(O´zbek) Yengil sanoatning barqaror rivojlanishi va faolligi

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистон иқтисодиётида саноат маҳсулотлари иш­лаб чиқаришда енгил саноат марказий ўринда туради, чунки, ушбу тар­моқ аҳоли истеъмол товарлари ишлаб чиқариш давомида бозор эҳтиёж­ларининг катта қисми тўйинишига таъсир қилади. Бундан ташқари, кўп миқдордаги иш ўринлари билан таъминлашда, асосан аёлларнинг банд бўлиши саноат районларида демографик балансни ушлаб туриш имконини беради. Энг асосий ва муҳим омиллардан бири, бу – экспорт сало­ҳиятининг ўсишидир. Бу жиҳат рес­публика иқтисодий салоҳияти ва турмуш даражаси ўсишига тўғри мутаносибликда ривожланмоқда.
     Ўзбекистон кўп йўналишларни ўзига қамраб олган енгил саноат тизимига эга бўлиб, унинг ҳиссасига саноат маҳсулотининг 25 фоизи, ишлаб чиқариш асосий фондларининг 13 фоизи тўғри келади. Шу билан бирга, мазкур тармоқда саноат ходимларининг 32 фоизи меҳнат қил­моқда.
     Шунингдек, енгил саноатнинг барча тармоқларини ривожлантириш ва таъминлаш учун бой хомашё базалари (пахта, жун, қоракўл, ипак, нефть, газ ва ҳоказо)га, бундан таш­қари, иқтисодиётни тез суръатларда ривожлантириш учун етарли даражадаги шарт-шароитлар (табиий-иқ­лим, ҳудудий ва меҳнат ресурслари)га ҳам эгадир. Агар 1991 йилда рес­публикада етиштирилган пахта тола­сининг етти фоизи қайта ишланган бўлса, ҳозирги кунда енгил саноат корхоналари томонидан 40 фоиз пахта хомашёси қайта ишланмоқда. 2030 йилга бориб, республикамизда етиш­тириладиган пахта хом ашёсининг 100 фоизи қайта ишланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини 5,6 мартага оширишнинг устувор йўналишлари амалга оширилади.
     2016 йилда «Ўзбекенгилсаноат» ДАК таркибидаги 315 та корхонадан 142 таси тўқимачилик, 135 таси тикув-трикотаж ва 38 таси ипакчилик тармоғи корхоналари ҳисобланади. Ташкил этилиш шаклига кўра, олтита корхона АЖ корхонаси бўлиб, жами корхоналарнинг икки фоизини, 277 та МЧЖлари жами корхоналарнинг 88 фоизини, 24 та хусусий корхона етти фоизни ва саккизтаси бошқа хуқуқий шаклдаги корхона ва ташкилотлар бўлиб, уч фоизни ташкил этади. Меҳ­нат унумдорлигини ошириш, ички бозорни сифатли маҳ­сулотлар билан тўлдириш, экспорт са­лоҳиятини ошириш ва қўшимча иш жойларини бу­нёд этиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
     Шу билан бир қаторда ишлаб чиқ­а­рилаётган маҳсулот турларини кўпайтириш, янги техника ва технологияларни жорий этиш ҳисобига жа­ҳон бозорида рақобатлаша оладиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.
     Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда чет эл инвестицияларини жалб этиш, қўшма корхоналар ташкил этиш чора-тадбирларига ҳам катта эътибор берилмоқда.
     Вазирлар Маҳкамасининг 2011–2015 йилларга мўлжалланган тўқима­чилик ва енгил саноат корхоналарини ривожлантириш концепциясига кўра, республика ҳудудида чет эл ин­вестициясини жалб этиш, тижорат банклари қарзи ва ўз маблағи ҳисо­бига 70 дан зиёд объектларни техник қайта жиҳозлаш, реконструкция қилиш, янги корхоналар барпо этиш ишлари амалга оширилди. Натижада, 2015 йилда 410 минг тонна калава-ип, 281,8 млн м2 тайёр ип газлама, 81,8 минг тонна трикотаж матолари, 256 млн дона трикотаж маҳсулотлари, 71300 минг жуфт пайпоқ маҳсулотла­ри ишлаб чиқарилди. 2015 йилда жами 29 та корхона ишга туширилиши натижасида тайёр маҳсулот турларини 1,8 марта, ип газламаларини 1,26 марта, трикотаж буюмларини 1,2 марта, пайпоқ маҳсулотларини 2,5 марта ва тайёр тикувчилик маҳ­сулотларини 2,9 марта ўсишига эри­шилди. Қайд этилган рақамлар юрти­мизнинг енгил саноат соҳасига хом­ашё етказиб берувчи эмас, балки тайёр маҳсулот­лар экспорт қилувчи давлатга айланиши учун барча шарт-шароитлар яратилганлигини яққол намоён қилади.
     Айни пайтда енгил саноат тармо­ғини ривожлантиришнинг яна бир муҳим омили бу экспортга мўлжалланган, рақобатбардош ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, республика валюта захираларини тўлдирувчи тармоққа айланиши учун етарли даражада замин ҳозирлашдан иборат. Компания корхоналарида импорт ўрнини босувчи 50 дан ортиқ маҳсулот турлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва четдан келтириладиган маҳсулотлар ҳажми 93 фоизга қисқарди. Шу жумладан, фақат трикотаж маҳсулотларидан 1300 дан ортиқ тури ўзлаштирилди. Аҳолининг тайёр маҳсулотларга нис­батан эҳтиёжини қондириш мақса­дида 400 тадан ортиқ кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг ҳар бири кичик партияларда, ўртача 1350,2 млн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқа­риш­га эришди.
