(O´zbek) Sifatli ta’lim – muvaffaqiyat poydevori

1/2017

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Шиддат билан ривож­ланаётган замонавий ахборот-коммуникация технология­лари тезкорлик билан жамият ва давлат бошқарувининг барча соҳаларига кенг кўламда тат­биқ этилмоқда. Жумладан, рақамли телевидение, интерактив хизматлар, шунингдек, «Электрон ҳукумат» тизи­мидан фойдаланишга катта урғу бе­рил­моқда. АКТни ривожлантириш ва соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган ало­ҳида эътибор, изчил чора-тадбир­лар сабабли, барча жабҳаларда сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Дарҳақиқат, бу борада бир қатор ҳу­қуқий ва иқтисо­дий асослар ва имти­ёзлар яратилган. Яъни, иқтисодиёт­нинг етакчи тар­моқларини модерни­зация қилиш, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳоз­лаш, ҳудудлар­да янги қувват­ларни ташкил этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувват­лашда замонавий АКТ ўзига хос му­ҳим роль ўйна­моқ­да.
     Мустақилликнинг даст­лабки йил­ла­риданоқ ахборот-комму­никация тех­нологияларини ҳар томон­лама рав­нақ топтириш, унинг ҳуқу­қий-ташки­лий, моддий-техник базасини изчил такомиллаштириш натижасида Ўзбе­кистон қисқа даврда мил­лий АКТ инф­ратузилмасига ҳамда ма­лакали кадр­лар тайёрлаш моделига эга бўлди. Бу эса, ўз навбатида, ахборот-коммуникацияларни татбиқ этиш, дастурлаш жараёнларининг на­зарий ва амалий томонини ўзлаштиришга жалб этил­ган ёш мутахассисларда маълум кўникмалар ҳосил қи­лишни талаб этди. Шу сабаб­ли, 2014 йилда Биринчи Президенти­миз Ислом Каримов ташаббуси билан Тошкент шаҳрида Инха университети ташкил этилди.
     Шу билан бирга, дастурий мақсад ва вазифалар ўз вақтида амалиётга татбиқ этилиши аудиторияларни ахборот-коммуникация технологиялари, ўқув дастурлари ва дарсликлар билан тўлиқ жиҳозлаш имконини бер­ди. Бу эса, таълим олаётган талабаларнинг ўзларига нисбатан талабчанлигини оширишга, энг замонавий технологиялар билан бемалол «тил­ла­шиш»га, катта-кичик дастурлар яра­тишга ва мақсад сари дадил интилиш­лари учун кенг йўл очди. Энг му­ҳи­ми, пойтахтимиздаги Инха университети талабалари ҳеч кимдан асло қолиш­маслигини намоён этиш­моқда. Айни пайтда, талабалар Жанубий Корея, АҚШ, Франция, Болгариядан келган профессорлар ҳамда хорижнинг етакчи университетларида тажриба орттирган ўз мутахассисларимиздан са­боқ олишмоқда.
     Талаба-ёшларнинг келажакда етук мутахассислар бўлиб шаклланишида ёшликда олинган билимнинг аҳамия­ти беқиёс. Айниқса, ўз устида етарли да­ражада ишлаган, зарур фанларни қунт билан ўзлаштирган абитуриентлар ора­сидан университет талабаси номига муносиб ёшларни саралаб олиш энг долзарб вазифалар­дан саналади. Университетимизга ки­риш имтиҳон­лари минтақа­нинг гло­бал-технологик тараққиётида му­ҳим ўрин тутаётган Жанубий Корея­даги Инха университети профессорлари томонидан ҳаққоний ва холисона тарзда ташкил этилади. Бу эса, мазкур даргоҳга энг билимли, ҳар жи­ҳатдан иқтидорли ва юқори тайёргарликка эга бўлган номзодларни та­лабаликка танлаб олиш имконини бе­ради. Буни Ўзбекистонда таълим ти­зимига қара­тилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси, деса бўлади.
     Университетдаги ўқув дастурларининг яна бир аҳамиятли томони шундаки, ўқув жараёнида халқаро ва миллий бозор учун мўлжалланган му­тахассислар тайёрлашга катта эъти­бор берилади. Шу туфайли ҳам, талабалар учун доимий равишда Ўзбекистон ва дунё АКТ бозорининг етак­чилари билан учрашувлар ўтказиш, уларнинг тавсиялари асосида ўқув дастурларини мукаммаллаштириш муҳим ўрин тутади. Шунингдек, таълим дар­гоҳида Инновациялар ва саноат кооперация­лари маркази ташкил этилиши уни­верситет ҳамда иқ­тисодиётнинг ре­ал тармоқ­лари ўр­та­сидаги ҳамкор­ликни ривожланти­ришга, ёшларнинг лойи­ҳа­ларда иш­тирок этиши ва таж­ри­ба орттириш ти­зими йўлга қўйи­лишига сабаб бўлди.
