(O´zbek) Ҳудудларнинг инвестицион салоҳиятини баҳолаш

4/2020

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Минтақалар иқтисодий жи­ҳатдан барқарор ривожланишида инвестиция сиёсатини муваффақият­ли амалга ошириш муҳим аҳамият­га эга. Бунда хорижий инвестициялар ҳажмига таъсир кўрсатувчи омил­­ларни аниқлаш ва баҳолаш ҳам долзарб вазифалардан саналади. Унинг ижобий ечими эса минтақадаги инвестиция жараёнларини белгилаш ва бошқарув қарор­ларини қабул қи­лишда асқотади.
     Мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди ўзи­нинг табиий, молиявий, меҳнат ва бош­қа ресурслари, шунингдек, ма­ҳал­лий бошқарув органлари томонидан хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлари билан кескин фарқланади. Шу боис минта­қалар ўртасидаги тафовутларни ба­ҳолаш ва солиштириш учун илмий манбаларда кенг тарқалган ҳудудлар­нинг инвестицион потенциали кўрсаткичидан фойдаланилади.
     Илмий манбаларда ҳудудларнинг инвестицион потенциалини баҳо­лашга оид ҳар хил услубий ёндашувлар ва илмий қарашлар мавжуд. Ўзбекистон иқтисодиёти турли мин­та­қалардан таркиб топган яхлит тизимни ташкил этгани туфайли уларнинг ҳар бири изчил ривожланишини таъминлаш мамлакатнинг узлуксиз тараққиётига замин яратади. Шунга мувофиқ, мамлакат минтақа­лари ва ҳудудларини барқарор равишда ижтимоий-иқтисодий равнақ топтиришга хорижий ҳамда ички инвестицияларни жалб этиш учун уларнинг нисбий афзалликларини баҳолаш айни йўналишдаги тадқи­қотнинг муҳим методологик жиҳати ҳисобланади.
     Иқтисодчи олимлардан Е.Абрамов ўз илмий ишларида ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлиги даражасини аниқлашда иқтисодиёт ва инфратузилмалар нечоғли тараққий этганини, молиявий ресурслар билан таъминланганлик, демографик вазият, бозор муносабатларининг ривожланиши ҳамда инвестицион фаолиятнинг хавфсизлиги даражаларини қамраб олувчи кўрсаткичлардан фой­­даланишни маслаҳат берган. С.Зенченко ва М.Шемёткин ҳудудлар­нинг инвестицион потенциалини хомашё захиралари, ишлаб чиқариш салоҳияти, истеъмол салоҳияти, инфратузилма салоҳияти, интеллектуал салоҳият, институционал салоҳият, инновацион салоҳият каби 7 та, С.Бе­резнов, О.Шевелева, М.Начевалар табиий ресурслар, ишлаб чиқариш, молиявий, инфраструктура, инновацион, ижтимоий салоҳият сингари 6 та гуруҳдан иборат омиллар асосида баҳолашни тавсия этишган. Г. Харламова эса Украина минтақа­ларининг инвестициявий жозибадорлигини инвестиция потенциали, инвестиция хатар (риск)лари ва аввалги инвестицион фаолият тажрибаси омилларининг бир қатор кўрсаткич­лари орқали таҳлил қилган.
     Ш.Мустафоқулов фикрича, ҳудуд­ларнинг инвестицион потенциалини 9 та гуруҳга мансуб омиллар (табиий ресурслар, ишлаб чиқариш, инновация, меҳнат, молиявий, институционал, инфратузилма, истеъмол ва туристик салоҳиятлар)га тақсимлаган ҳолда талқин қилиш мумкин. Бошқа бир олим Б.Валиев бу масалани 10 та гуруҳга (ишлаб чиқариш, инвестицион фаоллик, меҳнат, истеъмол, табиий ресурслар, инфратузилма, инс­титуционал, экспорт, инновацион ҳамда илмий-таълим салоҳиятларига) бўлиб ўрганган ва шу асосда Ўзбекистон ҳудудларининг 2014 йилги инвестицион салоҳиятини баҳолаган. Бу тадқиқот натижаларига кўра рес­публика ҳудудлари инвестицион са­лоҳият даражасига мос равишда юқори, ўрта ва қуйи даражадаги гу­руҳларга ажратилган. Қашқадарё вилояти ўрта даражадаги гуруҳдан ўрин олган.
