Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Масъулияти чекланган жамият шаклидаги «BINOKOR TEMIR-BETON SERVIS» қўшма корхонаси Ўзбекистоннинг темир-бетон маҳсулотлари ва товар бетон ишлаб чиқариш бўйича етакчи ва нуфузли замонавий корхоналари сирасига киради. У бир кеча-кундузда 2000 куб метр товар бетон ва 500 куб метр техник бетон ишлаб чиқариш қувватига эга. Охирги икки-уч йилда заводда 50 дан ортиқ янги турдаги темир-бетон маҳсулотларини ва ҳар хил модификацияли конструкцияларни тайёрлаш ўзлаштирилиб, янги ишлаб чиқариш линиялари ишга туширилди. Натижада маҳсулотлар ассортименти кенгайди.
Муваффақиятли амалга оширилган сўнгги лойиҳалардан бири корхонамиз таркибига кирувчи «DSK BINOKOR» заводининг барпо этилиши бўлди. Унда йирик объектларни қуришда қўлланиладиган икки-уч қаватли темир-бетон панеллар тайёрлаш ташкиллаштирилиб, иккита тагликлар циркуляцияси линияси фойдаланишга топширилди. Шунинг эвазига завод бир йилда жами майдони 180 минг квадрат метрга тенг йирик панелли турар жой бинолари қуриш учун темир-бетон материаллар ишлаб чиқариш имконига эга бўлди.
Жамоамизнинг асосий вазифаси фақатгина ички қурилиш материаллари бозорини темир-бетон маҳсулотлари билан таъминлашдан эмас, балки уларнинг сифати юқори даражада бўлишига эришишдан ҳам иборат. Маҳсулот сифатининг асосий параметрларидан бири эса унинг зилзилабардошлигидир. Баралла айтишимиз мумкинки, биз бу борада ҳам салмоқли натижаларни қўлга киритяпмиз. Чунончи, жорий йилнинг октябрь ойида учта подъезддан иборат биринчи экспериментал тўққиз қаватли йирик панелли уй зириллаш-динамик тебраниш нуқтаи назаридан синовдан ўтказилди. Ушбу тадбирда мамлакатимизнинг қурилиш ва сейсмология соҳасидаги етакчи мутахассислари билан бир қаторда, Қозоғистон сейсмология илмий-тадқиқот институти вакиллари ҳам иштирок этишди.
Панелли уйни зилзилабардошлиги бўйича синаб кўриш беш босқичда амалга оширилди. Зириллаш-динамик тебраниш магнитудаси эса 9 ва 9+ баллга етди. Ҳисоботларга ва баённомага кўра, иншоот синовдан муваффақиятли ўтди, унинг конструкциясида бузилишлар кузатилмади. Илмий тажрибага оид тўққиз қаватли бу панелли уй ижтимоий ва тижорат йўналишидаги зилзилабардош объектларни қуриш бўйича режалаштирилган дастурнинг дастлабки босқичи бўлди. Бугунги кунда эса ўн икки ва ўн олти қаватли йирик панелли уйлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, тижорат йўналишидаги беш ва тўққиз қаватли уйлар лойиҳалаштирилаяпти. 2019 йилда эса янги уйсозлик комбинатини ва ишлаб чиқариш цехларини ишга тушириш режалаштирилган. Улар уй-жой қурилишидаги меҳнат унумдорлигини бир йилда 500 минг квадрат метргача ошириши кутилмоқда.
Янги уйсозлик комбинатида керамик плитка қопламали уч қаватли ташқи панеллар ишлаб чиқарилади. Темир-бетон панеллар устига барча коммуникация ва электр симлари ётқизилади. Бу инновацион ечим бўлиб, меҳнат сарфини ва қурилиш муддатларини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилади. Эни 3 метрдан ортиқ бўлган кенг форматли, ичи бўм-бўш плиталар эса янги турдаги темир-бетон маҳсулотлари саналади.
«BINOKOR TEMIR-BETON SERVIS» МЧЖ ҚК биринчилардан бўлиб, йиғиш-каркас монолит қурилишини ишга туширишни мўлжалламоқда. Айни пайтда етакчи лойиҳа ташкилотлари билан ҳамкорликда юртимиздаги биринчи йиғиш-каркас ижроси доирасида битта подъезд ва 54 та хонадондан иборат тўққиз қаватли, кенг форматли турар жой биноси лойиҳасини яратмоқда. Бу иморат қурилишини 2019 йилнинг биринчи чорагида бошлаш режалаштирилган.