     Қолаверса, марказнинг фаолият кў­лами университетнинг илмий-тад­қиқот салоҳияти кенгайишига, инновацион натижаларни тижоратлашуви таъминланишига ҳамда талабаларнинг дас­турий таъминотларни яратишга бўл­ган қизиқиши ортишига замин яратди. Бу жиҳат, уларнинг профессионал би­лим ва кўникмалари ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш­да, АТ саноати ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бу, ўз навбатида, марказ IUTда профессионал таъ­лимни янги босқичга кўтариш учун, талабаларнинг янгича фикр юрити­ши ва керакли кўникмаларни ривожлантириши учун ёрдам беради. Бу жараён илмий-тадқиқот ва амалий фаолиятнинг етук мутахассисларини жалб қил­ган ҳолда амалга оширил­моқда.
     Бу ерда фаолиятга жалб этилган талабалар ўқиш билан бирга, ишлаш им­кониятини ҳам қўлга киритади. Мар­казда маҳаллий ва хорижий компаниялар ҳамкорлиги учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Ҳамкорлик дастури талабаларнинг кўникмалари ях­шиланишига ва уларни реал шароитда ишлаши учун тайёрлаш имконини бермоқда. Бунинг натижасида компаниялар ўзлари ва мижозлар учун тайёр дастурларни олишга му­ваффақ бўлмоқда. Ҳамкорликдан эса уни­верситет ҳам, талабалар, ҳам, кор­хоналар ҳам манфаатдор. Айтиш керакки, мана шу қисқа даврда Инха уни­верситети янги фикр ва стартапни ривожлантириш, АКТ соҳасидаги экс­пертлар учрашадиган нуфузли мас­канга айланди. Қолаверса, IUT ҳам­кор­лиги, Ўзбекистон-Корея бизнес-форуми ва семинарлар икки мамлакат ўртасида­ги муносабатлар тимсоли ҳисобланади.
     Шуни ҳам эътироф этиш лозимки, 2015 йилда Тошкент шаҳридаги ҳам­да Жанубий Кореядаги Инха университетлари ўртасида маҳаллий про­фессорларни тайёрлаш бўйича меморандум имзоланган бўлиб, унинг доирасида ўзбекистонлик мутахассислар Корея Республикасида таълим олиши ва докторлик даражасини қўл­га киритишлари мумкин. Уларга қў­йи­ла­ди­ган бирдан-бир талаб Ўзбекистонда етук мутахассислар тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этиш­лари лозим.
     Ўзбекистон ҳукуматининг транс­порт ва логистика соҳасига қарата­ётган эътибори ва логистика мутахассисларига бўлган катта талабни ҳисобга олган ҳолда, университетда 2016–2017 ўқув йилидан бошлаб янги логистика йўналиши очилди. Ушбу йўналишни муваффақиятли якунлаган мутахассисга логистика жараёнларини бошқариш – логистика компаниясини тузиш ва бошқариш бў­йича билимлар берилади. Факультетнинг янги ўқув дастури халқаро логистика, маҳсулот етказиб бериш ти­зими, юк ташиш, авиа ва темир йўл транспорти ва бизнесни бошқариш, ресурсларни режалаштириш каби профессионал модулларни татбиқ этишга мўлжалланган. Битирувчиларга нафақат халқаро ва маҳаллий компанияларда ишлаш, балки мазкур со­ҳада ўз бизнесларини ташкил этиш ваколати ҳам берилади.
     Юртимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташаббуслари рўёбга чиқиши учун шароит яратиш – жамиятимизда янгича фикрлайдиган, ижтимоий масъулиятни чу­қур ҳис қиладиган, ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш лаёқатига эга мутахассислар авлоди шаклланишига хизмат қилади. Бу жиҳат Тошкент шаҳридаги Инха университети про­фессор-ўқитувчиларининг ҳам мақ­сад-муддаоларини тўла-тўкис ифода этади!
 
 
Сарвар БАБАХОДЖАЕВ,
Тошкент шаҳридаги Инха университети ректори

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.