Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Журналнинг ушбу сони Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисининг дипломатик миссияси якунланишига тўғри келди. Ўзбекистон-Франция муносабатларини ривожлантиришга бағишланган кўплаб муҳим лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, мазкур нашрни тайёрлашда фаол иштирок этган Виолен де Вильмор хоним «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» журналининг бош муҳаррири билан суҳбатда мамлакатларимиз ўртасидаги шериклик муносабатлари ҳақида сўзлаб берди.
– Ҳурматли Элчи хоним, хабарингиз борки, жорий йилнинг 1 мартида Ўзбекистон Франция билан дипломатик муносабатлар ўрнатганига 27 йил тўлди. Октябр ойида эса ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган сананинг 26 йиллиги нишонланади. Модомики шундай экан, Сиз икки томонлама ҳамкорлигимиз равнақини қандай баҳолайсиз?
– Мен бу борадаги муносабатларимиз ривожини бемалол ҳақиқий юксалишга қиёслашим мумкин. Чунки Франция Ўзбекистон Республикаси Президенти жаноб Шавкат Мирзиёев 2018 йил октябрь ойида расман ташриф буюрган биринчи Европа давлати бўлди. Бу ўз навбатида, олий даражадаги бошқа ташрифлар янада кўпайишига туртки берди. Чунончи, охирги пайтларда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосарлари ва вазирлари турли масалалар юзасидан тез-тез Парижда хизмат сафарларида бўлмоқдалар. Франция Давлат котиби жаноб Жан-Батист Лемуан эса жорий йил апрелида Ўзбекистонга келиб, Самарқанд ва Тошкентда, шунингдек, Чорвоқда бўлди. Бундан ташқари ҳар иккала мамлакатнинг илғор корхоналари вакиллари гоҳ Тошкентда, гоҳ Парижда учрашиб, ўзаро тажриба алмашмоқдалар.
Бизнинг маданий ҳамкорлигимиз ҳам кенг қамровли. Масалан, ҳозир 2021 йили Парижда Ўзбекистонга бағишлаб ўтказиладиган кўргазмага қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Шу муносабат билан дунёдаги энг қадимги ва энг бой Лувр музейи делегацияси серқуёш ўлкангизга ташриф буюрди.
– Маълумки, Франция Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган эди. Ўтган давр мобайнида томонлар ҳамкорликнинг талай йўналишлари бўйича катта салоҳиятга эга бўлиб, бой тажриба орттирди. Сўнгги вақтларда эса сиёсий алоқалар ҳам фаоллашаётгани сезилмоқда. Сизнинг назарингизда, Ўзбекистон бугун қай даражада ривожланмоқда ва мамлакатларимиз ҳамкорлигини янада кенгайтириш учун қайси соҳаларни энг истиқболли, деб ҳисоблайсиз?
– Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида тинчлик-осойишталикни сақлашда беқиёс роль ўйнайди. Унинг дўстона қўшничилик сиёсати савдо ва ҳамкорлик алоқалари ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади. Ўзбекистон дипломатиясининг саъй-ҳаракатлари эса Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда муваффақиятга эришиш имконини беради. Бу бутун халқаро ҳамжамиятни қизиқтираётган долзарб масалалардан биридир.
Икки томонлама ҳамкорликка тўхталадиган бўлсак, мен у жадал ривожланаётганига аниқ мисол келтира оламан. Бу Франция учун ҳам, салоҳиятлари бисёр Ўзбекистон учун ҳам устувор йўналишга айланган туризм соҳасига тааллуқлидир. Зеро, туристик йўналишларга ва соҳанинг энг яхши корхоналарига эгалиги жиҳатидан жаҳонда биринчи ўринда турадиган Франция ўтган йили 90 миллиондан ортиқ туристни қабул қилди. Давомини суриштирсангиз, кейинги вақтларда унинг Orex Loisirs, Compagnie des Alpes, Geode, Egis, Epode, MND Group, POMA каби етакчи компаниялари консорциуми иштирокида Ўзбекистондаги «Чорвоқ» эркин туристик зонасида Чимён ва Белдирсой халқаро тоғ-чанғи ва рекреацион мажмуаларини ҳамда Нанай экотуристик мажмуасини қуриш чоралари кўрилаяпти. Консорциум Тошкент вилоятида замонавий туристик зона бунёд этиш лойиҳасини яратиш устида иш олиб бораяпти. Бултур уни ишлаб чиқиш, жумладан, техник-иқтисодий асосномасини тайёрлаш учун Франция ҳукумати томонидан грант асосида 750 минг евро миқдорида молиявий маблағ ажратилди. Лойиҳага Франция ривожланиш агентлиги ҳам инвестициялар киритиши, шунингдек, Европа Иттифоқининг молиявий маблағлари жалб этилиши мумкин.
