(O´zbek) Солиқ ислоҳоти: дастлабки натижалар ва ютуқлар

1/2020

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     2018 йилда Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланди. Солиқ ислоҳотининг фақатгина 2019 йил учун амалга оширилиши натижалари солиқ тўловлари бўйича иқтисодий кўрсаткичларнинг кутилаётган прогнозларидан ошиб кетди. Бу солиқ сиёсати тизимидаги инновацияларнинг самарадорлигидан далолат бермоқда.
     «ЎзИА» журнали Бош муҳаррирининг Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Анварович МУСАЕВ билан суҳбати солиқ ислоҳотларининг мақсадлари, капитал бозорининг ривожланиши ва мамлакатнинг иқтисодий юксалишига қўшаётган ҳиссаси, Ўзбекистон солиқ органлари зиммасидаги янги устувор вазифалар ҳақида бўлди.
 
 

     – Ҳурматли Беҳзод Анварович, маълумки, яқинда солиқ ислоҳотининг илк сарҳисоби эълон қилинди. Унга кўра 2019 йилги даромадлар бўйича давлат бюджети ижроси натижалари 83,3 трлн. сўмга тўғри келган ёки 2018 йилдагига нисбатан ўсиш 154 фоизни ташкил этган. Ислоҳотларни амалга ошириш режаларида белгиланган кўрсаткичларга эришиш ҳақида ҳозирданоқ гапириш мумкинми?

     – Солиқ ислоҳотини амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад – инвестиция фаолияти ва иқтисодий ўсишни рағбатлантирувчи тушунарли ва барқарор солиқ шароитларини яратиш эканлигини назарда тутсак, унга эришилди. Бу борада кўплаб вазифаларнинг ҳал этилиши солиқ солишдаги номутаносибликка ва адолатсиз солиқ юкига чек қўйиш, шунингдек, бизнесни маъмурий босимдан халос қилиш имконини берди. Зеро, бу ислоҳот солиқ органларининг сервисга йўналтирилган хизматга айлантирилишини ҳам ўз ичига олади.

     Солиқ органлари фаолиятида рақамлаштириш ва ҳалол солиқ тўловчилар билан шериклик муносабатларини йўлга қўйиш учун қулай шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этди. Ушбу мақсадлар учун солиқ тўловчилар билан мулоқотнинг рақамли моделини тайёрлашга йўналтирилган Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланди. Давлат солиқ қўмитаси таркибида хизмат кўрсатиш ва солиқ органларининг ривожланиш стратегиясини белгилаб берувчи янги бўлинмалар ташкил қилинди.

     Мақсадимиз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариш учун қулай шарт-шароитлар муҳайё этишдан иборат. Устувор вазифамиз эса ҳалол солиқ тўловчиларнинг бизнес ҳамкори бўлишдир. Айни йўналишда дастлабки дадил одимларни ташлаб, муайян натижаларга эришдик. Чунончи, электрон хизматлар сони 45 тага кўпайди, 2019 йилда солиқ тўловчилар электрон хизматлардан 400 миллион марта фойдаланишди! Солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағи орқали тадбиркорлик субъектлари жами 26,6 трлн. сўмлик солиқларни онлайн режимида тўлашди.

     Бизнес туну кун хизмат кўрсатиш ва солиқ ҳуқуқбузарликлари содир этилиши хавф-хатарларини камайтириш имкониятига эга бўлди. Биргина ўтган йилнинг ўзида ташкил этилган Call-марказ орқали 98,6 мингта мурожаат келиб тушди ва барчаси кўриб чиқилди, солиқ мажбуриятларини бажаришга доир 5,7 мингта долзарб муаммо «Ишонч телефони» орқали ҳал этилди.

     Фискал самарага келсак, кутилганидан зиёд натижаларни берди. Суҳбатимиз аввалида тўғри таъкидлаганингиздек, солиқ тушумларининг ўсиши бўйича тизим органларининг бутун тарихи давомида кузатилмаган юксак натижага эришилди – 154 фоиз!

    – 2019 йил октябрь ойидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкасини 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилди. Билишимизча, олдин Солиқ концепцияси лойиҳасида ҚҚСни 12 фоизгача камайтириш назарда тутилган эди. Жаҳон банки экспертлари эса уни камайтиришни тавсия қилишмади. Айтинг-чи, ҚҚС ставкаси миқдорини қўшни Қозоғистон ва Қирғизистондаги сингари 12 фоиз эмас, балки айнан 15 фоиз қилиб белгилаш нимага боғлиқ? Бу масалани яқин орада қайта кўриб чиқиш назарда тутилганми?

