Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Шиддат билан ривожланаётган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари тезкорлик билан жамият ва давлат бошқарувининг барча соҳаларига кенг кўламда татбиқ этилмоқда. Жумладан, рақамли телевидение, интерактив хизматлар, шунингдек, «Электрон ҳукумат» тизимидан фойдаланишга катта урғу берилмоқда. АКТни ривожлантириш ва соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор, изчил чора-тадбирлар сабабли, барча жабҳаларда сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Дарҳақиқат, бу борада бир қатор ҳуқуқий ва иқтисодий асослар ва имтиёзлар яратилган. Яъни, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ҳудудларда янги қувватларни ташкил этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда замонавий АКТ ўзига хос муҳим роль ўйнамоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ахборот-коммуникация технологияларини ҳар томонлама равнақ топтириш, унинг ҳуқуқий-ташкилий, моддий-техник базасини изчил такомиллаштириш натижасида Ўзбекистон қисқа даврда миллий АКТ инфратузилмасига ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш моделига эга бўлди. Бу эса, ўз навбатида, ахборот-коммуникацияларни татбиқ этиш, дастурлаш жараёнларининг назарий ва амалий томонини ўзлаштиришга жалб этилган ёш мутахассисларда маълум кўникмалар ҳосил қилишни талаб этди. Шу сабабли, 2014 йилда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Тошкент шаҳрида Инха университети ташкил этилди.
Шу билан бирга, дастурий мақсад ва вазифалар ўз вақтида амалиётга татбиқ этилиши аудиторияларни ахборот-коммуникация технологиялари, ўқув дастурлари ва дарсликлар билан тўлиқ жиҳозлаш имконини берди. Бу эса, таълим олаётган талабаларнинг ўзларига нисбатан талабчанлигини оширишга, энг замонавий технологиялар билан бемалол «тиллашиш»га, катта-кичик дастурлар яратишга ва мақсад сари дадил интилишлари учун кенг йўл очди. Энг муҳими, пойтахтимиздаги Инха университети талабалари ҳеч кимдан асло қолишмаслигини намоён этишмоқда. Айни пайтда, талабалар Жанубий Корея, АҚШ, Франция, Болгариядан келган профессорлар ҳамда хорижнинг етакчи университетларида тажриба орттирган ўз мутахассисларимиздан сабоқ олишмоқда.
Талаба-ёшларнинг келажакда етук мутахассислар бўлиб шаклланишида ёшликда олинган билимнинг аҳамияти беқиёс. Айниқса, ўз устида етарли даражада ишлаган, зарур фанларни қунт билан ўзлаштирган абитуриентлар орасидан университет талабаси номига муносиб ёшларни саралаб олиш энг долзарб вазифалардан саналади. Университетимизга кириш имтиҳонлари минтақанинг глобал-технологик тараққиётида муҳим ўрин тутаётган Жанубий Кореядаги Инха университети профессорлари томонидан ҳаққоний ва холисона тарзда ташкил этилади. Бу эса, мазкур даргоҳга энг билимли, ҳар жиҳатдан иқтидорли ва юқори тайёргарликка эга бўлган номзодларни талабаликка танлаб олиш имконини беради. Буни Ўзбекистонда таълим тизимига қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси, деса бўлади.
Университетдаги ўқув дастурларининг яна бир аҳамиятли томони шундаки, ўқув жараёнида халқаро ва миллий бозор учун мўлжалланган мутахассислар тайёрлашга катта эътибор берилади. Шу туфайли ҳам, талабалар учун доимий равишда Ўзбекистон ва дунё АКТ бозорининг етакчилари билан учрашувлар ўтказиш, уларнинг тавсиялари асосида ўқув дастурларини мукаммаллаштириш муҳим ўрин тутади. Шунингдек, таълим даргоҳида Инновациялар ва саноат кооперациялари маркази ташкил этилиши университет ҳамда иқтисодиётнинг реал тармоқлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга, ёшларнинг лойиҳаларда иштирок этиши ва тажриба орттириш тизими йўлга қўйилишига сабаб бўлди.