Яқинда консорциум Ўзбекистондаги мутасадди идоралар билан биргаликда жаноб Президент Шавкат Мирзиёев учун тақдимот ўтказди. Унда «Чорвоқ» эркин туристик зонасида туристик блок барпо этиш лойиҳалари намойиш қилинди. Консорциум вакиллари Ўзбекистонда дам олиш имкониятлари ва спортнинг қишки турларини янада ривожлантириш учун мавжуд салоҳият комплекс равишда амалга оширилишини таъминлаш учун бу ердаги қўшма лойиҳаларга ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда. Франция ҳукумати эса FIVES компаниясига катта саноат салоҳиятига эга Жиззах вилоятида ойна заводи қуриш бўйича техник-иқтисодий асоснома тузиш учун грант ажратди.
– Шубҳасиз, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаси ўзаро ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларидан бири. Сиз ўтган йил октябрь ойида бўлиб ўтган юқори даражадаги Ўзбекистон – Франция саммитида имзоланган битимлар бўйича бошланган ишларни қандай баҳолайсиз? Мамлакатларимиз ўртасида қайсидир соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳияти мавжуд, деб айтишга асос борми?
– 2019 йил Ўзбекистонда қизғин давом эттирилаётган ислоҳотлар нуқтаи назаридан ҳам, Франция билан икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланиши жиҳатидан ҳам муваффақиятли бўлади. Негаки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парижга ташрифи француз компанияларининг Ўзбекистондан манфаатдорлигини оширди. Эришилган келишувлар амалда бажарилиши таъминланиши учун Франция Давлат котиби Жан-Батист Лемуан баҳор ойида Тошкентга келган бўлса, MEDEF International миссияси ўттизга яқин компания таркибида бултур қабул қилинган мажбуриятларни бирлаштиришга муваффақ бўлди.
Ишончим комилки, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари моддий инвестицияларни барқарорлаштириш учун бадастир қулайликлар яратиб, интеллектуал мулкни ҳурмат қилиш масаласи ойдинлашиши биланоқ Ўзбекистонга киритилган Франция инвестицияларига янада кенг йўл очади. Коррупцияга қарши курашишга тааллуқли кўплаб чора-тадбирлар ҳам инвестициявий муҳит яхшиланишига хизмат қилади.
Телекоммуникация технологиялари, инфратузилма, энергетика, аэронавтика ва коммунал хизматлар соҳаларидаги ҳамкорлигимиз Ўзбекистонга технологиялар, билимлар ва катта ҳажмдаги молиявий тушумларни таъминлаган ҳолда янада ривожланиши тайин. Бинобарин, Bpifrance ёки ФАР каби молиявий институтларимизнинг роли Франция компаниялари Ўзбекистон эҳтиёжларига мослаштирилган рақобатбардош техник ва молиявий таклифлар бериши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
– Шу ўринда муваффақиятли ривожланиб бораётган маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликларимиз ҳақида ҳам бирров тўхталиб ўтсак менимча, айни муддао бўлади. Чунки Ўзбекистон ва Франция музейларининг қўшма кўргазмалари ташкил этилиши, иккала мамлакат тарихчилари ва археологлари ўртасида илмий алоқаларнинг кенгайиши, туризм соҳасидаги қўшма лойиҳалар, таълим, фан ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги ҳамжиҳатлик, ҳар йили ўтказиладиган Goût de / Good France гастрономия фестивали кўпчиликда ёрқин таассуротлар қолдиради. Айтинг-чи, келгусида яна қайси муҳим йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилишимиз мумкин?
– Франция ва Ўзбекистоннинг сиз тилга олган соҳалардаги ҳамкорлиги истиқболлари ҳақиқатан ҳам кишида катта умид уйғотади. 2021 йил кузида Лувр музейида «Ипак йўлида цивилизация ва маданият» кўргазмаси очилиши Франция ва Ўзбекистоннинг археологик ҳамда маданий меросларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш борасида 30 йилдан ортиқ давом этаётган ҳамкорлигига бағишланган унутилмас воқеа бўлади. Қолаверса, Лувр музейига ҳар йили 10 миллионга яқин киши ташриф буюради. Демак, бу кўргазма Франция аҳолиси ва халқаро жамоатчиликка ўзи учун Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини кашф қилишига имкон туғдиради.