     – Концепция ва унинг амалга оширилиши устида олиб борилган ишларнинг бутун даври мобайнида ҚҚС ставкасини камайтириш мавзусида қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. У аввало иқтисодиётга юклама нотекис тақсимланишига олиб келадиган қиймат занжиридаги номувофиқликка боғлиқ. Ушбу баҳс-мунозараларга сўнгги нуқта ўтган йил ниҳоясида, ставкани 15 фоизгача камайтиришга қарор қилинганда қўйилди.

     Мазкур қарорни тарихий ва муросали, деб аташ мумкин. Чунки бу ишни амалга ошириш учун керакли молиявий ресурсларнинг барқарор манбаини таъминлаш ва мумкин бўлган таваккалчиликларни юмшатиш зарур саналган кенг кўламли ислоҳотларни олиб бориш жараёнида Ўзбекистон билвосита солиқлар ставкаларини оширишга йўналтирилган жаҳон тренди фонида тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ва бюджетни ҳосил қилувчи солиқлардан бирининг ставкасини 25 фоизга камайтиришга аҳд қилди.  

     Бу ставканинг сезиларли даражада камайтирилиши демакдир. Негаки, ҳозир давлат бюджети умумий даромадининг 30 фоизидан ортиғи ҚҚС улушига тўғри келади, унинг камайиши эса 10 трлн. сўмни бизнес ихтиёрида қолдириш имконини берди. Ҳисоб-китобларнинг кўрсатишича, ҚҚС ставкасининг 15 фоиз даражасида белгиланиши бугунги кунда фискал барқарорликни таъминлайди ва ишбилармонлик муҳитини яхшилайди.

     Қўшниларимизга келсак, уларда ставкани камайтириш бир неча босқичда амалга оширилган. Масалан, Қозоғистонда унинг 20 фоиздан 16 фоизгача пасайтирилиши 2001 йилда юз берди, 2009 йилда эса 12 фоизгача туширилди. ҚҚС ставкасини камайтириш фойдали эканлигига далиллар сифатида имтиёзлар мақбуллаштирилишини ва солиқ маъмурчилиги кучайтирилишини келтириш мумкин. Шу туфайли биз ушбу солиқ тушумлари 1,8 марта ошишини таъминлашга муваф­фақ бўлдик.

     2019 йил бошида ушбу солиқни тўловчилар кўпи билан 7 минг нафар хўжалик юритувчи субъектдан иборат эди. Жорий йил бошида уларнинг сони 82 мингтага етди. Бу ислоҳотгача бўлган даврга нисбатан қарийб 12 баробар кўпдир.

     Бундай кўрсаткичлар ҳисобга олиш-қайтариш механизми билан тавсифланади, шунга кўра ҳозир самарали ҚҚС ставкаси 6,8 фоизни ташкил этади.

     Ижобий динамикасига қарамай, айни кезларда биз ҚҚС маъмурчилигига рақамли технологиялар ва аналитик воситаларни татбиқ этиш орқали уни такомиллаштириш устида изланаяпмиз. Пировардида ставкани яна қайта кўриб чиқиш учун замин яратилиши мумкин.

     – Иш ҳақига солиқ юки ҳам сезиларли даражада камайтирилди. Аммо ҚҚСнинг жорий қилиниши товарлар ишлаб чиқарувчига ёки хизматлар кўрсатувчига эмас, балки «истеъмол солиғи» бўлгани ҳолда истеъмолчига юк бўлиб тушади. Бу фуқароларимизнинг харид қобилиятига қандай таъсир кўрсатади?

     – Ҳақиқатан ҳам меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки 1,5 баробарга камайтирилишини тахминан 500 мингта иш ўрнини ғўр зонадан чиқариш ва жисмоний шахслар даромадларига солинадиган солиқ ставкаси 12 фоизгача камайтирилишига қарамай у бўйича тушумларни икки баробарга ошириш драйвери, деб аташ мумкин. Бу ўз навбатида, 4,2 трлн. сўм миқдоридаги бўш турган маблағларни аҳоли ихтиёрида қолдириш имконини берди ва улар харид қобилиятини лозим даражада сақлаб турди. Мавриди келганда эслатиш лозимки, ҚҚС иқтисодиётимиз учун янги солиқ эмас, у 28 йил давомида асосий фискал воситалардан бири бўлиб келди. Эндиликда унинг асосий параметрлари бизнес ва аҳоли манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда қайта кўриб чиқилди. Қўшилган қиймат занжири ставкасининг қисқариши ва мақбуллаштирилиши иқтисодиётга қарийб 10 трлн. сўм олиб кирди.

     ҚҚС бўйича тушумларнинг ўсиши солиқ базаси кенгайиши ва солиқ маъмурчилиги кучайишидан ташқари фискал юклама билан тўлаш имконияти ўртасидаги бараварлик ҳисобидан эришилган истеъмолнинг ўсиши билан ҳам тавсифланади.