Шубҳасиз, йиғиш-каркас тизими қурилишдаги истиқболли йўналишдир. У заводда тайёрланган конструкциялардан фойдаланиш ҳисобига қурилиш жараёнини тезлаштиришда, бунёдкорлик ишлари сифатини ошириш ҳамда турли бино-иншоотларни лойиҳалаштиришда қўлланади. Ҳозир бу тизимни мактаблар, поликлиникалар, боғчалар, савдо марказлари, меҳмонхоналар, офис бинолари ва бошқа объектлар қурилишида қўллаш вариантлари кўриб чиқилмоқда.
Корхонамиз маҳсулотлари номенклатураси қурилишнинг деярли барча жабҳаларини қамраб олади. Асосан саноат ва фуқаролик қурилишлари учун темир-бетон маҳсулотлари ва конструкциялар тайёрланиб, узлуксиз етказиб берилмоқда. Тошкент шаҳри ва вилоятида кўплаб турар жой даҳалари қурилиши ниҳоясига етиши биланоқ ҳудудларни ободонлаштиришга мўлжалланган тўсиш панеллари, йўл плиталари, бордюрлар, ирригация лотоклари, брусчатка сингари темир-бетон маҳсулотларига талаб-эҳтиёж кескин равишда ошди.
Завод жамоаси маҳаллий ва хорижий илмий-ишлаб чиқариш марказлари, академик олий ўқув юртлари ва тадқиқот институтлари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ишлаб чиқариш тизимларини яхшилаш, технологик жараёнларни такомиллаштириш ҳамда темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига тааллуқли янги илғор ва инновацион технологияларни жорий этиш бўйича доимий изланишлар олиб бормоқда. Самараси чакки бўлмаяпти. Масалан, Россиянинг «СТРОЙТЕХ» илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан универсал модуль стенд яратилди.
Корхонамиз ҳудудида бетон қоришмалари ва турли мураккабликдаги темир-бетон маҳсулотларининг меъёрий-техник кўрсаткичларга, стандартлар ва лойиҳа ҳужжатлари талабларига мослигини текшириб кўришда қўлланиладиган замонавий асбоб-ускуналар ва қурилмалар билан жиҳозланган аккредитацияланган синов лабораторияси мунтазам фаолият юритаяпти. Ишлаб чиқаришга келтириладиган цемент, қум, шағал, арматура, пўлат каби хомашё материаллар сифатини ҳамда у ёки бу компонентнинг яроқлилигини аниқлаш учун уларнинг намуналари лабораторияда мажбурий назоратдан ва физик-механик синовлардан ўтказилмоқда.
Технологик жараёнларга риоя этилишини назорат қилиш ва қабул назорати техник назорат бўлими томонидан амалга оширилади. Бу яроқсизлик даражасини камайтиришнинг ва тайёрланажак маҳсулот сифатини оширишнинг зарурий шарти ҳисобланади.
Заводда мавжуд асбоб-ускуналарни реновация ва реконструкция қилиш ҳамда янгилаш борасида ҳам катта ишларга қўл урилди. Ҳозир корхонада «Бетал – Комкон», «Стройтех» (Россия), «Simem» (Италия), «ELKON» (Туркия), «WMW», «Vollert» (Германия), «Tecnospan» (Испания), «Hawkeye Pedershaab» (Дания) каби жаҳонга машҳур чет эл компанияларининг асбоб-ускуналари, машиналари ва қурилмаларидан фойдаланилаяпти. Бундан ташқари унда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг барчаси мувофиқлик сертификатига эга, кўрсатилаётган хизматлар лицензияланган. Корхона ISO 9001:2015 халқаро сифат менежменти тизими ва OHSAS 180001:2007 халқаро касбий саломатлик ва хавфсизлик менежменти тизими талабларига мос келади.
Қодир УМАРОВ, «BINOKOR TEMIR-BETON SERVIS» МЧЖ ҚК бош муҳандиси
Жамшиддин ШУҲРАТХЎЖАЕВ, корхона бош технологи