Биз шаҳарсозлик ҳамда қадимий шаҳарлар ва тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш соҳасидаги тажрибамиз билан ўртоқлашишга ҳам тайёрмиз. Шунингдек, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги ўқувчилар ва ўқитувчилар орасида франкофония тарғиб қилинишидан беҳад мамнунмиз. Биз бу йил мактаб ва университетда француз тилида ўтказила бошлаган театр ва ашула фестивали ҳамда диктантлар, ўқитувчилар учун Францияда қисқа муддатли педагогик стажировкалар, Lions Clubs халқаро француззабон марказлар ассоциацияси билан биргаликдаги «Францияда бир ой» ҳамда «Фестиваль учун афиша» танловлари кенг жамоатчиликка манзур бўлмоқда. Шунингдек, ўқитувчилар малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатда Фарғона водийсининг учта вилоятида ишлаётган француз тили ўқитувчилари учун тренинг уюштирди. 17–20 июнь кунлари эса Бухоро Давлат университетида Ўзбекистон мактаблари, лицейлари ва университетларининг барча француз тили ўқитувчилари учун ёзги мактаб ташкил этилди. Элчихона Тошкентнинг француз альянсида тил имтиҳонлари ўтказишни ҳам давом эттирмоқда. Яна бир қувончли хабар шундан иборатки, француз альянси ўқишнинг кейинги сессияси учун танловларга ёзилиш мумкинлигини эълон қилди.
Университет ҳамкорлиги соҳасида биз ўқув муассасалари ўртасида Ўзбекистонда энг кўп талаб қилинадиган истиқболли фанлар бўйича бирталай лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Булар француз тилини, шунингдек, менежмент ва шаҳарни режалаштиришни ўрганишни ҳам ўз ичига оладиган туризм, маданият ва археология, технология ва молия, математика, менежмент, тадбиркорлик ҳуқуқи каби йўналишлардир. Бизда айни соҳалар бўйича 2019–2020 йилларга мўлжалланган кўплаб лойиҳалар мавжуд.
– Мамлакатимиз Президенти Францияга 2018 йил октябрь ойидаги расмий ташрифи арафасида Ўзбекистонга келувчи барча француз фуқаролари учун у хоҳ турист, хоҳ тадбиркор бўлсин 30 кунгача амал қиладиган визасиз режимни жорий этди. Унинг қўлланилиши қандай самара беради?
– Бу Франциядан келадиган сайёҳлар сафи кенгайишига, гуманитар ва иқтисодий алоқалар ривожланишига олиб келади ҳамда ишбилармонлик доираларини руҳлантиради. Менинг юртдошларимдан аксарияти Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларни кўришни орзу қилади. Буни ўтган йили Ўзбекистонда бўлган франциялик сайёҳлар сони 13 минг нафардан ошганидан ҳам билиш мумкин. Жорий йилда ушбу кўрсаткич янада ўсиши кутилмоқда. Айнан шу боис Франция Самарқандда ўзининг Марказий Осиёдаги дастлабки фахрий консуллигини ташкиллаштиришга аҳд қилди. Амалда шундай бўлди ҳам. Франция Давлат котиби Жан-Батист Лемуан Ўзбекистонга ташрифи чоғи уни тантанали равишда очиб, фахрий консул Исрофил Усановга 5 йилга мўлжалланган консуллик сертификатини топширди. Агар ўтган қишда мамлакатларимиз ўртасидаги тўғридан-тўғри рейслар икки мартага кўпайганини ҳисобга олсак, қисқа муддатли визаларнинг бекор қилиниши янада кўпроқ самара келтириши аниқ.
– Хорижга чиққан ҳар бир инсон қадрдон юртидагидан турли даражада фарқланувчи ҳолатларга дуч келади ёки ўзи учун янгилик саналган қандайдир нарсалар ва воқеа-ҳодисалар сир-асрорини билиш илинжида бўлади. Шу маънода бизнинг юртимиз кўпроқ нимаси билан французлар учун қизиқарли?
– Ўзбекистон уларни, аввало, цивилизацияси, бой тарихи ва маданияти, ҳар томонлама бетакрорлиги, архитектура ёдгорликлари билан ўзига жалб этади. Кўпчилик ватандошларим француз ёзувчиси – Самарқанднинг фахрий фуқароси Амин Маалуфнинг мазкур шаҳар ҳақидаги романини ўқиб, бу ерга келишга, Буюк Ипак йўли теграсидаги кўҳна гўшаларни ўз кўзлари билан кўришга ошиқмоқдалар. Мамлакатларимизни бизнинг тарихга муносабатимиз бирлаштирмоқда. Ҳунармандчилик, умрбоқий анъаналар, айтайлик, кўпкари ўйинлари, хуштаъм-хушхўр ўзбек миллий таомлари ҳам уларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Қолаверса, охирги пайтларда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳақида кўплаб мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришлар берилиб, Францияда унинг туристик жозибадорлиги оширилмоқда.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.