Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон – Мовароуннаҳр тожида бир жавҳар ўлароқ асрлар давомида илм-фан, тижорат ва маданиятнинг ўзаги бўлган. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқалар ва савдо-иқтисодий муносабатлар ўтмишда бино этилган кўнгил кўприклари узра юксалмоқда. Бу йўналишда, айниқса, охирги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари янада ижобий кўриниш касб этганини мамнуният ила кузатмоқдамиз. Сизга маълумки, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған 2016 йил 18 ноябрдаги Самарқанд зиёратида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашдилар. Ушбу учрашув ўзаро муносабатларимизда муаззам туртки бўлди.
Алоқаларимиз 2017 йилда стратегик шерикчилик даражасида юксалгач, Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши таъсис этилди. 2018 ва 2019 йилларда Ўзбекистон ила ўзаро савдомизда анча юксалиш кузатилди. Ҳозирги кунда Туркия Ўзбекистоннинг экспортида тўртинчи энг йирик шериги, импорт ҳажми бўйича эса бешинчи ўриндадир.
Туркиянинг Ўзбекистон ташқи савдосида муҳим ҳамкор эканидан мамнунмиз. Шу билан бирга Президентларимиз белгилаб берган ташқи савдодаги 5 миллиард долларлик мақсад йўлида ўзаро муносабатлар янада жадаллашиши керак. Бу борада тегишли вазирликларимиз ғайрат ила давом эттираётган Имтиёзли савдо шартномасига доир ишларнинг ҳажмини ошириб, тезкорлик билан натижага эришиш устивор мақсадимиздир. Имтиёзли савдо шартномасининг келажакда янада кўпроқ ҳамкорликларга сабаб бўлишига ишонаман. Шунингдек, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2018 йил 30 апрелда Ўзбекистонга ташрифи давомида келишувга эришилганидек, «Туркэксимбанк»нинг Ўзбекистонга ажратган кредитларнинг ўзлаштирила бошланганини кузатмоқдамиз ва бундан жуда мамнунмиз. Умумий савдо ва инвестиция лойиҳалари учун берилган ҳамда 350 миллион доллар ҳажмга эга бу манбанинг бизнес оламининг қадрли вакиллари томонидан самарали шаклда истифода этилишига тўла ишонамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19-20 февраль кунлари мамлакатимизга амалга оширган ташрифлари ҳам ўта юқори даражада кечди. Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи мажлисида қабул қилинган қарорлар ва муҳтарам Президентларимизнинг Туркия Президенти Девони қошидаги Халқ кутубхонаси очилишида биргаликдаги иштироклари бугунги кундаги муносабатларимизнинг даражасини кўрсатиб турибди.
Ўзбекистон – Туркиянинг минтақада энг кўп сармоя киритган давлатлардан бири. Ўзбекистондаги инвестиция кўрсаткичи учинчи давлатлар воситасида амалга оширилганларини ҳам бирга қўшиб ҳисоблаганда, 1 миллиард долларга етади.
Бугунги пандемия шароитида ўзаро иқтисодий муносабатларимизни қўллаш учун учун кўпроқ ишлашимиз зарур. Фурсатдан фойдаланиб, турк ишбилармонларини яна бир бор Ўзбекистондаги инвестиция фурсатларини истифода этишга ва ўзбек фирмалари билан янги шериклик нуқталарини ташкил қилишга чақираман. Худди шунингдек, ўзбек фирмаларига ҳам хитоб этаман: мамлакатингиздаги савдо ва ўзаро инвестиция фурсатларидан фойдаланинг, барчамиз биргаликда ғалаба қозонайлик.
Фуат ЎҚТОЙ, Туркия Республикаси вице-президенти