(O´zbek) Кимни аввал қутқариш керак: Одамларними ёки иқтисодиётни?

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

Инсоният коронавирус каби катта муаммога ҳеч қачон дуч келмаганди десак, муболаға бўлмайди. Тўғри, бунгача икки марталаб жаҳон урушлари бўлган, 50 миллионлаб одамларни ҳалок қилган касалликлар келган, лекин қайсидир маънода инсон индивид сифатида мукамалликка яқинлашган бугуни кунда мана бундай муаммонинг пайдо бўлиши одамзод коинотнинг зарраси бўлган сайёрадаги жуда кичик ва айни дамда ожиз жонзотлигини барчамизга эслатиб қўйди.

Бу ҳолатни истаганингиздек атанг — хоҳланг дунёнинг бошқараётган Куч ўзининг борлигини билдирди денг, хоҳланг бир давлат бошқасига зарар етказиш учун вирус яратди денг, хоҳланг гўёки ҳамма нарсанинг сирини англаб етган илм-фан ҳам ожиз қолган коронавирус эҳтиётсизлик сабаб қандайдир лабораториядан тарқаб кетди денг. Аммо бир нарса ҳақиқат — вирус одамзотни қийнаб қўйди.

Бундай вақтда энг катта юк давлат раҳбарларига, ўз юртининг сиёсатини юритадиган инсонларга тушади. Фуқаролар уйда ўтириб касаллик ўтиб кетишини кутиши мумкин, лекин давлат раҳбарлари ўз ҳаётини эҳтиётлаш билан бирга мамлакатни қийин вазиятдан олиб чиқиб кетиш ҳақида ҳам бош қотиришга мажбур. Бундай инқироз вақтида уларнинг олдида битта савол кўндаланг бўлади: аввал одамларни қутқариш керакми ёки иқтисодиётни?

ВВС АҚШнинг катта иқтисодчилари амалга оширган суриштирув асосида бу саволга жавоб излади.

Карантин иқтисодиётни ўлдириши ростми? Жавоб 100 йил аввал «испанка» вақтида берилганди

Кўп давлатлар вирусга қарши иқтисодиётга катта зарар беришини ўйламай карантин билан курашмоқда. Бизнесни «сунъий кома» ҳолатига тушириб, карантин киритишга шошмаётганлар ҳам бор. Карантин чоралари жиддий бўлган жойларда эса одамларнинг норози оҳангдаги гаплари эшитилиб турибди. Улар доим уйда ўтира олишмайди.

Хўш, аслида ким ҳақ: аввал иқтисодиётни қутқариш керакми ёки одамларни?

Америкалик олимлар гуруҳи бу саволга жавоб излаш учун юз йил аввал юз берган воқеаларга мурожаат қилишди. Инсоният учун ҳозирги каби тотал карантин янгилик эмас. Юз йил аввал ҳам одамлар шу каби карантинда «ўтиришганди». Биринчи жаҳон урушидан кейин «испанка» номи билан аталган грипп бутун дунёга тарқалган ва 50 миллион одам бу касалликдан ҳалок бўлганди. Ўшанда сайёрадаги ҳар уч одамдан бири «испанка» билан оғриган ва ҳар ўнинчи одам унинг қурбонига айланган.

Худди ҳозирги каби 1918 йилда ҳам одамлар уйдан чиқмасликка ундалган, ниқоб тақиш мажбурий бўлган ва заводлар ёпилганди. Ўшанда ҳам карантин чораларига эътибор бермаганлар бўлган. Кейинчалик иқтисодиётини эмас, одамларини қутқаришга ошиққан давлатлар ютгани маълум бўлди.

Бошланишида ҳаммага қийин бўлган, лекин грипп ўтиб кетгач, жисмоний контактларни чеклаб, гигиенага эътибор бериш орқали одамларини сақлаб қолишга эътибор берган давлатлар тезроқ оёққа турди.

«Кескин чоралар кўриб касаллик тарқалишининг олдини олган шаҳарлар эпидемия вақтида зарар кўрган бўлса-да, кейинчалик улар қолганлардан тезроқ ўсишга эришдилар», дейилади АҚШ Марказий банки (яъни, мамлакат федерал резерви) ҳамда Массачусетс технология институти иқтисодчилари ҳамкорликда ўтказган суриштирув натижаларида.

Тадқиқотлар карантин чоралари нафақат ўлимлар сонини қисқартиргани, балки пандемия келтирган иқтисодий зарарнинг ҳам олдини олганини кўрсатган. Дарвоқе, ўшанда АҚШда «испанка» 500 минг одамнинг умрига зомин бўлган.

Карантиннинг ҳар бир куни муҳим

1918 йилги пандемия ҳам АҚШда шарқдан ғарбга қараб тарқалади. Касаллик икки тўлқинда ривожланади. Баҳоргиси қўрқинчли, қишкиси эса ундан ҳам даҳшатли кўриниш олади… АҚШ ғарбидаги Сиэтл, Лос-Анжелес шаҳарлари касаллик зарбаларини охирги бўлиб қабул қилишади. Шаҳарларда ҳозирги каби чоралар кўрилади. Албатта, интернет дўконлар, карантин қоидаларини бузганларни рақамли технологиялар ёрдамида аниқлаш кабилардан ташқари.

