринчи услубга кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби бутун мамлакат бўйича ўртача иш ҳақи коэффициентига кўпайтириш асосида белгиланади (Парламент депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, Бош аудитор, Омбудсман). Иккинчи услубга кўра иш ҳақи миқдори давлат хизматчилари ва давлат бошқаруви идо­ралари ходимлари учун тасдиқланган жадвал асосида, шунингдек, юқорида айтилган шкала бўйича иш ҳақи коэффициентини кўпайтириш орқали судьялар ва прокурорлар учун белгиланади.
     Учинчи услубга кўра давлат муассасалари тиббиёт ходими, ИИВ, че­гарани қўриқлаш ходими ва ҳар­бий хизматчилар меҳнатига ҳақ тў­лаш Латвия Вазирлар Маҳкамаси қа­рорига асосан амалга оширилади. Мисол учун, устама ҳақлари иш жо­йида бўлмаган ходимларнинг вазифасини, бўш лавозим функциясини, қў­шимча вазифаларни бажарганлиги, шунингдек, ишдан ташқари вақтда ишлагани учун белгиланади. Бу мамлакатда давлат хизматчиларини (битта идора доирасида ходимлар умумий сонининг 5 фоиздан ошмаган миқ­дорда) ҳар ойда маошнинг 100 фоизигача миқдорда бонус сифатида, шунингдек, йиллик якунга кўра ҳар ойлик маошнинг 75 фоизигача миқдорда мукофотлаш амалиёти мав­жуд. Мамлакатда давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг умумдавлат электрон тизими амал қи­лади, унинг фаолият кўрсатиш масалалари Вазирлар Маҳкамасининг Низоми билан тартибга солинади.
     Шундай қилиб, хориж тажрибалари шундан далолат берадики, давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тў­лаш соҳасида эришилган амалдаги ҳу­қуқий база мавжуд бўлганда ушбу соҳа барқарорлашади, давлат идора­лари ходимлари ўз меҳнати учун му­носиб ҳақ олади ва натижада кўрса­ти­лаётган хизматлар сифати ошади.
     Давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш соҳасидаги хориж тажрибасини ўрганиш якунларига кўра қу­йи­даги хулосаларга келиш мумкин. Жумладан, давлат хизматчилари меҳ­на­тига ҳақ тўлаш даражаси:
     ● хусусий сектордаги ўхшаш лавозим иш ҳақи даражасидан паст бўл­маслиги лозим;
     ● хизматчиларнинг хизмат поғо­на­­сида ўсишини рағбатлантириш учун (раҳбарият) меҳнатига ҳақ тўлаш даражасидан зарур миқдорда фарқ қилиши лозим;
     ● улар бажарадиган функцияга, лавозим жавобгарлигига мувофиқ белгиланган бўлиши лозим.
     Ўзбекистонда давлат хизматчила­ри меҳнатига ҳақ тўлашнинг муносиб даражасини белгилашда исло­ҳотлар амалга оширилиши хизматчиларнинг касбий ва хизмат поғонасида ўсишига туртки бўлади, аҳолига кўрсатила­ётган давлат хизматлари сифатининг ошишига, республикадаги барча со­ҳа­ларнинг янада ривожланишига са­баб бўлади.
     Хулоса сифатида қайд этиш лозимки, давлат хизматчилари меҳна­тига ҳақ тўлаш соҳасида иш ҳақини ҳи­соблашнинг ягона ёндашувларини ишлаб чиқиш, имтиёзлар, устама ҳам­да мукофотларга нисбатан ягона стандартларни белгилаш зарур. Давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тў­лаш­нинг асосий тамойили сифатида бажарилаётган функцияларга бевосита боғлиқлиги, жавобгарлик даражаси ва муносиб турмуш даражаси учун етарлилик, хусусий сектордаги ўхшаш лавозимдан паст бўлмаслиги муҳим аҳамият касб этади.
 
 
Муқаддас УМАРОВА,
ТДИУ докторанти

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • Вышел в свет

    2/2019

    № 2/2019

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • Купить журнал

    PodpiskaПо вопросам приобретения журнала обращайтесь в отдел распространения и подписки редакции.

    Адрес:  г. Ташкент,
    ул. Ислама Каримова, 55.

    • Телефон:
    • (99897) 773-22-91.

    Также вы можете приобрести журнал в киосках города.

     

  • Подписка на журнал

    Подписка на журнал
  • ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ

    ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ
  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.