Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
KICT Жанубий Корея қурилиш материаллари технологияларини ривожлантириш илмий-тадқиқот институти бош масъули, профессор Дё Донг У ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Byucksan Corporation хусусий компаниясининг чет элда бизнесни ривожлантириш бўйича бош менежери Ким Чоль Унг ҳамкорлик юзасидан Ўзбекистонга келишди. Биз бу имкониятдан фойдаланиб, уларни таҳририятимизда уюштирилган суҳбатга таклиф қилдик. Меҳмонлар юртимизда қурилиш соҳасини равнақ топтириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга ўз муносабатларини билдиришди. Бундан ташқари “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти билан шериклик алоқалари, мамлакатларимизнинг қурилиш технологиялари ва материалларига боғлиқ ўзаро ҳамкорлигини келгусида янада ривожлантиришга оид режалари ҳақида сўз юритишди. Пировардида, қурилиш материаллари сифатини яхшилаш бўйича керакли маслаҳат ва тавсиялар беришди.
KICT, таъбир жоиз бўлса, Жанубий Корея иқтисодиёти қурилиш тармоғининг «ақлий маркази» ҳисобланади. Унда инновацион ғоялар, креатив лойиҳалар ва қарорлар, янги қурилиш технологиялари яратилади. Byucksan Corporation компанияси эса аҳоли учун қулай ва хавфсиз қурилиш муҳитини вужудга келтирган ҳолда KICT ғоялари ва лойиҳаларини амалиётга жорий этиш билан шуғулланади. Энг муҳими, улар ўз фаолиятларини фан, техника ва қурилиш ишларининг ўзаро боғлиқлиги негизида амалга оширадилар.
Инчунин, яшил уйлар, экологик бинолар каби янги тушунчалар Кореядаги қурилишларнинг бугунги воқелиги саналади. KICTнинг ҳукумат томонидан кўллаб-қувватланаётган барча илмий-тадқиқот ташаббуслари фан ва бизнес олдида турган ресурсни тежовчи, экологик тоза, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун хавфсиз қурилиш материаллари ва технологияларини яратиш ҳамда уларни объектлар қурилишида қўллаш вазифаларини бажаришга йўналтирилган. Айни ҳолат умумий манфаатларимиз уйғунлашувининг муҳим нуқтаси бўлди. Шунинг учун энергияни тежаш масаласи бугун бизнинг қурилиш амалиётимиз диққат марказида турибди. Ресурсларни тежовчи технологиялар ва материалларни ишлаб чиқиш, яратиш ва амалиётда фойдаланиш, сифатини ошириш масалалари бўйича ҳамкорлик мамлакатларимизни яқинлаштирди ва ушбу соҳадаги ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қила бошлади.
Суҳбат бошида меҳмонларнинг замонавий қурилишлар жараёнида фойдаланилаётган маҳаллий қурилиш материаллари, жумладан, энергияни тежовчи материаллар ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик. Бу саволга профессор Дё Донг У қуйидагича жавоб берди:
– Ўзбекистонга келиб, шунинг гувоҳи бўлдикки, бу ерда иссиқлик ўтказмайдиган материаллардан деярли фойдаланилмас, уларнинг ўрнига тахминан 450 мм ҳажмидаги оддий ғишт терилар экан. Боз устига, қўшимча изоляция йўқ. Биз буни ножоиз, деб ҳисоблаймиз. Иссиқлик ўтказмайдиган материаллардан фойдаланиш шарт. Чунки бу энергияни тежашнинг муҳим омилларидан биридир. Шу боис ўзбекистонлик ҳамкорларимизга иссиқлик ўтказмайдиган воситалар нима учун кераклигини ва унинг қанақа турлари мавжудлигини мудом эслатиб келамиз. Лекин қурилишлардан бирида бўлганимизда у ерда ҳар доим ҳам сифатли материаллардан фойдаланилмаслигининг гувоҳи бўлдик.
Агар техник тавсифларни таққослайдиган бўлсак, хомашё таркиби, қурилиш материаллари сифати бизнингча, ҳали юқори даражада эмас. Менимча, қандайдир муайян стандартлар, белгилар бўлмаса керак, мабодо бўлган тақдирда ҳам қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда уларга риоя қилинмаётганга ўхшайди. Устига-устак сизларда маҳсулот ва хомашё сифатини аниқлашга хизмат қилувчи махсус асбоб-ускуналарга эга марказ ҳам йўқ.
– Хўш, вазиятни қандай қилиб ўнглаш мумкин ва бунинг учун нималар қилиш керак?