     Мамлакатимизда саноат маҳсу­лотлари ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилишини белгилашда ҳал қилувчи ўринлардан бирини эгаллаб турган енгил саноат тармоғи кейинги йилларда бу борада ўз мавқеини бош­қа саноат тармоқларига бўшатиб бермоқда. Албатта, саноат маҳсулот­лари ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилишида машинасозлик ва ёқилғи саноати улушининг ортганлигини ижо­бий баҳолаш лозим. Лекин, бу ҳо­лат енгил саноат тармоғи улушининг пасайиши ҳисобига амалга оширилиши керак эмас. Айниқса, бу ерда ёқилғи ресурсларининг чекланганлиги ва уларнинг қайта тикланувчанлик тавсифига эга эмаслиги ҳи­соб­га олинса масала янада ойдинлашади. Шунингдек, электроэнергетика, қора ва рангли металлургия, кимё, ўрмон ва ёғочни қайта ишлаш, қурилиш материаллари ва озиқ-ов­қат каби саноат тармоқлари бу жараёнда ўз мавқеини сақлаб қолган бир пайтда енгил саноатда аксинча вазият юзага келганлиги бирқадар тушунарсиз ҳолатдир.
     Тўғри, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилиш­лари хусусида гап кетганда, умумий кўринишда бирон саноат тармоғи улушининг ошиши бошқасининг камайиши ҳисобига юз беради. Бу, ўз-ўзидан кечадиган табиий жараёнлар ҳисобланади. Асрлар давомида таркиб топган ҳақиқий ҳолат (жумладан, иқтисодий ҳолат ҳам), енгил саноат тармоғининг юқори суръатларда ривожланишига хизмат қилувчи хом­ашё базаси ва малакали ишчи кучининг мавжудлиги, ички ва ташқи бо­зорда ишлаб чиқарилаётган енгил саноатнинг табиий маҳсулотларига талабнинг юқорилиги каби омиллар ҳисобга олинса ва мазкур таркибий тузилмалардаги ўзгаришлар енгил саноат ҳиссасига амалга оширилиши, мақсадга мувофиқ эмаслиги аён бў­лади.
     Мамлакатимиз саноат маҳсулот­лари ишлаб чиқариш таркибий тузилмасида енгил саноат ҳиссаси 2001–2009 йиллар давомида муттасил равишда пасайиш тенденциясига эга бўлиб, 20 фоиздан 12,1 фоизгача пасайди, 2010 йилдан бошлаб эса вазият ўзгара бошлади. Яъни, мазкур йилда – 13,1 фоизга, 2011 йилда – 13,4 фоизга, 2013 йилда – 13,9 фоизга ва 2014 йилда 15,5 фоизга тенг бўлди. Бу рақамлардан кўриниб турибдики, яқин келажакда ва истиқ­болда енгил саноат тармоғи саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг тар­кибий тузилмасида ўз мавқеини қайта тиклаб олиши шубҳасиз. Бундай шароитда мамлакатимиз енгил саноати тараққиётининг, жумладан, молиявий жиҳатларини тадқиқ этиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш йўлларини илмий-амалий жиҳатдан асослаш талаб этилади.
     Бир вақтнинг ўзида шуни ҳам таъкидлаш лозимки, саноатнинг мазкур тармоғида ЯИМнинг 7–10 фоизи яратилмоқда. Асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 9–10 фоизи ҳам енгил саноат улушига тўғ­ри келиб, мамлакатимиз экспортидаги салмоғи 4–5 фоизни ташкил этмоқда. Бундай шароитда Ўзбекис­тонда енгил саноат бўйича ишлаб чиқариш дастурларининг бажарилиш ҳолатини таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этади:
     2001–2014 йилларда сотилган маҳ­сулотлар ҳажми қарийб 14,2 баробарга ортган. Тармоқ корхоналарида 2001 йилда 567,2 млрд сўмлик маҳсулотлар реализация қилинган бўлса, 2014 йилда ушбу кўрсаткич 8069,1 млрд сўмга тенг бўлган;
     2001–2014 йилларда ишлаб чиқа­риш ва реализациянинг ўсиш суръатлари 111,6 фоиздан 154,5 фоизгача (2001–2013 йй.) ўзгарганлигини кўр­сатмоқда.
     Қисқача хулоса қилиб айтганда, енгил саноат корхоналари ривожланишига таъсир кўрсатаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқи­батларига қарамасдан, ушбу соҳа зиммасига юклатилаётган вазифалар босқичма-босқич муваффақиятли ра­вишда амалга оширилмоқда. Бу эса, албатта, мамлакатимизда ишлаб чиқилаётган ва самарали татбиқ этилаётган давлат дастурларининг оқи­лона тарзда қабул қилинаётганлиги ҳамда амалга оширилаётганлигидан далолат беради.
 
 
Шерзод МАҲМУДОВ,
ТДИУ тадқиқотчиси

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • Вышел в свет

    2/2019

    № 2/2019

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • Купить журнал

    PodpiskaПо вопросам приобретения журнала обращайтесь в отдел распространения и подписки редакции.

    Адрес:  г. Ташкент,
    ул. Ислама Каримова, 55.

    • Телефон:
    • (99897) 773-22-91.

    Также вы можете приобрести журнал в киосках города.

     

  • Подписка на журнал

    Подписка на журнал
  • ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ

    ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ
  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.