Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Давлат органларининг самарали фаолияти мотивация ва моддий рағбатлантиришга боғлиқ эканлиги исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Халқаро экспертларнинг баҳоларига кўра, иш ҳақининг пастлиги хизматларнинг мотивациясига таъсир этиб, коррупция хавфини юзага келтиради. Бугунги кунда халқаро амалиётда татбиқ этилаётган давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг икки тамойили кенг қўлланилади:
Биринчи тамойил – давлат хизматчилари ўзларини давлат ва миллий манфаатга тўлиқ бағишлашига имкон берувчи меҳнатга етарлича ҳақ тўлаш. Кўпгина давлатлар, жумладан, Германия, Франция ва Швеция давлат хизматчилари учун иш ҳақини хусусий соҳадаги иш ҳақи даражасини ҳисобга олган ҳолда белгилайди.
Иккинчи тамойил – тенг иш учун тенг иш ҳақи (equal pay for equal work), бу тамойил давлат хизмати тизимида иш ҳақларининг тенгсизлигини йўқотишга қаратилган, бунда турли вазирлик ва идораларнинг ўхшаш функциялар ва вазифаларни бажарувчи ходимлари бир хил иш ҳақи оладилар.
Ўзбекистон Республикасининг 2017–2021 йиллардаги Ҳаракатлар стратегиясининг «Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш» номли биринчи йўналиши доирасида 2017 йилнинг III чорагида «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳамда давлат идоралари ва ташкилотларида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича Меҳнат кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар ишлаб чиқилиши назарда тутилган.
Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат хизмати масалаларини тартибга солиш, кадрлар таркибини шакллантириш, давлат хизматига ёллаш, уни ўташ ва давлат хизматидан истеъфога чиқиш, шунингдек, давлат хизматини молиялаштириш, давлат хизматчиларини моддий рағбатлантириш, меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминлашга йўналтирилади.
Давлат хизматчилари учун ҳозирги кунда амалда бўлган тариф сеткаси Вазирлар Маҳкамасининг «Меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткасини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 2009 йилнинг 21 июлдаги 206-сонли қарори билан тасдиқланган.
АҚШда федерал хизматчилар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг асосий жадвали сифатида Умумий жадвал (General Schedule) қўлланилади, бунда бошқарув, касбий, техникавий, маъмурий лавозимлардаги федерал идоралар ходимларининг аксарияти қамраб олинади. Ушбу тизим федерал ҳокимият идораларидаги 71 фоиз ходимларни қамраб олади. Ишлаб чиқариш сектори ходимлари, қуролли кучлар ходимлари, дипломатик хизмат ва судьялар корпуси вакиллари ҳамда юқори давлат хизмати ва сайланадиган (тайинланадиган) юқори мансабдор шахслар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг алоҳида жадваллари мавжуд.
Меҳнатга ҳақ тўлаш умумий жадвали 15 та даражадан иборат, уларнинг ҳар бири ўз навбатида ўнта тоифага бўлинади. Биринчидан еттинчигача бўлган даражалар қуйи даража ҳисобланади, саккизинчидан ўн иккинчигача – ўрта, ўн учинчидан ўн бешинчигача – юқори мансабдор мутахассислар ҳисобланади. Умумий жадвал (даражалар ва тоифалар доирасида) база даромадини белгилайди, шунингдек, база маошининг 15–23 фоиз доирасида ҳудудий устама ҳақларига эга. Хизматчиларнинг қуйи ва юқори даражаси ўртасида меҳнатга ҳақ тўлаш тафовути анча катта – 5,5 баравардан юқоридир. Бу албатта, хизматчиларнинг хизмат поғонасида ўсиши учун рағбатлантиради.
Германияда давлат хизматчилари, судьялар ва ҳарбий ходимларга ҳақ тўлаш давлат хизматчиларига ҳақ тўлаш ҳақидаги федерал қонун билан тартибга солинади (Federal Civil Servants Remuneration Act). Ҳақ тўлаш тартиблари касбий хизмат базавий тамойилларига асосланган бўлиб, хизматчининг иш ҳақи муносиб турмуш даражасини таъминлаши лозим.
Давлат идоралари вакиллари меҳнатига ҳақ тўлаш жадвали тўртта гуруҳга бўлинади: умрбод ёлланадиган давлат хизматчилари учун А ва В ҳақ тўлаш федерал жадвали, давлат олий ўқув юрти профессорлари учун W федерал жадвали ҳамда судьялар ва прокурорлар учун R федерал жадвали.
