Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Истиқлолнинг дастлабки йилларида республикамиз қишлоқ хўжалиги техникалари паркининг иш унумдорлиги паст ва хизмат муддатини деярли ўтаб бўлган қишлоқ хўжалиги техникалари ташкил этар эди. Бугунги кунда эса, қишлоқ хўжалиги техникалари паркининг деярли 75–80 фоизи замонавий, юқори унумли машина ва механизмлар билан янгиланди. Ҳайдов тракторларининг қарийб тенг ярми бир кунда 10–15 гектардан зиёд майдонни ҳайдай оладиган «Магнум– 8540», «Класс» русумли юқори унумли ғилдиракли тракторлар, кунлик иш унуми 10–15 гектар ғаллани ўриш қувватига эга «Даминатор – 130» ва «Кейс» русумли комбайнлар ташкил этади. Қувонарлиси, айни пайтда чигит экишда кунлик иш унуми 30–40 гектарни ташкил этадиган «Кейс – 1200» русумли пневматик сеялкалардан фойдаланилмоқда. Бунинг натижасида эса, экиш мавсуми 10–20 кун қисқараяпти. Ушбу техникаларни бошқаришда механизаторларга яратилган шароит замонавий енгил автомобилларникидан сира қолишмайди. Қолаверса, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда кенг қамровли машиналар, айланма омочлар, лазерли ер текислагичлар ва комбинациялаштирилган агрегатлардан кенг кўламда фойдаланилмоқда. Бугунги кунда аксарият фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги техникалари парки вужудга келтирилди, уларга имтиёзли равишда узоқ муддатли лизинг ва банк кредитлари ҳисобидан янги қишлоқ хўжалиги техникалари етказиб бериш тизими йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 майдаги «2012–2016 йиллар учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада замонавийлаштириш, техник ва технологик қайта қуроллантириш дастури тўғрисида»ги қарорига асосан мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги машиналари ишлаб чиқарувчи корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи корхоналарни бирлаштирган «Ўзагросаноатмашхолдинг» компанияси ташкил қилинди. Бугунги кунда ушбу компания таркибидаги корхоналар томонидан хорижий компаниялар билан ҳамкорликда 40 турдан ортиқ замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилмоқда.
Глобал иқлим ўзгаришлари туфайли тобора ортиб бораётган сув тақчиллиги шароитида мавжуд сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, суғоришнинг тежамкор технологияларини кенг жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш муҳим аҳамиятга эга. Сувдан фойдаланишни самарали ташкил қилиш тадбирларининг амалга оширилиши натижасида мамлакатимиз миқёсида йиллик фойдаланилаётган сувларнинг умумий миқдори ўтган асрнинг 80-йилларидагига нисбатан 20 фоизга қисқартирилди. Агар 90-йилларда 1 гектар майдонни суғориш учун ўртача 18 минг/м3 сув ишлатилган бўлса, бугунги кунга келиб 10,5 минг/м3 сув сарфланмоқда. Бу борада тежамкор суғориш технологияларини қўллаш борасидаги ишлар муваффақиятли татбиқ этилиши натижасида охирги олти йилнинг ўзида қарийб 22,6 минг гектардан зиёд майдонда томчилатиб, қарийб 118,4 минг гектарда эса кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш, 28,7 минг гектардан зиёд майдонда ғўза эгатларига плёнка тўшаб суғориш технологиялари жорий қилинди.
Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ва сифатли ҳосил олиш ерларнинг мелиоратив ҳолатига бевосита боғлиқ. Шу боис, ушбу масалага давлат сиёсати даражасида ёндашилмоқда. Президентимизнинг 2007 йил 29 октябрдаги «Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ ўтган давр мобайнида Молия вазирлиги ҳузурида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, «Ўзмелиомашлизинг» давлат лизинг компанияси, мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослаштирилган 49 та давлат унитар корхонаси ташкил этилди.
2008–2015 йиллар давомида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича қабул қилинган давлат дастурлари доирасида қарийб 1,7 трлн сўмлик тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 6700 км коллектор тармоқлари, 1255 та мелиоратив тик қудуқлар, 170 та насос станцияси, 5600 тага яқин кузатув қудуқлари реконструкция қилиниб қурилган бўлса, 106 минг км коллектор-дренаж тармоқлари, 246 та насос станцияси ва 10700 та назорат қудуқлари ва бошқа объектлар таъмирланди, қайта тикланди.
Ирригация-мелиорация тадбирлари ўз вақтида сифатли бажарилиши натижасида 2,4 млн гектардан зиёд суғориладиган майдонларда ер ости сизот сувлари сатҳи меъёр даражада ушлаб турилиб, мелиоратив ҳолати яхшиланишига ва барқарорлиги таъминланишига эришилди. Мелиорация чора-тадбирлари амалга оширилган экин майдонларида пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 2–3 центнер, бошоқли дон экинлари эса 3–4 центнерга ошганлиги маълум бўлмоқда. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасидаги ишлар қамрови Президентимизнинг 2013 йил 19 апрелдаги «2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ янада кенгайтирилмоқда.
Айни пайтда республикамизда кенг кўламдаги гидромелиоратив тизимлар, коллектор зовур ва суғориш тармоқларини таъмирлаш, уларнинг техник ҳолатини яхшилаш, тежамкор суғориш технологияларини жорий этиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Шу асосда соҳадаги саъй-ҳаракатлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиб, тупроқ унумдорлигини янада яхшилаш, шўрланиш жараёнларининг олдини олишга эришиляпти.
Қисқача айтганда, аграр соҳада амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, дастурхони тўкин бўлиши, юртимиз тараққиётини таъминлашнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Акром АРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги
вазирининг биринчи ўринбосари