Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Марказий Банк – мамлакат иқтисодиётини монетар тартибга солишнинг асосий йўлбошловчисидир. Иқтисодиёт ривожланишининг нафақат унинг барча соҳаларидаги таркибий ўзгаришларнинг фаоллаштирилиши, балки макроиқтисодий сиёсат воситаларининг тубдан қайта кўриб чиқилиши билан боғлиқ янги босқичи Ўзбекистон монетар сиёсатининг тамойиллари ва йўналишларини қайта ўнглаш учун муҳим туртки бўлди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Мамаризо Бердимуратович НУРМУРАТОВ билан суҳбатимиз Марказий банкнинг бугунги кундаги асосий мақсадлари – барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, инфляция даражасини пасайтириш ва тўлов балансини тенглаштириш ҳақида бўлди.
– Ҳурматли Мамаризо Бердимуратович, 2019 йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ўзининг 23-ялпи мажлисида Марказий банк фаолиятининг асосий мақсадлари, вазифалари ва ваколатлари, унинг давлат идоралари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини белгилаб берувчи «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни маъқуллади. Ҳужжатга кўра Марказий Банк энди Сенатга ҳисобдор. Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинишининг сабаби нимада?
– 1995 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тартибга солувчи қонун жаҳон молия тизимида юз бераётган жиддий ўзгаришлар, шунингдек, мамлакатда миллий иқтисодиётни кенг миқёсда ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар сабабли Марказий банкнинг мақсад ва вазифаларини тўлиқ акс эттирмаган эди. Пул-кредит сиёсатини шакллантириш ва амалда ижро этиш ҳамда мамлакат банк тизимини янада ривожлантиришда янги ёндашув ва тамойилларга сезиларли эҳтиёж бор эди.
Шу муносабат билан янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни ташаббус қилиниб, унга пул-кредит сиёсати ва унинг воситаларини тубдан такомиллаштириш, шаффофлик даражасини ошириш механизмлари ва асоссиз инфляцион кутишларнинг олдини олиш, банк тизимини тартибга солиш ва назорат қилиш, нобанк кредит ташкилотларининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, улар фаолияти устидан назоратни кучайтириш чора-тадбирлари назарда тутилган.
Янги таҳрирдаги қонуннинг асосий мақсадлари – нархлар, банк тизими ва тўлов тизимлари ишлашининг барқарорлигини таъминлишдан иборат. Шунингдек, пул-кредит сиёсати юзасидан қарорлар қабул қилишда Марказий банкнинг мустақиллиги мустаҳкамланди, унинг банк тизимининг тартибга солувчиси сифатидаги роли кучайтирилди. Марказий банк фаолиятининг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Бошқарув таркибига Марказий банк Раисининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши томонидан тасдиқланадиган икки нафар мустақил аъзони киритиш назарда тутилган.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 18 ноябрда пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Марказий банк зиммасига пул-кредит сиёсати воситалари, механизмлари ва тартиботларини инфляцион таргетлаш режими стандартлари билан мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди. Сўнгги йилларда пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш соҳасида қандай чоралар кўрилди ва Марказий Банк жорий этилган инфляцион таргетлаш режими шароитида қандай ишларни амалга оширмоқда?
– Маълумки, 2017 йилга қадар Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати валюта курсини барқарорлаштириш ва халқаро захираларни жамлаш заруратидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилди, бу муҳим макроиқтисодий масалаларни, шу жумладан, ички нарх барқарорлигини четга суриб қўярди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жиддий сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар рўй берди, мамлакатимиз иқтисодиётнинг очиқлиги ошди, минтақавий савдо ва миграция оқимлари кўпайди. Бу макроиқтисодий мувозанатга эришиш учун ички ва ташқи омилларга кўпроқ эътибор қаратишни талаб қилди.
Биз ишни 2017 йилда валюта бозорини эркинлаштиришдан бошладик. Ўша йилнинг ўзидаёқ Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати мақсадлари ва устуворликларини нархларнинг барқарорлигини таъминлашга қайта йўналтириш заруратлиги англаб етилди ва инфляцион таргетлаш режимига ўтиш стратегияси танланди.
Кейинчалик 2018 йилда барча саъй-ҳаракатлар Марказий банкнинг янги пул-кредит сиёсати учун мустаҳкам институционал асос яратишга қаратилди. Натижада банк тизимининг ликвидлигини кунлик мониторинг қилиш тизими жорий этилди, асосий истеъмол товарлари ва хизматлар нархларининг мониторинги йўлга қўйилди, уларнинг ўзгарувчанлигини омилли таҳлил қилиш, аҳоли ва иқтисодий субъектларнинг инфляцион кутишларини ўрганиш, шунингдек, реал сектор корхоналарининг ҳолати бўйича мунтазам сўровлар ўтказиш ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонида инфляция даражасини 2021 йилда бир хонали рақамларгача аста-секин пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги таргет ўрнатишдан иборат доимий мақсадга эришиш белгиланган.
