Бугунги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар энг аввало, инсон манфаатларини ҳимоя қилишга, мамлакатимиз иқтисодий қудратини оширишга ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилгани боис жойларда улуғ мақсадларни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилаётган бунёдкор халқимиз ҳар бир жабҳада фидокорона ва самарали меҳнат қилмоқда. Президентимиз вилоятнинг республикадаги ўрни ва салоҳияти, фаол ва фидойи халқимизнинг меҳнатларини эътироф этиб, вилоятни янада обод этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича билдирган фикр-мулоҳазалари меҳнат аҳли кучига куч қўшмоқда.
Меҳнатсевар халқимиз қадимдан чиройли яшаш, хонадонини саранжом-саришта сақлаш, қадриятларга ҳурмат билан қараш тушунчаларини фарзандлари онгига сингдириб келади. Ана шундай тарихий ва муқаддас қадамжоларда умргузаронлик қилаётган зарбдорликлар ҳам бошқалардан ҳеч бир соҳада ортда қолмасликка ҳаракат қилмоқда.
«Зарбдор» сўзи – қаттиқ меҳнат туфайли обод бўлган макон маъносини англатади. Бу туман аввал Зомин таркибида бўлиб, 1979 йилда ташкил этилган. Серғайрат, шижоатли аҳолиси, кўплаб тарихий масканлари, тепаликлари билан ном қозонган туманда Ғозонтепа, Очилтепа, Мозортепа, Ғишттепа, Номсизтепаликлар тарихи V–VIII асрларга бориб тақалади.
Яратиб берилаётган кенг кўламли имкониятлардан унумли фойдаланаётган зарбдорликлар ҳам мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтириш, ўзларининг турмуш даражасини оширишга астойдил интилмоқда. Жумладан, қабул қилинаётган истиқболли лойиҳалар, ҳаётий дастурлар ижросини таъминлашда ижобий натижаларга эришилмоқда. Бундай дейишимиз бежиз эмас, зеро, 2017 йил якунларига эътибор қаратсак, юқорида келтирилган таърифлар ўринли эканлигини кўрамиз. Масалан, 2017 йилда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан саноат 97,0 фоиз, аҳоли истеъмол моллари 99,2 фоиз, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 101,3 фоиз, қурилиш-пудрат ишлари 109,9 фоиз, чакана савдо 100,0 фоиз, жами хизматлар кўрсатиш 104,8 фоизни ташкил этди. Зарбдорликлар ўз маҳсулотларини хориж бозорларига чиқариш масалаларида ҳам яхши натижаларга эришмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3555,2 минг долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинганини инобатга оладиган бўлсак, бу борада ҳам сезиларли муваффақиятларга эришилаётгани маълум бўлади.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кун талаб-эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда туманда аграр соҳанинг барча йўналишларига катта эътибор қаратилмоқда. Аслини олганда, Зарбдор аҳолиси табиий муҳитга мос равишда азал-азалдан мева-сабзавот етиштиришга мослашган. Айтиш мумкинки, туман мева-сабзавотга ихтисослашган ҳудудлардан саналади, яъни бу заминда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган илғор тажрибалар даврлар оша бойитиб борилади. Шу боис ҳам бу имкониятлардан самарали фойдаланишга астойдил ҳаракат қилинади. Мисол учун, 2017 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш натижаларини таҳлил қилсак, қуйидаги манзара ҳосил бўлади: умумий сумма 219,6 млрд. сўмдан зиёд бўлиб, барча хўжаликлар томонидан 39,8 минг тонна дон (100,4 %), 9,7 минг тонна гўшт (106,5 %), 29,7 минг тонна сут (101,0 %), 8,2 млн. дона тухум (100,8 %), 25,6 тонна пилла (63,4 %), 118 тонна жун (105,4 %), 22 тонна асал (100 %) ва 111 тонна балиқ (179,0 %) етиштирилди. Бюджет даромадлари 19,2 млрд. сўм (режадан уч млн. сўм кўп)ни, харажатлар 18,9 млрд. сўм (режадан уч млн. сўм кам)ни ташкил этди.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни барча жабҳаларда амалга оширишга астойдил киришганлиги туфайли туманда ҳам бирин-кетин замонавий корхоналар, ишлаб чиқариш мажмуалари бунёд этилмоқда, мавжудлари замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланмоқда. Шунингдек, хусусий тадбиркорликка, кичик бизнесга янада кенг имкониятлар очиб берилмоқда. Буларнинг барчаси алал-оқибат тўкин-сочинликка, фаровон турмуш тарзи асоси бўлган бандлик кўрсаткичлари ортишига сабаб бўлмоқда. 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурига кўра 1466 та янги иш ўрни яратилди. Мақсадли дастурга мувофиқ саноатда 145 та, хизмат кўрсатишда 154 та, қишлоқ хўжалигида 238 та, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 85 та, аҳолини шахсий ёрдамчи ҳамда деҳқон хўжалигида ўзини-ўзи банд қилиш ва оилавий тадбиркорликда 284 та, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳисобига 560 та иш ўрни яратилди.
