Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Каштачилик, зардўзлик, заргарлик, ўймакорлик, ҳайкалтарошлик буюм-жиҳозлари моҳир ва тиниб-тинчимас ҳунармандларимизнинг машаққатли ва ҳалол меҳнатлари маҳсулидир. Улар нафақат ҳамюртларимизни, балки хорижлик амалий санъат ихлосмандларини ҳам доимо ўзига ром этиб келган. Юртимизда изчил олиб борилаётган туб ислоҳотлар эса ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳалари қатори ҳунармандчилик ҳам жадал равнақ топишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада дастуриламал ҳужжат вазифасини ўтамоқда. У айниқса, оилавий тадбиркорлик шаклида ҳунармандчилик билан шуғулланаётганларга янада кенг имкониятлар эшигини очди. Қолаверса, халқ амалий санъати янги босқичга кўтарилишига ва аҳоли даромадлари ошишига туртки бўлди.
Зеро, халқимиз азал-азалдан ҳунар ўрганиб, ранг-баранг буюм-идишлар ясашни, кундалик турмушда асқотадиган жиҳозлар тайёрлашни, шу зайл жамиятга наф келтиришни умри боқий қадриятларимиздан бири деб билган. Ҳунармандчиликнинг муайян йўналиши бир оила вакилларининг асосий машғулотига айланиши натижасида бой тажрибага эга ҳунармандлар сулоласи шаклланган ва жойларда ўзига хос ҳунармандчилик мактаблари пайдо бўлган.
Бугунга келиб мамлакатимиз ҳунармандлари турли-туман буюмлар ва товарлар ишлаб чиқарадиган, ишлар бажарадиган ва хизматлар кўрсатадиган йўналишлар сони 25 тадан 34 тага етди. Энг муҳими, бу соҳа маҳсулотлари юқори сифатга эгалиги, бадиий жиҳатдан юксаклиги, табиийлиги ҳамда ўзида миллий анъаналаримиз ва тарихий-маданий қадриятларимизни уйғунлаштиргани билан кескин ажралиб туради. Ҳозир табаррук кўҳна қадамжоларимизга ва диққатга сазовор бошқа гўшаларимизга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳлар ҳунармандларимиз қўл меҳнати ила яратилган мўъжизалар қаршисида лол қолишмоқда. Уларнинг бетакрор истеъдодига, юксак диди ва маҳоратига тан беришмоқда. Биз бундан ҳар қанча қувонсак арзийди ҳамда ўша маҳсулотлар Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига ва туризм брендига айланди, десак асло муболаға бўлмайди.
Сўнгги пайтларда уюшмамиз миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилиш ва ҳунармандлар фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида қатор хайрли ишларга қўл урмоқда. Чунончи, ўтган йили Ҳиндистон, Хитой, Россия, Франция, Греция, Италия, АҚШ, Украина, Германия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон каби йигирмадан ортиқ давлатларда ўтказилган кўргазма, ярмарка, фестиваль ва савдо-кўргазмаларида 220 нафардан зиёд ўзбек ҳунармандлари иштирок этишди. Улар ўзлари қатнашган ўттиздан зиёд тадбир жараёнида 50 мингга яқин ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиб, жами 671200 АҚШ доллари миқдорида даромад орттиришди. 24 нафар ҳунармандга эса 13–15 июль кунлари АҚШнинг Санта-Фе шаҳрида уюштирилган «Халқ амалий санъати халқаро бозори» фестивалида қатнашишлари учун амалий ёрдам кўрсатилди. Натижаси чакки бўлмади. Улар уч кун мобайнида умумий қиймати 451 минг долларлик миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини сотишга эришдилар. Пировардида тадбирда ўз маҳсулотларини намойиш қилган 30 дан ортиқ давлат вакиллари орасида бизнинг ҳунармандларимиз маҳсулотлар реализацияси бўйича энг юқори ўринни эгалладилар.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 17 ноябрда имзолаган «Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорга мувофиқ Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ҳунармандчилик маҳсулотларини олис туманлар (шаҳарлар)дан харид қилиш ва келгусида йирик шаҳарларда сотиш ҳамда экспорт қилишга кўмаклашиш мақсадида «Ҳунарманд» уюшмаси қошида «Craft and Art» масъулияти чекланган жамияти тузилди. У МДҲ мамлакатларидаги санъат галереялари ва савдо уйлари билан ўзаро келишувларга эришиб, 44 минг АҚШ доллари миқдоридаги миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилди. Қўшимча равишда жами қиймати 31 минг АҚШ долларига тенг ҳунармандчилик маҳсулотларига буюртмалар олди.
Россиянинг Қозон ва Калининград шаҳарларидаги бир нечта санъат галереяси ва савдо марказида ҳам миллий ҳунармандчилигимиз маҳсулотлари савдосини ташкиллаштириш бўйича музокаралар олиб борилди. Шунинг самараси ўлароқ, 2018 йили деярли 49 минг долларлик маҳсулот етказиб берилди. 22–23 сентябрь кунлари Тошкентнинг Сайилгоҳ кўчасида «Ўзбекистон совғалари» Биринчи республика кўргазма-савдоси ўтказилди. Дастлабки натижаларга кўра унда миллий ҳунармандчилигимиз маҳсулотлари 520 миллион сўмга ва 100 минг доллардан ортиқ маблағга сотилган. Бинобарин, бундай тадбирлар ҳунармандларимиз маҳсулотларини кенг тарғиб этишнинг муҳим омиллари сирасига киради.
Ушбу мақола тўлик матнини журналнинг босма версиясида ўқинг.