Японияда давлат хизматчилари учун иш ҳақи параметрларини белгилаш масаласи билан кадрлар бўйича миллий палата (National Personnel Authority) шуғулланади, у ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси ва Парламентга тавсиялар тақдим этиб боради. Хизматчиларга ҳақ тўлаш ҳақидаги низом мазкур тавсиялар асосида ҳар йили қайтадан кўриб чиқилади.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ҳар бир жадвали мураккаблик ҳамда ваколатлар даражасига мувофиқ бир неча даражаларга бўлинади. Маъмурий хизмат учун ўнта даража мавжуд, ҳар бир даража ичида 40 га яқин тоифалар бор. Битта даража доирасидаги биринчи ва охирги тоифалар ўртасидаги меҳнатга ҳақ тўлаш тафовути – 30–35 фоиз. Ҳар бир даражага муайян лавозим мувофиқ келади: оддий мутахассис – 1–2 даража, бўлим бошлиғи – 3–4 даража, бошлиқ ёрдамчиси – 5–7 даража, бошқарма бошлиғи – 8–10 даража. Бунда бош директор, давлат идораси вице-вазири каби юқори мансабдорлар ушбу тоифага киритилмайди.
Латвияда давлат хизматчиларига ҳақ тўлаш тартиби «Давлат ва маҳаллий ҳокимият идоралари амалдорлари ва ходимларига ҳақ тўлаш тўғрисида»ги қонун, Меҳнат тўғрисидаги қонун, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тартибга солинади.
Латвияда иш ҳақларини белгилашнинг бир нечта услублари мавжуд. Биринчи услубга кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби бутун мамлакат бўйича ўртача иш ҳақи коэффициентига кўпайтириш асосида белгиланади (Парламент депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, Бош аудитор, Омбудсман). Иккинчи услубга кўра иш ҳақи миқдори давлат хизматчилари ва давлат бошқаруви идоралари ходимлари учун тасдиқланган жадвал асосида, шунингдек, юқорида айтилган шкала бўйича иш ҳақи коэффициентини кўпайтириш орқали судьялар ва прокурорлар учун белгиланади.
Учинчи услубга кўра давлат муассасалари тиббиёт ходими, ИИВ, чегарани қўриқлаш ходими ва ҳарбий хизматчилар меҳнатига ҳақ тўлаш Латвия Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан амалга оширилади. Мисол учун, устама ҳақлари иш жойида бўлмаган ходимларнинг вазифасини, бўш лавозим функциясини, қўшимча вазифаларни бажарганлиги, шунингдек, ишдан ташқари вақтда ишлагани учун белгиланади. Бу мамлакатда давлат хизматчиларини (битта идора доирасида ходимлар умумий сонининг 5 фоиздан ошмаган миқдорда) ҳар ойда маошнинг 100 фоизигача миқдорда бонус сифатида, шунингдек, йиллик якунга кўра ҳар ойлик маошнинг 75 фоизигача миқдорда мукофотлаш амалиёти мавжуд. Мамлакатда давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг умумдавлат электрон тизими амал қилади, унинг фаолият кўрсатиш масалалари Вазирлар Маҳкамасининг Низоми билан тартибга солинади.
Шундай қилиб, хориж тажрибалари шундан далолат берадики, давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш соҳасида эришилган амалдаги ҳуқуқий база мавжуд бўлганда ушбу соҳа барқарорлашади, давлат идоралари ходимлари ўз меҳнати учун муносиб ҳақ олади ва натижада кўрсатилаётган хизматлар сифати ошади.
Давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш соҳасидаги хориж тажрибасини ўрганиш якунларига кўра қуйидаги хулосаларга келиш мумкин. Жумладан, давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш даражаси:
● хусусий сектордаги ўхшаш лавозим иш ҳақи даражасидан паст бўлмаслиги лозим;
● хизматчиларнинг хизмат поғонасида ўсишини рағбатлантириш учун (раҳбарият) меҳнатига ҳақ тўлаш даражасидан зарур миқдорда фарқ қилиши лозим;
● улар бажарадиган функцияга, лавозим жавобгарлигига мувофиқ белгиланган бўлиши лозим.
Ўзбекистонда давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг муносиб даражасини белгилашда ислоҳотлар амалга оширилиши хизматчиларнинг касбий ва хизмат поғонасида ўсишига туртки бўлади, аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатининг ошишига, республикадаги барча соҳаларнинг янада ривожланишига сабаб бўлади.
Хулоса сифатида қайд этиш лозимки, давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш соҳасида иш ҳақини ҳисоблашнинг ягона ёндашувларини ишлаб чиқиш, имтиёзлар, устама ҳамда мукофотларга нисбатан ягона стандартларни белгилаш зарур. Давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг асосий тамойили сифатида бажарилаётган функцияларга бевосита боғлиқлиги, жавобгарлик даражаси ва муносиб турмуш даражаси учун етарлилик, хусусий сектордаги ўхшаш лавозимдан паст бўлмаслиги муҳим аҳамият касб этади.
Муқаддас УМАРОВА,
ТДИУ докторанти