Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 июлдаги «Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан етакчи халқаро консалтинг компаниялари ва молиявий институтлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Улуғбек Хусанович САЙИДОВ билан бугунги интервьюмиз ушбу ҳужжат доирасида амалга оширилган ишлар, компанияни ривожлантириш режалари ва истиқболлари ҳақида борди.
– Улуғбек Хусанович, ўтган йил июль ойида давлатимиз раҳбари қарори билан «Ўзтрансгаз» АЖ «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибидан чиқарилди ва табиий газни кейинчалик ташиш, транзит ва экспорт қилиш учун ишлаб чиқарувчи ташкилотлардан харид қилиш ва магистрал газ қувурларига уланган мамлакат истеъмолчиларига сотиш бўйича операторга айланди. Бу қайта ташкил этиш компанияга қандай таъсир кўрсатди?
– Қарор асосида Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш учун замин яратилди. Ўзгариш миллий газ тармоғини халқаро молиявий ҳисоботлар, аудит ва бошқарув стандартларига мослаштиради. Бу эса магистрал газ қувурлари ва газ таъминоти тармоғини кенгайтириш, модернизация қилиш ишларини молиялаштириш учун халқаро ҳамкорлар ҳамда инвесторлардан капитал жалб қилиш қобилиятини оширади. Ушбу ҳужжат туфайли табиий газни қувурлар орқали истеъмолчиларга етказишдаги масъулият тақсимланди, яъни «Ўзтрансгаз» АЖ табиий ресурсни магистрал газ қувурларига (юқори босим) уланган, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ эса газни тақсимлаш тармоқларига (паст босим) уланган истеъмолчиларга сотади. Компаниянинг табиий ва суюлтирилган газни истеъмолчиларга ташиш ва сотиш бўйича фаолияти ҳудудий филиалларини «Ҳудудгазтаъминот» АЖга ўтказиш йўли билан мақбуллаштирилди.
Табиий газни узатиш йўналишлари бўйича Марказий Осиёда мухим ва оптимал географик нуқтада жойлашган «Ўзтрансгаз» АЖ табиий газни ташиш оператори бўлиб, (Шимол-Жануб ва Ғарб-Шарқ йўналишлари бўйлаб) экспорт фаолиятини ҳам амалга оширади. Бугунги кунда жамият томонидан Магистрал газ қувурлари объектлари, компрессор станциялари ва ер ости газ омборларини юқори техник даражада сақлаб туриш учун ушбу объектларни қуриш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва техник қайта жиҳозлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда, шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий хукумат молия ташкилотлари томонидан кредитлар жалб қилинмоқда.
Жамият ўз таркибидаги тузилмаларни ҳар томонлама баҳолаш жараёнини бошлади. Бундан мақсад кадр ресурсларининг номақбул ёки кутилмаган такрорланишини қисқартирган ҳолда автоном ва профессионалликнинг талаб қилинган даражасини таъминлашдан иборат.
Шунингдек, Осиё тараққиёт банки кўмагида компанияни узатиш тизими «оператори» (transmission system operator – TSO)га айлантириш орқали корпоратив трансформацияни амалга ошириш ҳам режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида компания функцияларига ўзгартиришлар киритилади ва «Ўзтрансгаз» АЖ газ ишлаб чиқарувчилардан маҳсулот оқимларини режалаштириш, назорат қилиш, мувофиқлаштириш, бошқариш ва интеграциялашган газ ташиш тизими орқали етказиб бериш пунктларигача кузатиш учун масъул (жавобгар) бўлади.
– Кўплаб ҳудудларда табиий газни максимал даражада истеъмол қилиш даврларида унинг тақчиллиги сезилиши ҳаммага маълум. «Ўзтрансгаз» АЖнинг ислоҳ қилиниши ортидан бу муаммо тўлиқ ҳал этилиши мумкинми?
– 2019 йилда табиий газнинг ички истеъмоли қарийб 38 миллиард кубометрни ташкил этди. Ўтган йилги маълумотларга кўра газ истеъмолининг асосий қисми электр энергияси ишлаб чиқаришга, аҳоли ҳамда бошқа стратегик объектлар ва истеъмолчилар улушига тўғри келади. Табиий газни истеъмолчиларга етказиб бериш ҳажми жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 11 майда тасдиқланган баланс прогноз кўрсаткичларида белгиланган. Бу бутун мамлакат бўйлаб 40 миллиард кубометрдан ортиқ табиий газ бўлиб, 2019 йилга нисбатан 2 миллиард кубометрга кўпдир.