Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Европа йўналиши давлат мустақиллиги қўлга киритилган дастлабки йиллардан бошлаб энг устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишда Ўзбекистон нафақат Европа, балки жаҳондаги етакчи давлатлардан бири бўлган Франция билан ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида аҳамият бермоқда.
Франция Республикаси ҳамма вақт жаҳон иқтисодий ва сиёсий жараёнларида катта роль ўйнаган ҳамда бутун инсон цивилизациясига катта таъсир кўрсатган. Франция замонавий Европа интеграциялашувининг бошида турган. Унинг Европа Иттифоқини тузишдаги аҳамияти бебаҳо. Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгач дарҳол Франция билан икки томонлама ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантиришга интилди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Франция Республикаси Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини 1992 йил 3 январда тан олди, икки ой ўтиб – ўша йилнинг 1 мартида мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Энг юқори даражадаги икки томонлама муносабатлар интенсив хусусиятга эга бўлди, бу томонларнинг ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигидан далолат берарди.
Хусусан, 1993–1996 йилларда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг Парижга иккита ташрифи (1993 й. ва 1996 й.) ва Франция Республикаси Президенти Ф. Миттераннинг Тошкентга давлат ташрифи (1994 й.) амалга оширилди. Давлатларимиз раҳбарлари кўп томонлама форматларда – 1996 йил июнда Европа Иттифоқи давлатлари бошлиқларининг Флоренциядаги саммити доирасида ва 2002 йил ноябрда НАТО/СЕАПга аъзо мамлакатларнинг Прагадаги саммитида учрашиб туришди.
Таъкидлаш лозимки, юқори даражадаги фаол алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ йилларга мўлжалланган ҳар томонлама ҳамкорликка мустаҳкам асос солди. Хусусан, транспорт ва мудофаа вазирликлари раҳбарлари ўртасидаги юқори даражадаги алоқалар мунтазам равишда амалга оширилди. Ташқи сиёсий идоралар ўртасидаги, хусусан ташқи ишлар вазирлари даражасидаги сиёсий маслаҳатларнинг 10 та раунди бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йилнинг 8–9 октябрида Францияга амалга оширган расмий ташрифи Ўзбекистон ва Франциянинг икки томонлама муносабатларидаги муҳим воқеа бўлди. Охирги 22 йил ичида биринчи марта ташкил этилган юқори даражадаги мазкур ташриф Ўзбекистон ва Франция халқларининг ўзаро муносабатлари тарихида янги саҳифани очди ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп режавий ҳамкорликнинг ривожланишига, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг янада мустаҳкамланишига кучли туртки берди.
Президентимиз Ш.Мирзиёев Европага ўзининг Президент сифатидаги биринчи ташрифини айнан Францияга амалга оширганлиги ҳам Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Европа йўналишини ривожлантиришда Франциянинг аҳамияти ва халқаро обрўсининг яна бир бор тан олиниши бўлди. Франция Республикаси Президенти Э.Макрон билан очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокаралар, Сенат раиси Ж.Ларше ва парламент, ҳукумат, ишбилармонлик доиралари ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари билан учрашувлар томонларнинг икки мамлакат халқларининг узоқ муддатли ва туб манфаатларига жавоб берувчи ўзаро муносабатларини ҳар томонлама ривожлантиришга интилишини яна бир бор тасдиқлади.
Олий даражадаги учрашув минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши биргаликда курашишнинг муҳимлиги таъкидланди. Француз давлати бошлиғи Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдириб, мамлакатимиз раҳбариятининг дўстлик, ўзаро фойдали ҳамкорлик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш принципларига асосланган ташқи сиёсатига юқори баҳо берди.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика, технологик ва ўзаро манфаатли бошқа йўналишларда икки томонлама мулоқотни ривожлантириш масалаларининг муҳокамаси кун тартибининг асосий бандларидан бири бўлди. Ушбу соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш мақсадида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссияси тузилди. Томонлар 2019–2020 йилларга мўлжалланган ташқи сиёсий идоралар ҳамкорлиги дастурини имзолашди.
Мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида имзоланган икки томонлама битимлар ва эришилган келишувларнинг тўлиқ кўламда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2018 йил 28 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси билан Франция Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Францияга ташрифи жараёнида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар, инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари, шунингдек 2018–2019 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси билан Франция Республикаси ўртасида кўп режавий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича битимларни амалга ошириш юзасидан «йўл хариталари» ишлаб чиқилди.
Мамлакатларимиз ўртасида парламентлараро фаол ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Қонунчилик палатасида Франция парламентининг юқори ва қуйи палаталари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар тузилган. Ўз навбатида, Франция Республикаси Сенатида «Франция – Марказий Осиё» парламентлараро гуруҳи, Миллий ассамблеясида «Франция – Марказий Осиё» дўстлик гуруҳи ишлаб турибди.
Томонларнинг мунтазам асосда тадбирлар ўтказиш ва ўзаро ташрифларни амалга ошириш, ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва тажриба алмашиш йўли билан муайян йўналишлар бўйича парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга интилишини таъкидлаш лозим. Охирги бир неча йил ичида икки мамлакат парламентарийларининг ўндан ортиқ ўзаро ташрифи амалга оширилди. Бундай алоқаларнинг амалга оширилиши ва уларнинг тизимли хусусиятга эга бўлиши шубҳасиз, икки мамлакат халқларининг манфаатлари йўлида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилаётган фаол иқтисодий дипломатия контекстида Франция билан ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш республикамиз Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Биз француз компанияларининг инвестициялари ва илғор технологияларини жалб қилиш, Ўзбекистон маҳсулотларини Франция бозорига экспорт қилиш ҳажмини ва ўзаро туристик оқимни оширишдан манфаатдормиз.