Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Қадим ва навқирон Бухоронинг яна уч-тўрт йилдан кейин қандай кўринишга эга бўлиши ҳамда қандай бино ва иншоотлар бунёд этилиши кўпчиликни қизиқтириши турган гап. 2022 йилгача Бухоро шаҳрининг Ғиждувон, Баҳовуддин Нақшбанд, Ибн Сино, Навоий кўчаларида 57 та 5, 6, 7 қаватдан иборат кўп қаватли уйлар қурилади. Бундан ташқари, Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида анъанавий ҳунармандчилик устахоналарини жамлаган икки қаватли уйлардан иборат ҳунармандлар мавзесини бунёд этиш режалаштирилган. Яна 2018 йилда Президент Ислом Каримов ва Ибн Сино кўчалари кесишган жойда 15 та спорт тури бўйича мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш имкониятига эга Универсал спорт мажмуаси бунёд этилади.
Дарҳақиқат, бугун юртимизнинг қайси гўшасига қараманг, улкан қурилиш ишлари авж олмоқда. Яъни, равон йўллар, маҳобатли кўприклар, замонавий инфратузилмага эга иншоотлар, саноат зоналари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт масканлари, кўркам тураржой бинолари…
Бухоро вилоятининг шаҳар ва туман марказлари кундан-кун чирой очишида амалга оширилаётган илғор архитектура ечимлари асосида бунёд этилаётган қурилиш иншоотларининг ўрни беқиёс. Халқимиз турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилаётган арзон ва барча қулайликларга эга замонавий тураржой биноларини қуриш мамлакатимизда сўнгги саккиз йил давомида изчиллик билан ташкил этилаётган тизимли ислоҳотларнинг самараси, десак тўғри бўлади. Ушбу эзгу ва хайрли ишларга илк тамал тоши – Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг «Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жой қурилишини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан қўйилган эди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йиллар давомида қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши жадал суръатларда олиб борилди.
Хусусан, биргина Бухоро вилоятида ўтган давр мобайнида 198 та массивда жами 5269 та намунавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу уйлар қурилиши учун жами 723 млрд сўм маблағ сарфланди. 2009–2016 йиллар давомида ушбу массивларда 364,8 км сув тармоқлари, 200,4 км табиий газ ва 145,6 км электр тармоқлари тортилиб, 134,9 км ички йўллар қурилди. Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида, 121 та бозор ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Дастлаб қишлоқ жойларида қурила бошлаган уйлар мамлакатимизнинг ҳар бир вилояти, ҳар бир тумани ҳамда шаҳару посёлкаларида қад кўтара бошлади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги «2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори ўрта қатламни шакллантириш, аҳолининг уйга муҳтож қисмини арзон уй-жойлар билан таъминлаш ҳамда эскириб қолган уйларни янгилаш борасида катта ижтимоий аҳамиятга молик масала бўлди. Мазкур ижтимоий ҳодисага теран нигоҳ билан назар ташласак, дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида уй-жой олиш масаласи мушкул ҳолат бўлиб турган бир вақтда, Ўзбекистон ҳукуматининг пухта ишлаб чиқилган дастури асосида ушбу масала ўзига хос тарзда ва энг аввало, инсон манфаатларини кўзлаган ҳолда ечим топаётганлигига гувоҳ бўламиз. Хўш, ушбу режа қай жиҳатлари билан манфаатли, умуман қабул қилинган қарор натижасида яратилган афзалликлар нималардан иборат ва улар амалда қандай ечим топмоқда?
Ушбу жараёнга холис баҳони оддийгина таққослаш орқали бериш мумкин. Маълумки, илгари уй-жой қуриш учун узоқ вақт, катта куч ва маблағ талаб этилар эди. Янги технологияга асосланган хомашё, соҳадаги юқори малакали ишчи кучининг мавжудлиги, пухта ишланган режа бугун вақт, унга сарфланадиган маблағ ва кучни икки-уч баробар камайтириш имконини яратди. Бухоро вилоятининг Бухоро тумани Истиқбол ҚФЙ Работак аҳоли пунктида ҳам 2017 йилдан бошлаб қисқа вақт ичида 10 та икки сотихдан иборат уч хонали ҳовли-жой ва иккита икки қаватли, тўрт подъездли кўпқаватли уйлар битказилиб, эгаларига топширилгани бунинг яққол мисолидир. Шу кунга қадар тураржой биноларининг нарх-наво масаласи аксарият аҳолини қийнаётган оғриқли муаммолардан бири бўлиб келгани ҳеч кимга сир эмас. Бугунга келиб, арзон уй-жой қуриш ишлари бошлангач, нарх борасидаги минглаб одамларнинг юқорида тилга олинган муаммолари ўз-ўзидан ҳал бўла бошлади. Мамлакатимизнинг ҳар бир вилояти ва шаҳарларида «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси томонидан бунёд этилаётган арзон тураржой биноларининг таннархи Бухоро вилоятида ҳам 85 млндан 170 млн сўмгача, яъни илгаригига нисбатан икки баробар арзонлашган. Бунинг сабаби оддий: биринчидан, ушбу уйлар банклар ва масъул ташкилотлар имтиёзлари асосида барпо этиляпти. Иккинчидан, қурилаётган уйларнинг асосий хомашёси маҳаллий қурилиш материалларидан иборат. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган кенг кўламли қурилиш материаллари замонавий, арзон тураржой қурилишида ўзининг нархи ва сифатидаги қулайлиги билан халқимиз турмуш шароитини яхшилашга, минглаб уй-жойга муҳтож кишилар муаммосини ҳал қилишга хизмат қилмоқда. Фикримизнинг исботи сифатида қурилаётган уй-жойларга «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ орқали 15 турдаги, яъни уч турдаги импорт (ёғоч-тахта, металл тунука, ДСП) ва 12 турдаги маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозлари марказлашган ҳолда етказиб берилаётганини айтиш мумкин.
