Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Қашқадарё ҳам ўзига яраша туристик салоҳиятга эга вилоят. Унинг ҳудудида ҳозир жами 1321 та моддий-маданий мерос объекти мавжуд. Шундан 1043 таси археологик, 208 таси меъморий, 43 таси монументал санъат ёдгорликлари, 27 таси диққатга сазовор жойлардир. Бундан ташқари воҳада 50 та жойлаштириш воситалари (2682 ўрин), 100 дан ортиқ миллий ва европа таомлари тайёрланадиган ресторан ҳамда миллий чойхоналар, 15 та туроператорлик субъектлари ишлаб турибди. Сайёҳларга 12 та туристик синфга мансуб автотранспорт воситалари, 43 нафар ҳамроҳ-таржимонлар хизмат кўрсатмоқда.
Маълумотларга қараганда 2018 йилнинг январь-ноябрь ойларида вилоятга 1 миллион 400 минг нафар турист ташриф буюрган. Уларнинг 62 минг 700 нафари хорижликлар бўлган. Бу кўрсаткич йил бошидагига нисбатан уч баравар кўпдир.
Турган гап, ҳудудда туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш ишлари бултур ҳам изчил давом эттирилди. Натижада 11 ой мобайнида жами қиймати 90 миллиард сўмга тенг 49 та лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, 810 ўринга эга 11 та жойлаштириш воситалари, 21 та ресторан ва кафе, 4 та туроператорлик субъекти ташкил қилинди, 8 та туристик классдаги автобус ва микроавтобус келтирилди. Янада қувонарлиси, Тошкент ва Шаҳрисабз шаҳарлари оралиғида тезюрар «Афросиёб» поезди қатнови йўлга қўйилди. «Қарши» халқаро аэропорти «Очиқ осмон» тизимида ишлаши бўйича диққатга молик ишларга қўл урилди.
«Қарши» халқаро аэропорти, Шаҳрисабз темир йўл вокзали, «Шаҳрисабз шаҳри тарихий маркази» ҳудудлари туристик мажмуаларида бепул «Wi-Fi» зоналари, туристик ахборот марказлари, сайёҳлар учун махсус симкарталар сотадиган шохобчалар, миллий ва хорижий валюталарда пул айирбошлайдиган 9 та банкомат ишга туширилди. Вилоят ва Шаҳрисабз шаҳрининг туристик хариталари, туристик буклетлар, флаер ва китобчалар тайёрланиб, ахборот марказлари орқали бепул тарқатиладиган бўлди. Ҳудуднинг туристик салоҳиятини кенг реклама қилишга 50 дан зиёд хорижий оммавий ахборот воситалари жалб этилиб, тарғибот ишлари кучайтирилди. Айнан шу мақсадда республикамиз туман-шаҳарларидаги яққол кўзга ташланадиган жойларга 100 та реклама баннери ўрнатилди.
Сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш ва бўш вақтларини мароқли ўтказишларига ҳисса қўшиш учун ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли ва марказлашган салтанат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси Амир Темур таваллуд топган санани ҳар йили уларнинг иштирокида тантанали нишонлашни анъанавий тус олдириш чоралари кўрилди. Жумладан, 2018 йил 9 апрелда соҳибқирон бобомизнинг 682 йиллик юбилейи муносабати билан Халқаро пресс-клуб ҳамкорлигида худди шундай тадбир уюштирилди. Ундан сал олдин – 21–22 мартда Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро Миллий либослар фестивали ўтказилди ва уни ҳар йили баҳор айёми кезлари ташкил этиш юзасидан келишилиб олинди. Шунингдек, июнь ойида Шаҳрисабз туманида «Ҳисор тоғлари» экофестивали, куз бошида Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтди. «Оқ сарой» мажмуасида эса йил бўйи фольклор-этнографик ҳамда театрлаштирилган томошалар намойиш қилиб борилди.