Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Масалан, Косонсойдаги «Чашмаи сафед» фермер хўжалиги раҳбари Ҳамидхон Мўйдинхўжаев бугунги куннинг чинакам тадбиркор кишилари қандай бўлишини, улар кўп нарсаларга қодир шахслар эканлигини амалда исботлади. Мазкур фермер хўжалигида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, уни қайта ишлашда катта тажриба мактаби юзага келмоқда. Бу ерда фаолият кўрсатаётган цех энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, қаймоқ, сметана, пишлоқ, сузма, майонез, шунингдек, истеъмол бозорида талаб юқори бўлган колбаса ва гўшт маҳсулотлари ҳам тайёрланмоқда. Ҳа, бизнеснинг катта йўлига чиқиб, улкан муваффақиятларга эришаётган Ҳамидхон Мўйдинхўжаев каби фермерларимиз вилоятимизда кўпчиликни ташкил этади.
Қолаверса, вилоят ҳудудида аграр соҳанинг чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик тармоқларини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган алоҳида дастур асосида иш олиб борилмоқда. Ушбу дастур бўйича янги-янги субъектлар ишга туширилиб, кўплаб иш ўринлари яратилмоқда. Жумладан, кейинги пайтларда йирик шоҳли қорамоллар боқишга ихтисослаштирилган 254 та хўжалик ташкил этилди. Бу эса, аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондирмоқда. Шунингдек, паррандачиликда 51 та ва балиқчиликда 200 та хўжалик ташкил этилди. Масалан, Чортоқ туманидаги «Мусаффо иқлим транс» МЧЖда йилига 1300 тонна сутни, Наманган шаҳридаги «Афруз Камол Наби» МЧЖда 12000 тонна мевани қайта ишлашга мўлжалланган, «Risola oil press» масъулияти чекланган жамиятида эса 525 тонна омихта ем тайёрлашга мўлжалланган қувватлар ишга туширилди.
Айни пайтда вилоятнинг пахта далалари, боғ-роғларида иш авж палласига чиққан. Саховатли заминда оилавий бизнесни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган томорқа эгаларининг шашти баланд. Қишлоқларда ўзгаришлар катта, аҳоли турмуши тобора фаровонлашиб, рўзғорларига барака киряпти. Ҳудудлар кўркига кўрк қўшаётган замонавий тураржойлар, инфратузилма иншоотлари эса йилдан-йилга кўпаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, вилоятимиздаги янги қишлоқ массивларида 4027 та намунали уйлар барпо этилди. Қурилишга жами 496 млрд сўм сарфланди. Орзулар шаҳарчаси каби бунёд этилаётган ушбу массивлар барча туманларимизда кўпайиб бормоқда. Жорий йил охирига қадар бунёдкорларимиз яна 27 та даҳада 911 та замонавий уй-жойларни ўз соҳибларига топширади.
Албатта, кишига хуш кайфият бағишловчи бунёдкорлик ишлари вилоятнинг барча жабҳаларини қамраб олган. Масалан, Наманган шаҳридаги бутунлай янгича қиёфа касб этган Бобур шоҳкўчасидаги қурилиш ишлари юқори суръатда давом эттириляпти, Тўрақўрғон кўчасидаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари, вилоят марказининг бошқа ҳудудларида қад ростлаётган иншоотлар ҳам вилоят аҳлини бениҳоя қувонтирмоқда. Бундан ташқари, қатор маҳаллалардаги тадбиркорлар ҳам аҳолига қулайлик яратиш мақсадида замонавий савдо ва маиший хизмат шохобчалари қуриш ишларига катта эътибор бермоқда.
Вилоятимиз ўзига хос тарзда қадимий тарихи ва замонавий тараққиёт имкониятларидан келиб чиқиб, диёримизнинг улкан маданият ва маънавият марказларидан бирига айланмоқда. Бу эса, ҳудудда сайёҳлик соҳасини тараққий эттиришда муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирги кунда вилоятда 126 тадан ортиқ туризм объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 35 таси Наманган шаҳрида жойлашган. Шаҳар ва туманлардаги 27 тадан зиёд тарихий маданий мерос объектларининг аксариятида туристик маршрутлар йўлга қўйилган. Яъни, Наманган шаҳридаги «Мулла Қирғиз» мадрасаси, Ота Валихон тўра, Шайх Исҳоқ эшон масжидлари, Ҳазрати Мавлоно Лутфуллох Чустий мажмуаси, Мулла Бозор Охунд мақбараси сингари табаррук қадамжолар бор. Тўрақўрғон туманидаги «Ахсикент» ва Поп туманидаги «Мунчоқтепа» тарихий маданий мерос объектларини ЮНЕСКОнинг «Умуминсоний қадриятлар» китоби рўйхатига киритиш бўйича таклифлар берилди.
Шарқнинг машҳур оташнафас шоири Бобораҳим Машраб Наманганда таваллуд топган. Шу муносабат билан, ҳар йили анъанавий тарзда машрабхонлик тадбирлари ўтказилади. Қолаверса, Наманган гуллар шаҳри, деб ҳам бежизга айтилмайди. Мана, ярим асрдирки вилоят марказида гуллар байрами нишонлаб келинмоқда.
«Биз ўтган даврда амалга оширган ишларимизга баҳо берар эканмиз, «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган савол асосида уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзимизга чуқур тасаввур этамиз. Айни вақтда, «Эртага ким бўлишимиз, қандай марраларни эгаллашимиз керак?» деган савол устида ўйлашимиз, балки, амалий ишларимиз билан бунга жавоб беришимиз лозим», деган эди Юртбошимиз. Озод ватанимизнинг обод гўшаларидан бири бўлган Намангандаги ҳаётбахш ўзгаришлар, вилоят аҳлининг бугунги ҳаётдан мамнун ва масрурлиги, эртанги мақсадлар ижобати йўлидаги фидокорона меҳнати юқоридаги гапга ҳамоҳанглиги билан катта аҳамиятга эга. Шу боис ҳам, бугун бутун юртимиз қатори Наманганда ҳам мустақиллигимизнинг 25 йиллиги – Улуғ байрам шукуҳи кезмоқда. Жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда жондан азиз Ватанимиздаги улкан ўзгаришлардан онгу шуури юксалаётган замондошларимизнинг шукронаси баралла акс этиб турибди.
Хайрулла БОЗОРОВ,
вилоят ҳокими