Мамлакатимизда юқоридаги қарор асосида йил бошидан нафақат моддий жиҳатдан таъминланган одамлар, балки аҳолининг ўрта тоифаси учун мўлжалланган уй-жойлар қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Хусусан, биргина Бухоро вилоятида 2017 йил дастурига асосан 21 та массивда жами 1142 та янгиланган намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қуриш режалаштирилган. Шундан 284 таси ер майдони олти сотихдан иборат бир қаватли тўрт хонали уйлар, 124 таси ер майдони икки сотихдан иборат бир қаватли уч хонали уйлар, 510 таси ер майдони тўрт сотихдан иборат икки қаватли тўрт хонали уйлар ва 14 таси икки қаватли тўрт подъездли 16 квартирали ҳамда бошқа уйлар бунёд этилади. Барчага аёнки, уй сотиб олаётган шахс оиласининг катта-кичиклиги, қолаверса, маблағидан келиб чиқиб харид қилади. Мазкур жиҳатларни назарда тутган ҳолда, қурилаётган уйларнинг типи турли хилда бўлишининг ўзи ҳам аҳолига енгиллик яратади. Бу уй-жой билан таъминлаш борасида яратилаётган қулайликларнинг бир намунаси, холос. Бундан ташқари, намунали лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойлар фуқароларга беш йил имтиёзли давр ва 15 фоиз бошланғич бадал билан 15 йил муддатга кредитга берилади. Қарорнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида яна бир катта масала – эскирган уй-жойлар муаммоларига ечим топилди. Бухоро вилоятидаги ярим аср аввал қурилган, яшаш учун хатарли бўлган эски уйларда ҳаёт кечираётган аҳолининг мушкули осон бўладиган бўлди.
Инсоннинг яшаши учун энг оддий эҳтиёждан бири-муқим бир бошпана, яъни, тураржойга эга бўлиши ҳисобланади. Бир қарашда энг оддий саналган бу эҳтиёж аслида, ҳар бир инсон учун кичик бир Ватан. Кишининг амалий фаолияти, жамиятдаги ўрни, ижтимоий муҳит билан муносабати шу уй – кичик Ватан билан боғлиқ. Биргина шу кичик Ватан бутун бир катта жамиятга, Ватанга кўзгудир. Сабаби, мана шу кичик макон катта бир жамиятдаги иқтисодий, ижтимоий аҳволга баҳо беради. Афсуски, дунёда иқтисодий инқироз, уруш ва қашшоқлик таъсирида энг оддий эҳтиёжлари ҳам қондирилмай келаётган миллионлаб одамлар уйсиз-жойсиз яшамоқда. ЮНИСЕФ маълумотларига қараганда, қашшоқлик оқибатида дунё бўйича 50 млн бола уйсиз экан. Дунёнинг энг ривожланган мамлакати бўлмиш АҚШнинг мегаполисларидан бири Нью-Йорк шаҳрида ҳам уйсиз одамлар сони бугунги кунда 60 мингтани ташкил этади. Сўнгги бир йил ичида бу кўрсаткич 15 фоизга ошган. Шунингдек, Молдовада аҳолининг яшаш учун энг зарур шароитга эга бўлган уй-жойга бўлган талаблари бир неча ўн йиллардан бери қондирилмай келинмоқда. Бунга ишсизлик муаммосининг ҳал қилинмаганлиги, яшаш шароитининг оғирлиги сабаб бўлмоқда. Давлат бюджетида эса халқни уй-жой билан таъминлашга етарли маблағ йўқ.
Дунёда мана шундай мураккаб вазият юзага келган бир пайтда Ўзбекистон ҳукуматининг аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлари дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Яъни, намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жой қуриш дастури мамлакатнинг архитектуравий қиёфасини ўзгартириш, муҳандислик тармоқларини тубдан яхшилашни кўзда тутади.
Хуллоса қилиб айтганда барча ҳаракатлар одамларнинг меҳнат қилиши, яшаши ва дам олиши учун қулай ва муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилмоқда. Бугун биз бу жараёнларга баҳо берар эканмиз, мамлакат раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган «Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, инсон учун» ғояси рўёбга чиқаётгани, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари» йилида арзон тураржойлар қуриш айнан халқимиз манфаатларига қаратилгани билан ажралиб туради.
Нарзулло ҲАМДАМОВ,
вилоят ҳокими ўринбосари