(O´zbek) Oilaviy tadbirkorlik salohiyati va uni yuksaltirish omillari

5-6/2018

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистон Республикасининг «Оилавий тадбиркорлик тўғ­рисида»ги қонунида қайд эти­лишича, оила аъзо­лари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолияти оилавий тадбиркорлик саналади. У оила аъзоларининг ўз ихтиёри билан юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
     Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир. Демак, миллий қонунчилигимизга мувофиқ, оилавий тадбиркорликнинг хўжалик фаолияти уч хил шаклда юритилади. Ўз навбатида, оилавий тадбиркорлик фаолияти ҳам бошқа иқтисодиёт субъектлари каби бозор шароитида муайян хавф-хатарларга боғлиқ.
     Юридик шахс ташкил этмасдан якка тадбиркорлик, шунингдек, ҳу­нар­мандчилик ва касаначилик (уй меҳнати) билан шуғулланиш оилавий тадбиркорлик фаолиятини юритиш ҳисобланади. Қонунда эътироф этил­ганидек, оилавий корхона унинг иш­тирокчилари шахсий меҳнатига асос­ланиб, товарлар ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) ва реализация қилишни амал­га ошириш учун ихтиёрийлик асосида, оилавий корхона иштирокчиларининг улушли ёки биргаликдаги мулкида бўлган умумий мол-мулк, шунингдек, оилавий корхона иштирокчиларидан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир.
     Шу нуқтаи назардан қараганда оилавий тадбиркорлик бизнес фаолияти аниқ бир мақсадга йўналтирилган тақдирдагина муваффақиятли бўлиши мумкин. Бу оила тасарруфидаги зарур меҳнат ва молиявий ресурслар ҳажми ва улардан самарали фойдаланишни билиш орқали эришилиши лозим бўлган стратегик ва жорий мақсадлар тизимида ўз ифодасини топиши лозим. Айни чоғда, оила ўз тадбиркорлик фаолиятининг муайян мақсад ва вазифаларини илгари сурган ҳолда, ички ва ташқи муҳитнинг мавжуд ёки прогноз қи­линаётган ҳолатида уларга эришиш имкониятини таҳлил қилиб, ушбу мақсад ва вазифалар қанчалик аниқ эканлигини олдидан баҳолаши му­ҳим аҳамиятга эга.
     Оиланинг ўз ихтиёридаги ёки у томонидан келгусида оилавий тадбиркорликка жалб этилиши мумкин бўлган молиявий ва ишлаб чиқариш ресурслари чекланган шароитда улардан оқилона фойдаланиш муаммоси юзага келади. Бунинг учун оилавий тадбиркорлик фаолиятининг бирор йўналишида қабул қилинган бизнес-режада акс эттирилиши лозим бўлган топшириқлар уларни амалга ошириш борасидаги мавжуд имкониятларга мувофиқлаштирили­ши зарур. Замонавий иқтисодиёт фанида бундай мувофиқлаштириш муаммосининг ҳал этилиши оилавий тадбиркорлик салоҳияти тушунчасини киритишга, шунингдек, уни ба­ҳолаш ва бошқа­риш усулларини яратиш ва амалга оширишга асосланади.
     Бозор рақобати шароитида хўжалик фаолияти юритувчи субъектлар салоҳияти улар фаолиятининг оптимал параметрларини белгилаш ва уларга эришиш механизмлари мураккаблигини акс эттирувчи кўп қир­рали тушунча ҳисобланади. Бу уни талқин этишга нисбатан турли ёндашувларни қўллаш мумкинлигини белгилаб беради.
     Ушбу назарий жиҳатларни ҳисоб­га олганда, иқтисодиётда фаолият юритувчи субъект сифатида оилавий тадбиркорлик салоҳияти тушунчасининг мазмун-моҳиятини тўғри анг­лаш ҳамда унинг таркибини асослаш муҳим вазифалар сирасига киради.
     Илмий манбаларда «салоҳият», «ресурслар», «ишлаб чиқариш сало­ҳияти» каби тушунчалар ва таърифлар берилган. Масалан, минтақа ёки аниқ бир ҳудуднинг иқтисодиёти, тар­моғи ёки корхонанинг ишлаб чи­қариш салоҳияти турлича тавсифларга эга. Шуларни ҳисобга олганда, оилавий тадбиркорлик салоҳия­тини унинг белгилари орқали ўрганиш ҳо­­зирги бозор рақобати шароитида оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш ва унинг бар­қарор иқ­тисодий ўсишга қўшаётган ҳисса­сини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
     Биз чет эллик олимларнинг оилавий тадбиркорлик салоҳияти тушунчасини талқин этишга асос сифатида қараш мумкин бўлган илмий ишларини таҳлил қилдик.
     Р.Дякива таҳрири остида чоп этил­ган илмий ишда салоҳият қан­дай­дир натижага эришиш, ниманидир амалга ошириш учун фойдаланиш мумкин бўлган имкониятлар, ресурслар, захиралар ва воситаларга тенглаштирилган. Демак, бу тушунчани талқин этишда асосий эътибор муайян мақ­садларга эришиш учун мавжуд имкониятлар ва ресурсларга қаратилган.
     Н.С.Краснокутская ўз ишида корхонада нафақат у ёки бу ресурсларнинг зарур ҳажми, балки тегишли билимлар, яъни ўша ресурсларни бошқариш бўйича муайян ҳаракат­ларни амалга ошириш жараёнида уларни сафарбар этиш қобилияти мавжудлиги муҳимлигини таъкидлайди. Шунга кўра корхона сало­ҳиятини унинг ресурслари ва билимлар тизимининг тадбиркорлик жараёнларини амалга ошириш орқали манфаатдор шахслар (томонлар) учун аниқ натижага эришиш имконияти сифатида талқин этишни таклиф қилади. Бундай ёндашувни қўллашда ресурслар ва уларни бошқариш қо­билияти унинг асосий тавсифлари ҳисобланишини уқтиради. Лекин кор­хонанинг ўзи нуқтаи назаридан муайян мақсадларга эришиши маъ­лум даражада муаллиф эътиборидан четда қолган.
 
 
 
Ушбу мақола тўлик матнини журналнинг босма версиясида ўқинг.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.