Бундан ташқари Марказий банк томонидан 2020 йилга ва 2021–2022 йиллар даврга мўлжалланган пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари ишлаб чиқилди. Умуман олганда, бутун пул-кредит тизимини ислоҳ қилиш борасида қилинган катта ҳажмдаги ишларни қуйидаги учта асосий блокка бўлиш мумкин.
Пул-кредит сиёсати воситаларини такомиллаштириш
«Олтин-валюта захираларининг нейтраллиги» тамойили асосида Марказий банкнинг ички валюта бозорига валюта интервенциялари стратегияси ишлаб чиқилиб, мажбурий захиралар бўйича талаблар халқаро стандартлар билан мувофиқлаштирилди, шунингдек пул бозорининг ягона банклараро платформаси яратилди, кўплаб йиллар давомида биринчи марта давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш бўйича операциялар амалга оширилди.
2020 йилнинг январь ойидан бошлаб Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси ва фоизли йўлак жорий этилди.
Тижорат банкларини бошқаришнинг мослашувчанлигини ва уларнинг ликвидлигини ошириш, бозорни юқори ликвидли ва шу билан бирга даромадли активлар билан тўлдириш учун Марказий Банк облигациялари чиқарилмоқда, бу эса ўз навбатида, даромадлилик эгри чизиғини шакллантиришга, шунингдек, бутун банк тизими кўрсаткичларининг барқарорлигини таъминлашга ёрдам бериши лозим.
Бозор тамойилларини қўллаган ҳолда имтиёзли кредитлаш амалиётини қайта кўриб чиқиш йўли билан кредит бозорида сегментацияни қисқартириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, бутун молия тизимининг барқарорлигига эришиш ва молиявий циклларни равонлаштириш мақсадида пруденциал назорат чора-тадбирларига тузатишлар киритилди.
Моделли блокни жорий этиш ва такомиллаштириш
Бундан буён Марказий Банк инфляция ва бошқа муҳим макроиқтисодий ўзгаришлар бўйича ўз прогнозларини макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш тизими (FPAS) доирасида, уни мамлакат воқеликларига мослаштириш ҳамда турли шок ҳолатларининг юзага келишига жавобан иқтисодиётнинг ривожланиш сценарийларини тузиш йўли билан Ўзбекистоннинг чораклик прогноз модели асосида қуради.
Бундан ташқари инфляция даражасини қисқа муддатли прогноз қилиш учун эконометрик моделлар такомиллаштирилмоқда.
Марказий банкнинг коммуникацион ишларини йўлга қўйиш
Инфляцион таргетлаш режимига ўтиш доирасида аҳоли ва бизнеснинг кўмаги ҳамда ишончини қозониш, оқилона инфляцион кутишларнинг шаклланишига кўмаклашиш жуда муҳим бўлиб, пул-кредит сиёсатининг инфляцион таргетлашга эришиш йўлидаги муваффақияти кўп жиҳатдан ана шуларга боғлиқ.
Шу билан бирга ишонч Марказий банк ҳаракатларининг изчиллиги орқали қозонилади, шунингдек, бу уларнинг бозорга қанчалик тушунарли ва аниқ бўлишига ҳам боғлиқ. Иқтисодиётда инфляцион тенденциялар пайдо бўлганида тартибга солувчи сабабларни аниқ ва асосли тарзда тушунтира олиши, шунингдек, ҳаракатлар стратегиясига эга бўлиши ва жавоб чораларини ишлаб чиққан бўлиши керак. Сигнални, шу жумладан, алоқа канали орқали пул ва реал секторларга тўғри ва ўз вақтида узатиш муҳим аҳамият касб этади.
2018 йилдан бошлаб, мунтазам пресс-релизлар, пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини эълон қилиш, пул-кредит сиёсати бўйича ҳар чораклик маърузалар, қабул қилинган қарорлар асосларини тушунтириш бўйича матбуот анжуманлари ўтказилмоқда. Пул-кредит сиёсати бўйича чора-тадбирларининг самарадорлигини батафсил ёритиш йўли билан фаол коммуникацион сиёсат амалга оширилмоқда.
Коммуникацион сиёсат доимий равишда такомиллаштириб турилиши, мослашувчан ва реактив бўлиши, сигналларни иқтисодиётга ўз вақтида ва тўғри тарзда узатишга қодир бўлиши керак. Буларнинг барчаси оқилона инфляцион кутишларни шакллантириш ва уларнинг иқтисодиётдаги инфляция даражасига таъсирини камайтиришга қаратилган.
– Агар турли мамлакатлар томонидан тўпланган инфляцион таргетлаш режими бўйича тажрибани умумлаштирадиган бўлсак, шундай муҳим ижобий самарани қайд этишимиз лозимки, бунда деярли барча мамлакатлар биринчи босқичда инфляция суръатларининг сезиларли даражада пасайишини бошдан кечирди. Инфляция бўйича белгиланган мақсадларимизга эришиш учун яқин йилларда ҳал этишимиз лозим бўладиган асосий муаммолар нималардан иборат?