     – Давлат солиқ қўмитаси ҚҚС бўйича ноль даражали ставка тўғри қўлланилишини тартибга солади ва назорат қилади. Ислоҳотлар туфайли солиқ тўловчилар тўланган ҚҚСни ариза берилган кундан бошлаб 7 кун ичида ноль даражали ставка ҳисобидан қайтариб олишлари мумкин. Бироқ экспортни амалга оширувчи тадбиркорлар фикрича бу анча узоқ муддат. Энг ачинарлиси, катта бўнак тўловлари туфайли улар фойдани бой беришади. Модомики, шундай экан, қайтариш муддатини айтайлик, бир кунгача ёки бир соатгача қисқартириш имкони борми?

     – ҚҚСни қайтариш, албатта, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун яхши чора. Нафақат экспорт операциялари, балки ички операциялар бўйича ҳам ундан тўлиқ фойдаланиш ҳақида қарор қабул қилиниши инвестициявий фаолликни оширишга хизмат қилиши тайин.

     Биргина ўтган йили 1,7 трлн. сўм миқдоридаги солиқ қопланди, жорий йилда бу кўрсаткич 2,5 трлн. сўмга етиши тахмин қилинмоқда. Мазкур жараённи бошқариш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди. Тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ҳам қисқартирилди. Солиқ тўловчи зарур ҳужжатларни тақдим этиши ва 7 кун ичида солиқни қайтариб олиши мумкин бўлган электрон хизмат кўрсатиш тизими яратилди. Бу дунёдаги энг кам муддатлардан бири ҳисобланиши ХВФ ва Жаҳон банки экспертлари, шунингдек, чет эллик ҳамкасбларимиз томонидан бир неча бор таъкидланган. Менимча, ушбу муддатни қайта кўриб чиқишга ҳали эрта, чунки ҚҚС фирибгарлик хавфи юқори бўлган солиқ саналади. Ана шунинг учун ҳам 2019 йилда солиқ органлари томонидан камерал назорат доирасида ҚҚС бўйича ҳисоботларда 984,4 млрд. сўмлик 32243 та номутаносиблик ҳолати мавжудлиги аниқланди.

     – 2019 йил 1 январдан бошлаб ягона солиқ тўловини 1 млрд. сўмдан ошмайдиган йиллик айланмага эга бўлган юридик шахслар тўлайдиган бўлишди. Айланманинг ушбу миқдори қандай ҳисоб-китоблар асосида белгиланган? Ҳозирги пайтда ҳатто кичик компания ҳам бунча суммага бемалол эришиши мумкин. Нима учун айланма миқдори 2 ёки 3 миллиард сўм эмас?

     – Кўп йиллар мобайнида солиқ тизими ва уни қўллаш параметрлари бизнесни кичик ва катта турларга табақалаштирган ходимлар сони мезонига боғланди. Бу бизнеснинг мустаҳкамланишига ва иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилувчи ҳалокатли механизм эканлигини вақтнинг ўзи исботлади.

     Ҳеч кимга сир эмас, кичик бизнесда банд бўлган ҳар иккинчи одам ўз маошини «конверт» усулида оларди ва бу жараённи тартибга солиш жуда қийин эди, чунки тизимли назорат чоралари маъмурий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига ва тадбиркорлик субъекти фаолиятига аралашувга олиб келди.

     Бизнесни табақалашнинг тескари тизимига ўтишни давр ва юзага келган жаҳон амалиёти талаби, дейиш мумкин. Жамоатчиликка таклиф этилган модель халқаро молия институтлари мутахассислари билан биргаликда Европа Иттифоқи, МДҲ ва Осиёдаги етакчи давлатлар амалиётини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди.

     Белгиланган 1 млрд. сўмлик чегаравий даража эса айни пайтда 105 минг АҚШ долларига тенг бўлиб, асло энг паст кўрсаткич эмас. Масалан, у Италияда у 58 минг, Германияда 20,3 минг, Туркияда 20 минг, Россияда 30,7 минг доллар миқдорида белгиланган. Бундан ташқари айнан шундай параметрлар қўшилган қиймат занжиридаги номувофиқликни қисқартириш ҳамда солиқ ислоҳоти самарадорлигини таъминлашда қўл кела бошлади.

     Амалиёт шуни кўрсатдики, ҚҚС тўлаш фойдали бўлиб қолди. Боиси, кичик корхоналар йирик бизнес билан кооперациялашиш ва ўз молиявий кўрсаткичларини ошириш имкониятига эга бўлишди. Ўтган йили 14 мингга яқин солиқ тўловчи солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибидан воз кечиб, ҚҚС тўлашга ўтишди. Бу айланманинг 1 млрд. сўм миқдоридаги чегаравий даражаси мақбуллигини кўрсатмоқда.