Худди ҳозирги каби мактаблар, театр, черковлар ёпилади, жамоат жойларида тўпланиб туриш тақиқланади, жамоат транспортлари тўхтатилади ва дафн маросимлари тор доирада ўтказилиши белгилаб қўйилади. Ўзини иҳоталаш тизими жорий қилиниб, ижтимоий масофа сақлаш тартиби мажбурий қилиб қўйилади. Албатта, ниқоб тақиш ва тез-тез қўлни ювиш ўшанда ҳам «трендда бўлган».

Америкалик иқтисодчиларнинг тадқиқотларида маълум бўлдики, 1918 йил мамлакатдаги шаҳарларда карантин эълон қилишдаги ҳар бир кун кейинчалик иқтисодий кўрсаткичларга таъсир қилган. Масалан, 10 кун аввал карантин жорий қилган штатлар барчаси ортда қолгач, қолганлардан 5 фоиз кўпроқ ишчи ўринларига эга бўлган. 50 кун кўпроқ чеклов жорий қилганлар эса 6,5 фоиз кўпроқ иш ўринлари ярата олишган.

Ғарб раҳбарлари «испанка» карантинидан ўрнак олмоқда

«Испанка» вақтидаги карантин чоралари Ғарб давлатлари раҳбарларини қўрқмай карантин чораларини кучайтиришга ундамоқда. Инсоният ва карантин ўртасидаги «жанг» қандай тугаши ҳали аниқ эмас, лекин бу «жанг»да кўпроқ одамлар жонини сақлашга уринганлар ютиши тарихдан маълум. Умуман, ҳозир нафақат Ғарбда, балки бутун дунёда карантин жорий қилинган ва асосий урғу одамларни қутқариб қолишга қаратилган.

«Одамларни ва иқтисодиётни қутқариб қолиш аслида бир бирига халақит бермайди. Одамлар ҳаётини қутқариб қолиш орқали иқтисодиётни мустаҳкамлаётган бўламиз», дейилади юқорида таъкидланган тадқиқотда. Бу тадқиқотларни кимлар олиб боргани ҳисобга олинса унинг қанчалик ишончли экани ойдинлашади. Суриштирувларни АҚШнинг собиқ молия вазирлари, собиқ федерал резерв раҳбарлари, катта тадбиркорлар ва иқтисодчи олимлар олиб боришган.

Вакцина йўқлиги ва касалхоналардаги жойлар етарли эмаслиги барча мамлакатларни кескин карантин чораларни қўллашга чорлади. Аввалига касаллик тарқалган Хитой, кейинчалик Сингапур ва Жанубий-шарқий Осиёнинг давлатлари. Кўҳна қитъага ҳам касаллик етиб келгач, Италия, Франция ва Испания каби давлатлар одамларга уйдан чиқишни тақиқлади. Энди эса навбат АҚШга келди.

«Одамлар машина уриб ўлаётгани сабаб машина чиқаришни тақиқламаяпмиз-ку?»

Карантин киритмасликка шошилмаётганлар ҳам бор. Бизнес тўхтаб қолмаслигининг тарафдорларидан бири Дональд Трамп бўлмоқда. АҚШ президенти бошида жуда хотиржам эди ва ҳаммаси жойида эканини кўрсатмоқчи бўлаётгандек туюлди.

«Одамлар коронавирусдан кўра автоҳалокатдан кўпроқ ўлишади, аммо биз бунинг учун автомобил ишлаб чиқаришни тақиқламаяпмиз-ку?», деганди Трамп мамлакатда ҳозирча карантин жорий қилинмаслигини айтиб.

Аммо Оқ уй раҳбари тезда фикрини ўзгартириб чекловлар зарурлиги ҳақида гапира бошлади. Айни дамда вирус тарқалиши бўйича дунёда етакчига айланган АҚШда коронавирус 2 миллионгача одамнинг умрига зомин бўлиши мумкин. Агар керакли чоралар кўрилмаса, албатта. Ҳатто океанортида қурбонлар сони 100-240 минг ўртасида бўлишини оптимистик тахмин сифатида қарай бошлашди…

Бразилия президенти Жаир Болсонару жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига намойишкорона қарши чиқаверганидан кейин твиттер ва инстаграм унинг саҳифаларини блоклаб қўйди. Коронавирус таҳликаси бошланган вақтда Эрон президенти Ҳасан Руҳоний вирусни «душманнинг ҳужуми» деб атаб, одамларни ишга чиқаверишга ундаганди.

