Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Сув – кимёвий формуласи бўйича жуда содда, рангсиз, таъмсиз мўъжизавий модда бўлиш билан бирга, ижтимоий ва иқтисодий фаровонликни белгилаб берувчи табиий ресурсдир. Айнан шунинг учун дунё ҳамжамиятидан бугунги ортиб бораётган демографик ва иқлимий юкламалар шароитида сув ресурсларига ҳаёт-мамот масаласи сифатида қараши талаб этилмоқда.
Дунёдаги мавжуд чекланган чучук сув ресурслари – уларнинг тақчиллиги ортиши ва сифати ёмонлашиб бориши билан ҳам характерланади. Ҳозирда Ер юзида чучук сув тақчиллиги аллақачон жиддий глобал муаммога айланиб улгурди ва оқибатда бу табиий муҳит ҳолатининг ёмонлашуви, тирикчилик учун зарур воситаларнинг камайиши ва аҳоли касалланиши ҳолатлари ортишига сабаб бўлмоқда. БМТ маълумотига кўра сув тақчиллигидан дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларида истиқомат қилувчи 2 миллиарддан ортиқ киши азият чекаётир.
Моҳиятан қараганда сув ресурсларини барқарор бошқариш ва улардан самарали фойдаланиш заруриятининг асосий сабаблари илмий-техник тараққиёт, халқ хўжалиги тармоқларининг интенсив ривожланиши, озиқ-овқат муаммоси ва сувдан фойдаланишдаги хатолар билан боғлиқ.
Ўзбекистон 2007 йилда БМТнинг трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўллардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги (Европа иқтисодий комиссияси томонидан 1992 йилда қабул қилинган ва халқаро мақомга эга бўлган) ҳамда Трансчегарвий сув оқимларидан нонавигацион мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги (1997 йил) конвенцияларига аъзо бўлди. Мазкур қадам билан мамлакатимиз ўзининг халқаро сув қонунчилиги тамойиллари минтақадаги сув муаммоларини ҳал этишда муҳим механизм эканлигига ишончини билдирди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТнинг 72 Бош Ассамблеясидаги нутқида умумий сув ресурслари муаммоси Марказий Осиё хавфсизлиги ва барқарорлиги учун асосий муаммо эканлигини таъкидлаб, «Ўзбекистон конструктив ўзаро ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни ривожлантириш тарафдори. Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан барча масалаларда истисносиз оқилона муросага келишга тайёрмиз», деб баёнот берди. Бунда минтақадаги умумий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масалаларининг оқилона ечими Ўзбекистон ташқи сиёсатида устувор йўналишлардан бири бўлиши шубҳасиз, албатта.
Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда сўнгги йилларда сув хўжалиги соҳасида ҳам халқаро тамойилларга мувофиқ равишда ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани, дунёда тез ўзгариб бораётган табиий-экологик, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар шароитида айни соҳани тартибга солувчи миллий қонунчилик асослари такомиллаштирилаётгани қувонарли. Жумладан, 1993 йилда қабул қилинган ва унга 1997-2017 йиллар оралиғида кўп сонли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган «Ўзбекистон Республикаси сув ва сувдан фойдаланиш қонуни» сув хўжалиги соҳасининг изчил ривожида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Қонунчиликка кўра мамлакатда сувдан фойдаланиш соҳасида бошқарув Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари ҳамда махсус ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади. Улар:
● Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (ер усти сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш);
● Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси (ер ости сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш);
● Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси (термал ва минерал сувлардан фойдаланиш);
● Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Гидрометерология хизмати маркази (сув ресурслари мониторинги ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича миллий дастур мониторинги);
● Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (ичимлик сув таъминоти ва санитария, миллий сув балансини умумлаштириш);
● Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (атроф-муҳит мониторинги ва сув ресурслари муҳофазаси, Барқарор тараққиёт – 2030 мақсадларига эришиш бўйича миллий мувофиқлаштирувчи);
● Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (мамлакат иқтисодиётининг, хусусан, сув хўжалигининг ҳуқуқий таъминоти, республика фуқароларининг сифатли сув хўжалиги хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи муҳофазаси, халқаро парламентлараро ҳамкорлик).
2020 йилнинг 10 июлида давлатимиз раҳбари фармони билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. Концепцияда Ўзбекистон Республикасида сув хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра белгиланган даврда қуйидагиларга алоҳида урғу берилади:
● сув хўжалигининг ҳуқуқий асослари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини такомиллаштириш;
● сув хўжалигини давлат томонидан бошқариш тизимини такомиллаштириш;
● сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш;
● сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва энергия самарадор технологияларини кенг жорий этиш;
● замонавий сув тежовчи суғориш технологияларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш;
● суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш;
● сув хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш;
● соҳада илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш;
● барча ер усти, ер ости ва қайтар сувларни интеграллашган ҳолда бошқариш тамойилларини кенг жорий қилиш ва бошқалар.
Ўктам УМУРЗАКОВ,
ТИКХММИ ректори, и.ф.д., профессор;
Абдухаким САЛОХИДДИНОВ,
ТИКХММИ проректори, т.ф.д., профессор