     – Айни чоғда, 1 млрд. сўмлик айланма чегараси компанияларнинг оширилган солиқ ставкасидан қочиш мақсадида бўлинишига олиб келади, деган фикр ҳам мавжуд. Қолаверса, 2019 йилги кўрсаткичи 2018 йилдагига нисбатан 1,5 марта кўп бўлган рўйхатга олинган корхоналар сони кўпайиши ҳам ушбу омил туфайли рўй берган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

     – Бизнесни қисмларга ажратиш бугунги кунда дунёдаги ҳар қандай солиқ тизимида мавжуд. Бундай операцияларнинг бенефициарлари ҳар доим ҳам фискал мақсадларни кўзламайди. Шундай эса-да, бу охирги пайтларда бизнесни табақалашнинг тескари тизимига ўтган мамлакатларнинг солиқ органлари учун муаммо эканлигини эътироф этиш даркор.

     Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Солиқ ислоҳотининг биринчи йилида ҳам биз бизнесни ўзаро боғланган бир неча тузилмага бўлиш усулини қўллаш йўли билан унинг қолоқ схемаларга ўтиб кетиши белгиларига дуч келган эдик. Жумладан, 2019 йил бошида соддалаштирилган солиқ солиш режимини қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолиш илинжида ўз бизнесини бўлишга оид 3 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилди. Оқибатда бюджетга салкам 400 миллиард сўм миқдоридаги солиқлар тушмай қолди.

     Мен буни оммавий ҳодиса, деб атай олмайман. У ҳар қандай фискал ислоҳотнинг бошланишига хос ҳолатдир. Шу билан бирга бундай нохушликларнинг олдини олиш учун ҳукумат томонидан зарур чоралар кўрилди. Чунончи, ҚҚС ставкаси пасайтирилди, электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими жорий этилди. Солиқ органларига эса бундай операцияларни солиқларни тўлашдан бўйин товлаш сифатида таснифлаш ҳуқуқи берилди.

     – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширувлари учун белгиланган мораторий муддати тугаганини эслатиб, илғор тажриба ва замонавий тизимни жорий этиш зарурлигини айтди. Сиз бу ўринда қандай тизим ҳақида гап кетаётгани, у қандай ишлаётгани ҳамда мораторий солиқ тушумларига ва тадбиркорлик субъектлари сонига таъсир кўрсатгани ёки кўрсатмагани ҳақида сўзлаб берсангиз.

     – Мораторийнинг мақсади тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш ва тадбиркорлик фаолиятига аралашувни истисно этувчи шаффоф солиқ назорати тизимини барпо этишдан иборат эди. Doingbusiness рейтингидаги позицияларимиз яхшиланиб, Ўзбекистон 76-ўриндан 69-ўринга кўтарилганини мораторий самараси, дейиш мумкин. Албатта, солиқ текширувлари ўтказилиши учун мораторий муддати ишчанлик фаоллиги ва солиқ тушумлари ошиши билан кузатилди. Бу вақт мобайнида солиқ органлари томонидан замонавий технологиялар ва таваккалчиликка йўналтирилган ёндашувга асосланган янги солиқ назорати тизимини барпо этиш ишлари олиб борилди.

     Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва Россия Федерал солиқ хизмати экспертлари билан ҳамкорликда «Таваккалчилик-таҳлил» солиқ назоратини ўтказишнинг янги тизимини ишлаб чиқишди. Унга мувофиқ ахборот тизими солиқ назоратини ўтказиш учун номзодларни инсон омилининг иштирокисиз маълум мезонлар асосида танлайди, яъни энди ҳалол солиқ тўловчи солиқ назоратини ташкил этишнинг аввалги тизимидан фарқли ўлароқ, солиқ текширувларига дучор этилмайди.

     Солиқ тўловчиларни даражаларга бўлиш учта йўлак бўйича амалга оширилади: яшил (ҳалоллик белгиси), сариқ (қўшимча равишда ўрганишни талаб қилувчи) ва қизил (хавф-хатар зонаси).

     Солиқ назоратининг шакллари ҳам қайта кўриб чиқилди. Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси доирасида камерал солиқ текшируви (масофавий мониторинг), сайёр солиқ текшируви (хронометраж йўли билан текшириш) ва солиқ аудити (муайян солиқни қўллашнинг тўғрилигини тематик текшириш) жорий этилмоқда.

     – Самимий суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз ва келгуси ишларингизда ҳам муваффақиятлар тилаймиз.

 

 

 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.