     Ж.Брунеккиене ва ҳаммуаллиф­лари тадқиқотларида мамлакатларнинг инвестицион жозибадорлигини баҳолашга мутлақо янгича ёндашув таклиф қилинган. Хусусан, Европа мамлакатларининг инвестицион жо­зибадорлиги сунъий интеллект (нейрон тармоқлар) томонидан 58 та кўрсаткич ва 2000-2001 йиллардаги 31958 та кузатув асосида белгиланган. И.Пугач мавзуга рейтинг баҳо­лари нуқтаи назаридан ёндашган. Унинг методологияси бўйича минта­қаларнинг инвестицион жозибадорлиги рейтинги 4 та гуруҳга бўлинган хусусий рейтинглар йиғиндисидан ташкил топади. Ўз навбатида, улар 25 та кўрсаткичга мувофиқ ҳисоб­ланади. Гуруҳларга кирган инвестицион жозибадорликни тавсифловчи кўрсаткичлар нисбатининг қиймати хусусий рейтинг баллари сонини кўрсатади. Агар ҳудуд бирор-бир кўрсаткич бўйича энг катта – 14 баллга (масалан, Ўзбекистоннинг 14 ҳудуди бўйича) эга бўлса, унга 1-ўрин, 13 балл олса, 2-ўрин берилади. Умумий ҳолда баллар сони 14-(n-1) формуласи ёрдамида аниқланади. Бу ерда n – аниқ битта кўрсаткич бўйича ҳудуднинг эгаллаган ўрнидир.
     Б.Беркинов ва К.Ҳасановлар И. Пу­гач илгари сурган методология бўйича 2001-2012 йиллар учун рес­публика ҳудудларининг инвестицион жозибадорлигини 4 та мезон –ишлаб чиқариш унумдорлиги, тадбиркорликнинг ривожланиши, аҳоли даромадлари ва харажатлари, ташқи иқтисодий фаоллик бўйича рейтинг усулида баҳолашган. Инвестицион жозибадорлик рейтинги натижаларига қараганда 2001 йили Қашқадарё вилояти мамлакатимизда 9-ўринни, 2012 йилда Фарғона вилояти билан 7-8-ўринларни эгаллаган. Ҳудудлар­нинг асосий кўрсаткичлари, уларнинг рақобатбардошлигини баҳолаш ва ошириш муаммолари Ш.Назаров томонидан тадқиқ қилинган.
     Бироқ ҳудудларнинг инвестицион салоҳиятини аниқлаш юзасидан ўтказилган тадқиқотлар, чиқарилган хулосалар ва берилган таклифлар кўпинча вилоятлар доирасида чекланиб қолган. Ҳолбуки, амалда уларнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари туман (шаҳар)ларда эришил­ган пировард натижалар эвазига шакл­ланади. Хорижий инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ҳудудларнинг инвестицион салоҳиятидан оқилона фойдаланиш эса ҳар бир туман-шаҳар­нинг инвестицион салоҳиятини ба­ҳолашни тақозо этади.
     Мавзуга доир илмий тадқиқотлар синтези асосида жойларда юритилаётган статистик кўрсаткичлар хусусиятларидан келиб чиқиб, Қашқа­дарё вилояти туман (шаҳар)ларининг инвестицион потенциалини аниқлаш 8 та гуруҳдан иборат омиллар ва 29 та кўрсаткични баҳолаш воситасида ташкил этилди. Танланган кўрсаткич­ларнинг статистик усуллар ёрдамида баҳолангани хулосаларнинг объективлигини таъминлади.
     Қашқадарё вилояти ҳудудлари­нинг иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик салоҳияти 5 та кўрсаткич бўйича ўрганилди. Унинг натижаларига кўра Муборак ва Қарши ша­ҳарлари, Миришкор, Нишон, Ғузор туманлари юқори потенциалли, Қа­маши, Яккабоғ, Чироқчи, Деҳқонобод туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри қуйи потенциалли ҳудудлар, дея эътироф этилди.
     Инвестицион фаоллик потенциали таркибидаги 4 та кўрсаткич бўйича Нишон ва Қарши шаҳарлари, Касби, Китоб, Муборак туманлари юқори потенциалга, Қамаши, Якка­боғ, Шаҳрисабз, Чироқчи туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри қуйи потенциалга эга эканлиги кузатилди.
     Муборак, Қарши, Шаҳрисабз ша­ҳарлари, Деҳқонобод, Ғузор туманлари йирик ва кўплаб солиқ тўловчи субъектларга эгалиги билан моливий потенциал бўйича вилоят ҳудудлари орасида етакчилик қилди. Касби, Китоб, Чироқчи, Қамаши, Қарши туманлари эса ушбу омил бўйича паст кўрсаткичларга эришди.
     Ташқи иқтисодий фаоллик омилига асосан таҳлил қилинган 4 та кўрсаткич натижаларига мувофиқ Қарши шаҳри, Қарши, Муборак, Кас­би, Ғузор туманлари юқори потенциалга эга ҳисобланган бўлса, Косон, Яккабоғ, Нишон, Шаҳрисабз, Қамаши туманлари қуйи потенциалли ҳудуд­лар қаторига кирди.