Қолаверса, марказнинг фаолият кўлами университетнинг илмий-тадқиқот салоҳияти кенгайишига, инновацион натижаларни тижоратлашуви таъминланишига ҳамда талабаларнинг дастурий таъминотларни яратишга бўлган қизиқиши ортишига замин яратди. Бу жиҳат, уларнинг профессионал билим ва кўникмалари ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишда, АТ саноати ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бу, ўз навбатида, марказ IUTда профессионал таълимни янги босқичга кўтариш учун, талабаларнинг янгича фикр юритиши ва керакли кўникмаларни ривожлантириши учун ёрдам беради. Бу жараён илмий-тадқиқот ва амалий фаолиятнинг етук мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Бу ерда фаолиятга жалб этилган талабалар ўқиш билан бирга, ишлаш имкониятини ҳам қўлга киритади. Марказда маҳаллий ва хорижий компаниялар ҳамкорлиги учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Ҳамкорлик дастури талабаларнинг кўникмалари яхшиланишига ва уларни реал шароитда ишлаши учун тайёрлаш имконини бермоқда. Бунинг натижасида компаниялар ўзлари ва мижозлар учун тайёр дастурларни олишга муваффақ бўлмоқда. Ҳамкорликдан эса университет ҳам, талабалар, ҳам, корхоналар ҳам манфаатдор. Айтиш керакки, мана шу қисқа даврда Инха университети янги фикр ва стартапни ривожлантириш, АКТ соҳасидаги экспертлар учрашадиган нуфузли масканга айланди. Қолаверса, IUT ҳамкорлиги, Ўзбекистон-Корея бизнес-форуми ва семинарлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тимсоли ҳисобланади.
Шуни ҳам эътироф этиш лозимки, 2015 йилда Тошкент шаҳридаги ҳамда Жанубий Кореядаги Инха университетлари ўртасида маҳаллий профессорларни тайёрлаш бўйича меморандум имзоланган бўлиб, унинг доирасида ўзбекистонлик мутахассислар Корея Республикасида таълим олиши ва докторлик даражасини қўлга киритишлари мумкин. Уларга қўйиладиган бирдан-бир талаб Ўзбекистонда етук мутахассислар тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этишлари лозим.
Ўзбекистон ҳукуматининг транспорт ва логистика соҳасига қаратаётган эътибори ва логистика мутахассисларига бўлган катта талабни ҳисобга олган ҳолда, университетда 2016–2017 ўқув йилидан бошлаб янги логистика йўналиши очилди. Ушбу йўналишни муваффақиятли якунлаган мутахассисга логистика жараёнларини бошқариш – логистика компаниясини тузиш ва бошқариш бўйича билимлар берилади. Факультетнинг янги ўқув дастури халқаро логистика, маҳсулот етказиб бериш тизими, юк ташиш, авиа ва темир йўл транспорти ва бизнесни бошқариш, ресурсларни режалаштириш каби профессионал модулларни татбиқ этишга мўлжалланган. Битирувчиларга нафақат халқаро ва маҳаллий компанияларда ишлаш, балки мазкур соҳада ўз бизнесларини ташкил этиш ваколати ҳам берилади.
Юртимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташаббуслари рўёбга чиқиши учун шароит яратиш – жамиятимизда янгича фикрлайдиган, ижтимоий масъулиятни чуқур ҳис қиладиган, ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш лаёқатига эга мутахассислар авлоди шаклланишига хизмат қилади. Бу жиҳат Тошкент шаҳридаги Инха университети профессор-ўқитувчиларининг ҳам мақсад-муддаоларини тўла-тўкис ифода этади!
Сарвар БАБАХОДЖАЕВ,
Тошкент шаҳридаги Инха университети ректори