Коронавирусни писанд қилмасликда Беларусь президенти Александр Лукашенкога етадигани йўқ. Мамлакатда ҳеч қандай чеклов жорий қилинмаган ва Лукашенконинг ўзи ҳам бемалол юрибди. Футбол ва ҳоккей бўйича чемпионат тўхтатилмаган. Ҳоккей ўйинида қатнашган Лукашенко вирусга беписандларча қараб шундай деди: «Қани, муз майдонида бирорта вирус учиб юрганини кўрдингизми? Мен ҳам кўрмадим. Вирусга қарши энг яхши восита муз. Тиззада туриб яшагандан тик туриб ўлган яхши». Шунингдек, Лукашенко ўзининг антивирус рецепти билан бўлишди: ароқ, ҳаммом, спорт ва далада ишлаш.

Карантиннинг иқтисодиётга зарари ва фойдаси

Ҳаёт бутунлай тўхтаб қолиши табиийки мамлакат иқтисодиётига зарар қилмай қолмайди. Аммо карантиннинг иқтисодга фойдаси ҳам йўқ эмас.

Аввал ёмонидан бошласак.

Жаҳон иқтисодиётининг пойдевори фаол ҳаёт тарзи асосига қурилган. Одамлар барларга, ресторанларга, спортзалларга, клубларга нима учун боришади? Нега чиройли кийимлар, йўлтанламас машиналар сотиб олишади? Албатта, уларни қолганлар кўриши учун. Карантинда эса одамлар уйда ўтиришга мажбур, табиийки нофаол ҳаёт тарзида кимгадир кўз-кўз бўлиш имконсиз. Бундан ташқари, карантин вақтида ҳамма ишчи кучи уйда бўлади ва ишлаб чиқариш, савдо тўхтайди. Саноқли соҳалардан ташқари, албатта.

Оқибатда тадбиркорлик ривожланишдан тўхтайди. Бу келажакдаги кўрсаткичларга ҳам таъсир қилади. Банкротлик кўпаяди, корхоналар ёпилиб кетади, кўпчиликнинг тирикчилиги қолиб кетади. Барчаси йиғилиб банкларга таъсир қилади. Қарздорлик кўпайиб кетади, кредитлар вақтида ёпилмайди, банкларнинг ликвидлик даражаси тушиб кетади ва улар кредит беришда қийналиб қолишади. Кредитсиз эса бизнес бўлмайди.

Карантин фойдаси

Карантиннинг асосий фойдаси у касалликнинг, шунингдек, асоратларининг чекинишига олиб келади. Карантин янада катта иқтисодий зарарлардан сақлайди. Албатта, бу иқтисодда бир кундаёқ сезилмайди, лекин «омон-омон даврлар бошлангач», карантин чоралари самара бера бошлайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўлим сони кўп бўлса, аввало иқтисоднинг асосий омили бўлган ишчи кучи — фуқароларнинг сони камаяди, қолганларининг ҳам кайфияти тушиб кетиб, ишчанликка таъсир қилади.

Карантин вақтида одамлар пулларини эҳтиёт қилишади ва фақат энг зарур нарсаларни сотиб олишади. Мебель, машина сотиб олиш, концертларга бориш, денгиз соҳилига бориб дам олиш каби нарсалар иккинчи даражали бўлиб қолади. Карантин тугагач эса буларга эҳтиёж шунчалик узоқ вақт юқори бўлиб турадики, ўша соҳалар жуда яхши иқтисодий кўрсаткичларга эга бўлишади.

Тўғрида, 2-3 ойлаб уйда ўтирганлар хумори тутиб ресторанлардан чиқмай қолади, машина шайдолари босиб-босиб янги автомобиль сотиб олади, саёҳатни соғинганлар аэропортларга шошади. Бир неча йилда бу соҳалар карантиндаги қийинчиликларни кўрмагандай бўлиб кетади.

Ҳозир коронавирус зарарининг аниқ миқдори ҳақида айтиб бўлмайди, чунки у энди чўққисига чиқиб бораётган бўлиши мумкин. Масалан, 1918 йил «испанка» АҚШда ишлаб чиқариш ҳажмининг 18 фоиз камайишига олиб келган. Америкалик олимларнинг айтишича, агар карантин бўлмаганида, ўшанда ҳаммаси янада ёмонроқ бўларди.

Коронавирус «испанка»дан камроқ зарар келтиришини тахмин қилиш мумкин. Ахир орадан, бутун бошли бир аср ўтди, тиббиёт, технологиялар ривожланди. Иқтисодиёт ҳам инқироздан чиқишнинг турли йўлларини таклиф қила бошлади. Шу боис, зарар максимал даражада кам бўлиши мумкин. Масалан, АҚШнинг ўзи аксилинқироз режаси учун 2,2 триллион доллар пул ажратди, Германия тадбиркорларга 500 миллиард евро кредит берди, бутун дунёда авиакомпанияларга ҳукуматлар томонидан ёрдам кўрсатилмоқда.

Юқорида бир неча бор такрорлаганимиз АҚШнинг обрўли иқтисодчилари амалга оширган суриштирув шундай якунланади: «Тайван, Сингапур каби тезда карантинга «ўтирган» мамлакатлар нафақат фуқароларини қутқариб қолишди, балки катта иқтисодий зарарнинг олдини олишди. Хулоса шуки, карантин чораларига асло иқтисодиётга зарар келтирадиган омил деб қарамаслик керак».
Манба: Kun.uz

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.