     Тадбиркорлик фаоллиги бўйича Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Муборак, Миришкор, Нишон туманларининг имкониятлари юқори, Кас­би, Ғузор, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи туманлариники анча паст эканлиги кузатилди.
     Меҳнат ресурслари потенциали борасида Миришкор, Муборак, Қар­ши шаҳарлари, Яккабоғ, Деҳқонобод туманлари юқори потенциалли, Косон, Чироқчи, Касби туманлари, Шаҳ­рисабз тумани ва шаҳри эса қуйи потенциалли, деб баҳоланди.
Ҳудудларнинг инфраструктура по­тенциали 4 та кўрсаткичга биноан таҳлил қилинганида Қарши шаҳри ва туманидаги, Касби, Яккабоғ туманлари ва Шаҳрисабз шаҳридаги инф­ратузилма объектларининг даражаси вилоятнинг бошқа ҳудудларида­гига нисбатан яхшилиги, Косон, Чи­роқчи, Китоб, Ғузор, Деҳқонобод туманларида пастлиги ойдинлашди.
     Табиий-географик омиллар бўйича таҳлиллар Деҳқонобод, Муборак, Миришкор, Ғузор, Косон туманлари юқори, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳ­рисабз туманлари, Қарши ва Шаҳ­рисабз шаҳарлари паст потенциалга эгалигини кўрсатди.
     Танланган омилларнинг вилоят ҳудудлари инвестицион потенциалидаги вазн қиймати эксперт баҳолаш усулида аниқланди. Пировардида ин­вестицион фаоллик потенциалига 20 фоизлик, табиий-географик ва инфраструктура потенциалларига 15 фоизлик, меҳнат ресурслари, тадбиркорлик фаоллиги, ташқи иқтисодий фаоллик потенциалларига 9 фоизлик, молиявий потенциалга 8 фоизлик коэффициентлар қўлла­нилди.
     Баҳолаш якунларига кўра юқори инвестицон фаолликка эгалиги, бой табиий ресурслари мавжудлиги, географик жойлашуви қулайлиги, иқтисодий ривожланиши ва самарадорлиги юқорилиги ҳамда инфраструктура объектлари ҳолатидан келиб чиқиб, Қарши шаҳри, Муборак, Нишон, Миришкор ва Касби туманлари юқори инвестицион потенциалга эга ҳудудлар сирасига киритилди. Деҳ­қонобод, Қарши, Ғузор, Китоб, Якка­боғ туманлари ўрта, Косон ва Шаҳ­рисабз шаҳарлари, Қамаши, Шаҳри­сабз, Чироқчи туманлари вилоятнинг энг паст инвестицон потенциалга эга ҳудудлари қаторидан жой олди.
     Вилоятнинг энг кўп аҳоли (401 минг 200 киши) яшайдиган Чироқчи тумани 9 та иқтисодий кўрсаткич (жами 29 та кўрсаткич) бўйича энг қуйи поғонада қайд этилгани маҳал­лий давлат ҳокимияти вакилларидан унинг инвестицион потенциалини кўтаришни, иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш юзасидан кес­кин чоралар кўришни талаб қилади. Саноат, хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларида катта имкониятлари борлигига қарамай, қуйи потенциалга эга, деб топилган Шаҳрисабзнинг бу борадаги мавқейини янада юксалтириш ҳам айни муддао бўлади.
     Қашқадарё вилояти иқтисодиё­тига жалб қилинаётган хорижий инвестицияларни кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланиш учун биз­нингча, хорижий сармоядорлар эҳти­ёжларини ҳисобга олган ҳолда туман ёки шаҳарнинг инвестицион сало­ҳиятини ўзида тўлиқ акс эттирган кўп тилли инвестиция паспортларини ишлаб чиқиш, уларни маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг махсус порталлари ва веб-сайтларига жойлаштириб, маълумотларни ҳар чоракда ёки ҳар йили мунтазам янгилаб бориш керак. Қолаверса, бош­қа вилоятларда ҳам долзарб ва ис­тиқболли инвестицион лойиҳалар­ни тезкор молиялаштириш учун уларнинг ҳар бирида маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан устав капитали 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган махсус инвестицион фонд ташкил қилиш зарур. Муқобил вариант сифатида тижорат банклари лойиҳаларда ҳамкор (шерик) сифатида қатнашишларини таъминлаш мумкин.
 
 
Анвар ҚОБИЛОВ,
Қарши давлат университети «Иқтисодиёт ва сервис» кафедраси докторанти
 
Ойбек ҚУРБОНОВ,
Қарши давлат университети «Иқтисодиёт ва сервис» кафедраси мустақил тадқиқотчиси

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.