Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Жорий йилнинг 6 март куни Ўзбекистон ва Германия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 29 йил тўлди. Ўтган вақт мобайнида икки мамлакат ўртасида ўзаро ҳамкорлик кўлами кенгайди.
1991 йил 31 декабрь куни республикамиз мустақиллигини тан олган Германия мамлакатимиз учун ишончли шериклардан бирига айланди. Икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 6 март куни ўрнатилди. Салкам ўттиз йил давомида Германия билан ҳамкорлик барча соҳани қамраб олиб, кўп қиррали аҳамият касб этди. Бугунги кунда 140 дан ортиқ ҳужжат икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳозирда давлатлараро сиёсий мулоқот юқори даражада олиб борилмоқда. Бунда шу кунга қадар амалга оширилган ўзаро расмий ташрифлар муҳим ўрин тутаётир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил январь ойида Германия Федератив Республикасига илк расмий ташрифи, шунингдек, Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг ўша йил май ойида мамлакатимизга расмий ташрифи ҳамкорлик муносабатларининг жорий босқичида янги саҳифа очди.
Ўзбекистон ва Германия глобал ҳамда минтақавий муаммолар бўйича конструктив ҳамкорликни БМТ ва ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар доирасида олиб бормоқда. Янги руҳдаги ҳамкорликда парламентлараро, шунингдек, ҳукуматлар ва идоралар ўртасидаги алоқалар муҳим ўрин тутмоқда.
Германиянинг Конрад Aденауэр ва Фридрих Эберт жамғармалари, ҳамкор мамлакат Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқ соҳасида халқаро ҳамкорлик жамғармаси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти кўп йиллардан буён Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Биргаликда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, алоқалар фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ҳуқуқшунослик, суд-ҳуқуқ, мудофаа ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида жадал ривожланмоқда.
Маданий-гуманитар соҳалар ҳам Ўзбекистон – Германия мулоқотини ривожлантиришда муҳим жиҳат, дея қаралади. Ўзбекистонда немис тилини ўрганишга бўлган қизиқиш юқори. Бугунги кунда республикамиз мактаблари ва олий ўқув юртларида 400 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ўғил-қиз немис тилидан таҳсил олмоқда. Гёте институти, Германия халқ университетлари ассоциациясининг халқаро ҳамкорлик институти ва чет эл мактаблари марказий бошқармасининг немис тили мувофиқлаштирувчиси ваколатхонаси самарали фаолият юритмоқда.
Дунёда мамлакатлар ҳамкорлигининг бугунги босқичида халқ дипломатияси механизмларидан кенг фойдаланилади. Бу самарали ёндашув Ўзбекистон – Германия алоқаларида ҳам устунлик касб этади. Хусусан, Тошкент ва Берлин, Бухоро ва Бонн биродарлашган шаҳар мақомига эга. Бу самарали маданий мулоқотни таъминлаш, таълимда ўзига хос алмашувлар барқарор ривожланиш бўйича лойиҳалар рўёбига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Германия Федератив Республикаси Федерал мудофаа вазирлиги ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик Ўзбекистоннинг мустақилликка эришган илк кунларидан йўлга қўйилган бўлиб, бу борада 4 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Улар асосан ўзаро ҳарбий ҳамкорлик, ҳарбий таълим ва олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик йўналишларини қамраб олади.
Ҳарбий таълим ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бўлиб, 1995 йилдан Бундесвер олий ҳарбий таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва Қуролли Кучлар хизматчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда немис тилини ўрганиш бўйича амалга оширилиб келинмоқда.
1995 йилдан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг 200 дан ортиқ ҳарбий хизматчиси Бундесвер олий ҳарбий таълим муассасаларида турли йўналишларда тайёргарликдан (малака ошириш) ўтишган ҳамда ушбу амалиёт давом эттирилмоқда.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти раҳбари, лейтенант