Бу борада айниқса, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга қаратилаётган эътибор ҳар қанча таҳсинга сазовор. Қайд этилганидек, йил якуни бўйича белгиланган режа 106,5 фоизга бажарилди. Ана шу мақсадда ўтган йили ҳам аҳоли бандлик даражасини ошириш мақсадида меҳнат ярмаркалари ўтказилди. Мазкур тадбирларда коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор берилди. Хусусан, 2016–2017 ўқув йилида туман касб-ҳунар коллежлари битирувчилари сони 945 нафарни ташкил этиб, 920 нафари (97,3 %) ўзининг доимий иш ўрнига эга бўлди.
Бундан ташқари туманнинг саноат салоҳиятини янада ривожлантириш дастурига асосан 2017 йилда умумий қиймати 10,3 млрд. сўмлик 38 та саноат корхонаси ишга туширилиши натижасида 252 та янги иш ўрни ташкил этилди, жумладан:
2018 йилнинг 1-чорагида «Зарбдор текстиль» масъулияти чекланган жамияти томонидан тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва 510 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Бундан ташқари «Зарбдор универсал логистика» МЧЖда «экспорт ва импортни ташкил қилиш» учун умумий қиймати 83,3 млрд. сўм, шундан банк кредити 61,5 млрд. сўм ва 300 та янги иш ўрни яратиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
2017 йил давомида туманда фаолият юритаётган кичик бизнес субъектларига жами 11,2 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилиб, шундан 1,4 млрд. сўми саноат соҳасига, тўрт млрд. сўми қишлоқ хўжалигига, 1,8 млрд. сўми чакана савдога, бир млрд. сўми қурилиш-пудрат ишларига, 1,1 млрд. сўми хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига ҳамда 1,7 млрд. сўми бошқа тармоқларни ривожлантириш учун ажратилди.
Туманда юқорида таъкидланган чора-тадбирлар билан бирга жорий «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастури ижросига қаратилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга ҳам астойдил киришилган. Юртимиздаги ҳар бир инсон самарали меҳнат қилиши, роҳат-фароғатда яшаши учун барча бирдек ҳаракат қилиши лозимлигини бугун ҳамма – каттаю кичик, раҳбару оддий ишчи яхши англаши ҳам муҳим масала!
Қайд этилганидек, Зарбдор тумани ҳар жиҳатдан юқори салоҳиятга ва жадал ривожланиб бораётган туманлардан бирига айланиши учун барчанинг бирдек саъй-ҳаракатлари ҳам муҳим роль ўйнайди. Бу борада, айниқса, ҳудуд аҳолисининг меҳнаткашлиги, юртни обод этишга, ёрқин келажак қуришга бўлган эзгу иштиёқи кўпдан-кўп масалаларнинг осон ечим топиши учун йўл очиб беради. Хуллас, саъй-ҳаракатлар ва интилишларимиз қанчалик муштарак ва ҳамоҳанг бўлса, бу эртанги фаровонлик, ҳеч кимдан кам бўлмай тўкин яшаш, айтиш жоизки, мақсад-муддаоларимиз ушалиши демак!